Ҳаётимизнинг гўзал саҳифаси
  • 21 Ноябрь 2017

Ҳаётимизнинг гўзал саҳифаси

Бугун Тошкент шаҳри том маънода улкан бунёдкорлик майдонига айланди. Аҳоли турмуш фаровонлиги йўлида барпо этилаётган тураржойлар, корхоналар, спорт иншоотларию метронинг янги линиялари дейсизми, кўприкларми, буларнинг барчаси қалбимизга чексиз ғурур ва ифтихор туйғуларини бағишлайди. Сергели туманида қуриб битказилган янги уй-жойлар ҳам халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини яққол намоён қилди.

Президентимиз ушбу тураржойлар, ижтимоий соҳа объектлари билан танишар экан, аввало, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун барча кучни сафарбар этиш — инсонпарварликнинг энг олий намунаси эканини қайд этди. Бу ерда яратилган қулайликлардан Тошкент шаҳри аҳолиси, айниқса, янги уй соҳиблари, ижтимоий соҳа объектлари ходимларининг қувончи чексиз.

Умида ТОЛИПОВА,

уй бекаси:

— Шу пайтгача ижарама-ижара юриб, очиғи, ҳаловат нималигини билмагандик. Шукрки, у кунлар ортда қолди. Энди ўз уйимиз бор. Қаранг, мана бу ерда боғча, болалар майдончаси, сал нарида сузиш ҳавзаси, поликлиника... Ҳар бир йўлакда темир эшик ҳамда замонавий лифтлар, хонадонларда эса сўнгги русумдаги газ плита, эшик ва ромлар, ванна, иситиш радиаторлари, қисқаси, бир оила учун нимаики зарур бўлса, барчаси муҳайё.

Шундай шароитлар яратиб берилса, ким ҳам хурсанд бўлмайди, дейсиз?! Яна арзон нархларда, узоқ йилларга мўлжалланган ипотека кредити асосида! Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан, қурувчиларимиздан жуда миннатдормиз. Ўзим шифокор бўлганим боис уйимиз ёнидаги 61-оилавий поликлиникага ишга кирмоқчиман.

Музаффар АҲМЕДОВ,

55-умумтаълим мактаби директори:

— Туманда қисқа фурсатларда ҳавас қилса арзигулик шундай гўзал бир маскан пайдо бўлдики, бундан барча хурсанд. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан уй эгалари, айниқса, уларнинг фарзандлари келажаги инобатга олиниб, шу ҳудуднинг ўзида кўплаб ижтимоий соҳа объектлари ҳам фойдаланишга топширилди.

Замонавий талаблар асосида қурилган таълим муассасамизда ўқитувчилар учун ҳам, ўқувчилар учун ҳам барча қулайликлар яратилган. Хоналари кенг ва ёруғ. Ўқув-лаборатория ускуналари, спорт зали ва стадион фарзандларимизнинг ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб тарбияланишида муҳим ўрин тутади.

Озода ўУЛОМОВА,

пенсионер:

— Илгари бундай замонавий уйга эга бўлишни фақат орзу қилардик. Бугун ана шу ниятларимиз рўёбга чиқаяпти. Юртбошимиз ташаббуси билан уй-жойга эҳтиёжи бор фуқароларга кўркам, шинам, энг муҳими, арзон бошпана берилаяпти. Бундай ғамхўрликдан кўпчилик қаторида биз ҳам миннатдормиз.

Қизим Шоира Миртожиева фарзанди билан салкам 10 йилдан буён ижарама-ижара яшади. Айни пайтда янги уйга кўчиб келиб, биргаликда истиқомат қилаяпмиз. Барча шароитга эга уйда яшашнинг ўзи бир бахт экан. Бу кунлар ҳаётимизнинг энг гўзал саҳифаларидан бири бўлиб ёдимизда қолади. Бугун бундан фахрланиб, қувониб уй тўйини нишонлаяпмиз. Бунинг учун давлатимизга, Президентимизга раҳмат!

«Халқ сўзи» мухбири

Раҳим ШЕРҚУЛОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn