Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда  маҳалла фаолларининг ролини ошириш — давр талаби
  • 22 Ноябрь 2017

Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда  маҳалла фаолларининг ролини ошириш — давр талаби

Бугунги глобаллашув даврида, айниқса, турли таҳдидлар, “оммавий маданият”, диний экстремизм каби хатарли иллатлар кучаяётган бир шароитда тинчлик-осойишталикни сақлаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, шунингдек, фуқаролар тафаккурида “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак!” деган туйғуни шакллантиришда маҳалла муҳим ўрин тутади.

Шу боис мазкур институтни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида жамоат тартиби ҳамда хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтиришда унинг иштирокини кенгайтириш билан боғлиқ қатор вазифалар назарда тутилган.

Президентимизнинг жорий йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали амалга оширишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, ижтимоий ҳамда давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда давлат органлари ўртасида изчил ҳамкорликни йўлга қўйишда дастуриламал бўлмоқда.

Шулар асосида маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга ҳамда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни изчил амалга оширишда фуқаролар йиғинлари ва улардаги жамоатчилик тузилмалари ишини жонлантириш, тизим фаолларининг жойлардаги давлат органлари, аввало, профилактика инспекторлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилнинг 13 — 18 ноябрь кунлари республикамизда “Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш механизмлари” мавзуида ўқув-семинарлар -ўтказилди.

Уларда туманлар ҳамда шаҳарлар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар ҳамда хотин-қизлар бўйича ўринбосарлари, ички ишлар бўлимлари мутасаддилари, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, маҳаллалар кенгашлари ижро аппаратлари ходимлари, фуқаролар йиғинлари раислари, маҳалла маслаҳатчилари, профилактика инспекторлари ҳамда “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмалари раҳбарлари қатнашди.

Тадбирларда маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларни содир этишга имкон берувчи шарт-шароитни ўрганишга доир вазифалар ижросини таъминлаш Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашларнинг долзарб вазифаларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланди.

Жумладан, Бухоро шаҳрида ўтказилган ўқув-семинарда оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни тизимли ўрганиш, ёшлар тарбияси ҳамда уларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилишда маҳалла фаолларининг иштирокини кенгайтириш бўйича зарур тавсиялар берилди. Қатнашчилар бу борадаги илғор иш тажрибалари билан танишиш имконига ҳам эга бўлдилар.

— Ҳуқуқбузарлик ёки жиноятнинг оқибатини бартараф этишдан кўра, унинг олдини олиш бутун жамият учун фойдалидир, — дейди тадбир иштирокчиси, “Биҳиштиён” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодир Тўраев. — Биз ана шу вазифадан келиб чиққан ҳолда, “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” мақолини ўзимизга дастуриламал қилиб олдик. “Ўз болангни ўзинг асра!” деган эзгу даъват эса ҳудудимизда яшовчи ҳар бир ота-она онгидан чуқур жой эгалламоқда. Шу ўринда самарали фаолият кўрсатишимиз учун маҳалламизда барча қулайлик яратиб берилганлигини айтиш зарур. Яқинда янги замонавий бинога кўчиб ўтдик. Бу ерда маҳалла посбони, профилактика инспектори, йиғин ходимлари хоналари, маънавий-маърифий тадбирларга мўлжалланган заллар мавжуд. Ўқув-семинар давомида эса фаолиятимизни янада жонлантириш билан боғлиқ зарур тавсиялар ва илғор тажрибаларни ўзлаштирдик.

Нукус шаҳрида бўлиб ўтган семинарда ушбу масалалар баробарида, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни тизимли ўрганиш, ёшларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоялашда маҳаллалар иштирокини кенгайтириш, уларнинг давлат ҳамда нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга алоҳида урғу қаратилди. Шу мақсадда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман ва шаҳар кенгашлари раислари биринчи ўринбосарлари, ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарларига мазкур йўналишдаги вазифалар моҳияти тушунтирилди.

— “Қайноналар кенгаши”, фуқаролар йиғинларининг яраштириш ҳамда хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссиялари зиммасига нотинч, ноқобил оилалар, ажралиш учун ариза берганлар, жиноят содир қилган хотин-қизларни маънавий соғломлаштириш вазифалари юклатилган, — дейди Қўнғирот туманидаги “Қорақалпоғистон” шаҳарча -фуқаролар йиғини раиси Қутли Қошимбетова. — Бу йўналишдаги тадбирларни ўтказишда фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси масъулдир. Айтиш жоизки, тадбир давомида бу борадаги билимларимизни янада мустаҳкамлаб олдик.

Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида уюштирилган ана шундай ўқув-семинарда таъкидланганидек, оилалардаги муҳитни соғломлаштириш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида уларга жамоатчилик тузилмалари бириктирилади. Масалан, “Нуронийлар жамоатчилик кенгаши” зиммасига жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликлар содир этган оилалар, ҳисобда турган вояга етмаганлар профилактикаси юклатилса, ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссиялар кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар, якка-ёлғиз ва ногиронлар билан ишлайди. Бандлиги таъминланмаган фуқаролар, уй-жойга муҳтожлар ҳамда уюшмаган ёшлар билан маҳалла раиси ҳамда унинг ёшлар бўйича ўринбосари ва йиғин қошидаги вояга етмаганлар, ёшлар ҳамда спорт масалалари бўйича комиссия раиси мунтазам шуғулланади.

— Маҳалламиз ҳудудида 3049 нафар аҳоли истиқомат қилади, — деди Ангор туманидаги “Юқори Талимарон” маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатувчи профилактика инспектори, лейтенант Шерали Хўжақулов. — Олиб борилаётган профилактик тадбирлар туфайли, мана, икки йилдирки, ҳудудимизда бирор маротаба ҳуқуқбузарлик рўй бермади. Бу, албатта, хонадонма-хонадон юриб, аҳоли билан ўтказилаётган бевосита мулоқотлар, уюшмаган ёшларни фойдали меҳнат ва жамоат тадбирларига жалб этиш ҳамда мунтазам ўтказилаётган маданий-маърифий ва спорт тадбирлари самарасидир. Ўқув-семинарда фаолиятимиздаги ана шундай ютуқлар билан ўртоқлашиш баробарида, ишимизни янада -яхшилашга хизмат қилувчи ибратли тажрибаларни ҳам ўргандик.

Жойларда интерфаол услубларда ўтказилган ўқув-семинарлар ўзига хос тажриба алмашиш мактаби вазифасини ҳам ўтади. Қолаверса, ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олишга йўналтирилган аниқ мавзудаги маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этишга маҳаллалардаги кўчабошилар ҳамда кенг жамоатчиликни жалб қилиш муҳим эканлиги таъкидланди. Айни чоғда бундай тадбирларга етук мутахассислар, ёзувчилар, шоирлар, олимлар, санъаткорлар, ёш қаламкашлар, ибратли оилалар вакиллари, спортчиларни жалб этиш уларнинг таъсирчанлигини оширади.

Бундай ўқув-семинарларни мазкур ҳафта мобайнида республикамиздаги барча маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказиш режалаштирилган.

«Халқ сўзи» мухбирлари

материаллари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn