“Амалиёт эътирофи — 2017” ёш журналист кадрлар рағбатлантирилди
  • 20 Ноябрь 2017

“Амалиёт эътирофи — 2017” ёш журналист кадрлар рағбатлантирилди

 Мамлакатимизда журналист кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ёш журналистларнинг нафақат назарий, балки амалий кўникмаларини шакллантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари ҳамда таълим муассасалари ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораяпти. Бу бўлажак мутахассисларга матбуот, радио, телевидение ва интернет-журналистика фаолияти билан яқиндан танишиш, иш жараёнини ўрганиш имконини бермоқда.

Хорижий тилларни пухта биладиган журналист кадрларни тайёрлашда эса Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетининг алоҳида ўрни бор. Ушбу факультет талабалари учун ўқув йили давомида амалиёт ўташ тартиби йўлга қўйилган. Ҳар йили ёзги амалиёт натижалари сарҳисоб қилиниб, энг намунали ишларни “17 ноябрь — Халқаро талабалар куни” арафасида рағбатлантириш ўзига хос анъанага айланган. “Амалиёт эътирофи — 2017” анжумани ҳам кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Амалиёт якуни бўйича ўтказилган танловга 50дан зиёд талабадан 600 га яқин журналистик материал тақдим этилди. Иштирокчилар орасидан матбуот, радио, телевидение, интернет, спорт журналистикаси, журналистика соҳасига оид илмий изланиш каби асосий йўналишлар ҳамда журналистик жанрлар бўйича яна 17 та қўшимча номинация бўйича ғолиблар саралаб олинди. Улар диплом, рамзий статуэтка ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. 

Бундан ташқари, етакчи оммавий ахборот воситалари ҳам ўз номинациялари билан қатнашди. Хусусан, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти жамоаси Халқаро журналистика факультети талабаларидан бир гуруҳини “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти ижодий жараёнларини ўрганишдаги фаол иштироки учун” номинацияси бўйича эсдалик совғалари билан рағбатлантирди.

Тадбирда, шунингдек, бўлажак мутахассисларга маҳорат мактаби ҳамда амалиёт жараёнини ташкиллаштирган таҳририятлар ҳам эътироф этилди. “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти “Амалиётни энг яхши ташкил этган таҳририят”, деб топилди.

— Таҳририятимизда бир неча ойдан буён ёш журналистлар учун “Маҳорат дарслари” сабоқлар олиб борилмоқда, — дейди “Халқ сўзи” газетасининг адабий котиби Шавкат Ортиқов. — Иштирокчиларга турли йўналишларда материаллар тайёрлаш маҳорати тажрибали журналистлар, ижодкорлар томонидан ўргатилаяпти. Қолаверса, ёш мутахассисларнинг бевосита таҳририят иш жараёни билан яқиндан танишишларига барча шароит яратиб берилаётир. Булар ўзининг ижобий самараларини беради, деган умиддамиз.

Анжуманда малакали журналист кадрлар тайёрлаш жараёнларини кучайтиришга доир таклиф, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Дилшодабону АВВАЛБОЕВА, 

ЎзДЖТУ талабаси

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn