Наманганда харидорларга чек бермаётган сотувчилар аниқланди
  • 20 Ноябрь 2017

Наманганда харидорларга чек бермаётган сотувчилар аниқланди

Наманган вилояти давлат солиқ органлари томонидан ўтган ҳафтада ўтказилган 46 та текшириш чоғида қатор қоидабузарликлар аниқланди. 

Жумладан, фуқаролар мурожаатлари асосида уюштирилган назорат тадбирида Наманган шаҳрида фаолият кўрсатиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор Ҳ. Валижоновга қарашли савдо шахобчасида сотувчи харидни амалга оширган шахсга назорат-касса машинасининг чекини бермади. Боз устига, дўкон банк тўлов терминали билан жиҳозланмаган экан. 

Уйчилик тадбиркор М. Абдулазизов ҳам ўз савдо нуқтасида 75 минг сўмлик харид қилган фуқарога чек беришни “унутган”. 

Афтидан, бундай қоидабузарлик сотувчига одат бўлиб қолган чоғи. Бўлмаса, у кунлик савдодан тушган 180 минг сўм нақд пулни назорат-касса машинасига кирим қилмай қолдирармиди?

Назорат-касса машинасини қўлламасдан товарлар сотиш ва хизмат кўрсатиш, тушумларни банк кассаларига топширмасдан яшириш, ҳисоб-китоб терминалидан фойдаланиш тартибини бузиш, ҳужжатсиз товарларни ноқонуний савдога чиқариш билан боғлиқ бундай ҳолатларга йўл қўйган фуқароларга нисбатан белгиланган тартибда далолатномалар расмийлаштириб, тегишли чоралар қўлланилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn