Ўзбекистон — Корея Республикаси: Икки томонлама муносабатлар тараққиётида янги босқич
  • 18 Ноябрь 2017

Ўзбекистон — Корея Республикаси: Икки томонлама муносабатлар тараққиётида янги босқич

Ўзбекистон — Корея Республикаси муносабатлари мамлакатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён 25 йил давомида шаклланган дўстлик, ўзаро -тушуниш ҳамда ҳурмат тамойиллари асосида ривожланиб бормоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Корея Республикаси халқларини асрлар давомида қарор топган қадимий дўстлик ришталари боғлаб туради. Бунинг тарихий илдизлари бор. Чунончи, бугунги замонавий Самарқанд ҳудудида жойлашган кўҳна Афросиёб шаҳри деворларида VII асрда Кореянинг Когурё сулоласи элчилари ташрифи акс этган суратлар сақланиб қолган.

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея муносабатлари турли соҳаларга оид 150 дан ортиқ шартнома ва битимлар негизида изчил тараққий топиб бормоқда.

Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация (2006 йил), Стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларация (2014 йил) сингари муҳим ҳужжатлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш имконини берди.

Стратегик шерикликнинг бугунги натижаларига олий даражада икки томонлама мулоқотлар жадал олиб борилгани сабабли эришилди, десак, янглишмаймиз. Дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан бери мамлакатларимиз ўртасида 14 марта давлат раҳбарлари даражасида учрашув бўлиб ўтди. Сўнгги йилларда ушбу мулоқот янада фаоллашгани кўзга яққол ташланмоқда. Жумладан, шу йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Хван Гё Ан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан телефон орқали мулоқот ўтказди, табрик мактублари алмашишди. Томонлар Ўзбекистон — Жанубий Корея ҳамкорлигининг истиқболлари ҳақида фикр юритаркан, ўзаро манфаатларга хизмат қиладиган соҳаларда биргаликдаги лойиҳаларни кенгайтириш зарурлигини қатъий билдиришди.

Шу йилнинг май ойида Ўзбекистон раҳбари Корея Республикаси Президенти сайловида ғалаба қозонган Мун Чжэ Инга йўллаган мактубида икки мамлакат ўртасида дўстлик алоқаларини ҳамда иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларида ва гуманитар -соҳада ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигини яна бир марта тасдиқлади.

Жорий йилнинг 3 июль куни Ўзбекистон Президенти Корея Республикаси Президенти махсус вакили, Сеул шаҳри мэри Пак Вон Сунни қабул қилди. У Президентимизга Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг ушбу мамлакатга жорий йил давомида давлат ташрифи билан бориш таклифини топширди. Замонавий технологияларни кенг қўллаш асосида шаҳарни бошқариш, транспорт тизими ҳамда уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш бўйича самарали тизимни ташкил этиш соҳасида Жанубий Кореянинг илғор тажрибасидан фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

26 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Сэ Гюн билан икки мамлакат ҳамкорлиги истиқболларини муҳокама қилди. Жанубий Корея Ўзбекистоннинг муҳим ва ишончли ҳамкорларидан бири экани алоҳида қайд этилди. Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда саноатни диверсификациялаш ҳамда инфратузилмани модернизациялаш бўйича устувор дастурларни амалга оширишда Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари ва банклари билан самарали ҳамкорлик қилиб келинаётганини айтиб ўтди.

Мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий алоқалар жадал суръатларда ривожланмоқда, конструктив ҳамда ўзаро манфаатли сиёсий мулоқот тобора фаоллашмоқда. Корея Республикаси юртимизда саноат ва инфратузилмани диверсификациялаш ҳамда модернизациялаш бўйича устувор дастурларни амалга ошириш соҳасида етакчи технологик шерик саналади.

Умуман олганда, Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг ишончли шериклик муносабатлари тенг ҳуқуқлилик ҳамда кўп қиррали ҳамкорлик асосида узоқ истиқболли хусусият касб этган. Уларни қатор йўналишларда алоҳида кўрсатиб ўтиш мумкин.

Биринчидан, Ўзбекистон ва Корея Республикаси сиёсий муносабатлари халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаш руҳида давом этаяпти. Томонларнинг глобал ҳамда минтақавий аҳамиятга эга масалалар бўйича ёндашувлари ўхшашлиги ёки яқинлиги билан эътиборлидир. Хусусан, БМТ Бош Ассамблеяси доирасида ташаббус ва резолюцияларни, БМТ турли органларига номзодларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Осиёдаги минтақавий тузилмалар доирасида ҳамкорлик алоқалари муваффақиятли амалга оширилаяпти.

Бугунги кунда ҳукуматлар, вазирлик, идора, молия, банк институтлари ва бизнес тузилмалари ўртасида мустаҳкам муносабатлар тобора кенгайиб бормоқда. Парламентлараро алоқалар ривожланаяпти, ташқи ишлар вазирликлари маслаҳатлашувлари доимий равишда ўтказилаётир. “Корея Республикаси — Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми самарали иш олиб бормоқда. Жорий йилнинг июль ойида Жанубий Корея ҳукумати томонидан махсус тузилма — Корея Республикаси — Марказий Осиё ҳамкорлик форуми котибияти тузилди.

Жанубий кореялик мутахассислар фикрича, котибият Жанубий Кореянинг Марказий Осиё давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорлик йўналишларини ишлаб чиқишда муҳим роль ўйнайди. Ушбу ташаббус икки мамлакат -давлат органлари ўртасидаги алоқаларни янада тараққий топтириш, кореялик ишбилармонларни кенг жалб қилиш ҳамда бизнес ҳамкорликни фаоллаштириш йўлида янги имкониятларни очади.

Иккинчидан, мамлакатларимиз иқтисодий ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораяпти. Корея Республикаси Осиё — Тинч океани минтақасида Ўзбекистоннинг етакчи савдо-иқтисодий ва инвестициявий шериги ҳисобланади. Ушбу мамлакат товар айирбошлаш ҳажми бўйича Россия, Хитой ҳамда Қозоғистондан сўнг тўртинчи ўринда туради. Ўтган йигирма йил давомида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 500 мартадан зиёд кўпайди. 2016 йил якунларига кўра, мазкур кўрсаткич 1,05 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Жанубий Кореянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмасида Ўзбекистон улуши қарийб 50 фоизни ташкил қилади.

Мутахассислар фикрича, айни пайтда ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мавжуд имконият ва салоҳият тўлиқ ишга солинмаган. Яқин йилларда ушбу кўрсаткичларни ошириш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилаяпти.

Бугунги кунда Тошкент расмий Сеулнинг инвестиция ҳамкорлари рўйхатида етакчи ўринлардан бирини эгаллаган. Корея Республикасининг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилган инвестициялари ҳажми 7 миллиард АҚШ долларидан ошди. Республикамизда мазкур мамлакат капитали иштирокида 461 корхона фаолият юритади. Улардан 386 таси қўшма корхона бўлса, 75 таси 100 фоиз корейс капитали эвазига ташкил қилинган. Бу корхоналар нефть-газ, нефть-кимё ва кимё, қазиш, машинасозлик, электротехника ҳамда тўқимачилик соҳаларида, ахборот-коммуникация технологиялари, транспорт ва логистика ҳамда туризм йўналишларида муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.

Юртимизда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамда Корея экспорт-импорт банки билан шерикликда йирик лойиҳалар амалга оширилаяпти. Жанубий кореялик тадбиркорларнинг мамлакатимизда муваффақиятли бизнес юритаётгани мазкур давлатнинг дунёга машҳур компанияларини жалб этишга ундамоқда. “Samsung”, “LG” сингари йирик корпорациялар республикамизга фақатгина ўз маҳсулотларини етказиб бермасдан, қўшма корхоналар ташкил қилмоқда. Масалан, “Samsung” “Artel” компанияси билан маиший техника воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.

Энергетика соҳасидаги алоқалар ҳам эътиборга молик. 2016 йилда Жанубий Кореянинг фаол инвестицияси ва мутахассислари иштирокида Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуаси барпо этилиши якунланди. Ушбу йирик лойиҳа мамлакатларимиз савдо-иқтисодий ҳамда сармоявий ҳамкорлигининг ёрқин намунасидир. Мазкур мегалойиҳага 4 миллиард АҚШ долларига яқин маблағ йўналтирилди.

Унинг қурилиши якунланиши ва ишга туширилишига бағишланган маросим муносабати билан Корея Республикаси Бош вазири Хван Гё Ан Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. У Ўзбекистонда Корея Республикаси компаниялари томонидан -амалга оширилган йирик лойиҳалар давлатларимиз ўртасидаги дўстлик ҳамда ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликнинг ёрқин намунаси эканлигини таъкидлади. Ўзбекистон раҳбариятининг Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги лойиҳаларни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратаётгани томонларнинг ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга бўлган қатъий иродасидан далолатдир.

Шу билан бирга, ўзаро муносабатлар ривожида замонавий технологиялар ва “ақлли шаҳарлар” қурилишига устувор аҳамият бераяпти. Хусусан, жорий йилнинг 24 октябрь куни Жанубий Кореянинг Ер ресурслари, инфратузилмалар ҳамда транспорт вазири Ким Хён Ми бошчилигидаги “Korea Eximbank”, “Korea Expressway”, “Hyundai EngineeringCo. Ltd”, “POSCO Engineeringand Construction”, “HSnK Architects Group” сингари йирик компаниялар вакилларидан иборат делегация “Tashkent City” халқаро бизнес маркази лойиҳаси билан танишиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюрди. Улар ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга қизиқиш билдириб, юртимизда бизнес учун яратилган шарт-шароитлар, айниқса, валюта сиёсати либераллаштирилганини алоҳида айтиб ўтишди.

Учинчидан, Жанубий Корея дунёда ривожланган ва жозибали эркин иқтисодий зоналарга эга мамлакат ҳисобланади. Уларнинг сони ўттизтадан ошиқроқдир. Жанубий Корея ушбу соҳада катта тажрибага эга давлат сифатида Ўзбекистонда эркин иқтисодий зоналар ташкил қилиниши ҳамда ривожлантирилишига яқиндан кўмаклашаётир. Ана шундай ҳамкорликдаги лойиҳалардан бири “Навоий” эркин иқтисодий зонасидир. Унинг ҳудудида Жанубий Корея, ХХР, Италия, Сингапур, Ҳиндистон, БАА ва бошқа мамлакатлар иштирокида 20 та корхона фаолият юритаяпти. Бундан ташқари, 2008 йилдан бери “Korean Air” компанияси “Навоий” аэропорти орқали юк ташишларни амалга ошираяпти, шунингдек, аэропортда илғор технологиялар ҳамда самарали тизимли назоратни жорий этиб келмоқда. Аэропорт бир кунда 1 минг тоннагача юк ўтказиш қувватига эга. Юк терминалида 300 тоннагача юкни сақлаш, 20 та самолётга хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Ушбу авиахабдан Сеул, Милан, Брюссель, Париж, Нью-Деҳли, Истанбул, Ханой ва бошқа шаҳарларга ҳафтасига 29 та ҳаво қатнови амалга -оширилмоқда.

Жанубий Кореялик мутахассислар кўмагида Тошкентдаги аэропортнинг тўртинчи терминалини қуриш режалаштирилаяпти. Экспертларнинг билдиришича, истиқболда Тошкент ҳамда Навоий аэропортлари Инчеон аэропорти Осиё — Тинч океани минтақаси учун ёки Франкфурт аэропорти Европа иттифоқи учун муҳим бўлгани сингари Марказий Осиё минтақаси равнақида муносиб ўрин тутади. Мазкур аэропортлар Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг транспорт-логистика хабига айлантириши мумкин.

Тўртинчидан, халқларимиз ўртасида ўзаро англашувни чуқурлаштиришга хизмат қиладиган маданий-гуманитар алоқалар изчил кенгайиб бормоқда. 2016 йил октябрда Корея Республикасида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди. Юртимизда Корейс -маданияти ва санъати уйи қурилмоқда. МДҲда ягона бўлган ушбу лойиҳа мамлакатимиздаги корейс диаспорасига қаратилаётган юксак эътиборнинг яққол ифодасидир.

Давлатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқларимизни янада яқинлаштиришда кўп сонли корейс диаспораси муҳим роль ўйнайди. Ушбу миллат вакиллари МДҲда энг катта диаспора бўлиб (180 мингдан зиёд), сони жиҳатидан Хитой, Япония ҳамда Кореядан сўнг тўртинчи ўринда туради. Жорий йилда корейс халқи мамлакатимизда яшаётганининг 80 йиллиги кенг нишонланди. Республикамизда амалга оширилаётган миллатлараро сиёсат юртимиз кўп миллатли халқлари ўртасида тотувлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини кучайтираяпти.

Таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Юртимиз олий таълим муассасалари Корея Республикасининг 30 дан ортиқ илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Қатор таълим муассасаларида корейс тили ҳамда маданияти марказлари очилган. Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик ҳақида сўз юритиларкан, албатта, 2014 йилда Тошкент шаҳрида Инҳа университети очилганини алоҳида қайд этиш лозим. Ушбу олий таълим муассасаси халқаро стандартлар даражасида юқори малакали IT-мутахассислар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшаётган илк хорижий таълим муассасасидир. Бугунги кунда университетда 1 минг 78 нафар талаба ахборот технологиялари, инжиниринг ва логистика йўналишларида таҳсил олмоқда.

Бешинчидан, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашда илмий-тадқиқот ва таҳлил тузилмалари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш муҳим аҳамиятга эга. 2016 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги -Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти Жанубий Кореянинг Чэджу тинчлик институти билан ҳамкорликда икки кунлик семинар ўтказди. Унда Марказий Осиёда -хавфсизликни таъминлаш ҳамда барқарор тараққиётга эришишнинг долзарб масалалари ва икки мамлакат ҳамкорлигининг истиқболлари муҳокама қилинди. Шу йилнинг 26 — 29 сентябрь кунлари Корея Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги ички ҳамда ташқи сиёсати устувор йўналишларига бағишланган давра суҳбати уюштирилди.

Шу билан бирга, жадал ўзгариб бораётган глобал шароитда икки давлат учун истиқболли бўлган фармацевтика, косметика, меҳмонхона бизнеси, шаҳарларни бошқаришнинг замонавий тизимларини ривожлантириш сингари бошқа соҳаларда -ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Ўтган йили Жанубий Кореянинг фармацевтика компаниялари 18,6 миллиард долларлик кўрсаткич билан Осиёда учинчи ўринни эгаллади. Корея Республикаси 2020 йилга қадар дори воси-таларини ишлаб чиқариш ҳажмини 20,4 миллиард долларга чиқариш орқали дунёнинг етакчи еттита давлати сафига киришни режалаштираяпти. Ўзбекистон, ўз навбатида, фармацевтика соҳасига ихтисослаштирилган еттита эркин иқтисодий зонани ривожлантириш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг ушбу соҳадаги ҳамкорлиги амалий аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, Жанубий Кореяда косметика соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. Мамлакатимиз ҳамда минтақамизда мазкур турдаги маҳсулотларга катта эҳтиёж борлигини инобатга олсак, ушбу соҳада ҳамкорлик тобора долзарб бўлиб бораяпти. 

2017 йил май ойида “Навоий” эркин иқтисодий зонасида мамлакатимизда биринчи марта “CNP Dream” компанияси билан ҳамкорликда косметика маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган завод қурилди. Ҳозирги кунда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини Қозоғистон ва Қирғизистонга экспорт қилаётир, Тожикистон, Озарбайжон, Мўғулистондаги ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси ҳамда Корея Республикаси ўртасидаги самарали ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига чиқди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга бўлажак ташрифи икки томонлама муносабатларда муҳим босқич бўлади ва икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштириш ҳамда кенгайтиришга катта туртки беради, десак, асло янглишмаймиз.

Аббос БОБОХОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар

институти катта илмий ходими.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn