Жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда
  • 18 Ноябрь 2017

Жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда

Давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ва такомиллаштириш йўли билан жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш фуқароларнинг -конституциявий ҳуқуқларидан бири саналади.

Чунончи, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари зиммасига юклатилган вазифаларни қай даражада бажараётганлиги устидан назорат яна бошқа бир давлат органи эмас, балки айнан жамоатчилик томонидан олиб борилиши муҳим ўрин тутади. Шу маънода, Президентимиз таъкидлаганидек, халқ ҳокимиятининг энг муҳим пойдевори сифатида жамоатчилик назорати институтини кучайтириш бўйича мамлакатимиз Конституцияси 

32-моддасида, шунингдек, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бошқа ҳужжатларда муҳрлаб қўйилган талабларнинг ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юртимизда жамоатчилик назоратини такомиллаштириш, уни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар изчил олиб борилмоқда. Конституциямизда давлатнинг жамият олдидаги масъуллиги мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, Асосий Қонунимизнинг 2-моддасида “...Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, деб белгиланган. 19-моддасида эса Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳамда давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқ эканлиги ифодаланган.

Айтиш жоизки, 2014 йилда Конституциямизга киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар билан жамоатчилик назорати институтига конституциявий мақом берилди. Бу, ўз навбатида, давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширадиган турли фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга оид қонунчилик тизими шаклланишига замин яратди.

Шунингдек, миллий давлатчилик ва жамиятни демократлаштириш жараёни босқичма-босқич ривожланиши натижасида фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ортаётир. Айни чоғда бир қатор қонунларда тарқоқ ҳолда жойлашган жамоатчилик назоратига оид қоидаларни бир хиллаштириш ҳамда уларни ягона қонунга жамлаш эҳтиёжи мавжудлигини ҳам айтиш зарур. Ушбу қонунни қабул қилиш зарурати Президентимиз томонидан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳам ўз ифодасини топган.

Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда бошқа экспертлардан ташкил топган ишчи гуруҳи томонидан “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди.

Мазкур қонун лойиҳаси парламентга Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ташаббуси билан киритилди ҳамда қабул қилинди. Бугунги кунда эса уни такомиллаштириш жараёни давом этмоқда.

Хўш, лойиҳада нималарга эътибор берилмоқда? Аввало, жамоатчилик назоратини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари олиб боришлари мумкинлиги белгиланаяпти. Қолаверса, жамоатчилик назорати давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг фаолияти устидан олиб борилади. Яъни қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қарорлар ва давлат, тармоқ ҳамда ҳудудий ривожлантириш дастурларида жамоатчилик манфаатларини, уларнинг фикрини ҳисобга олиш, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатлари талаблари ижро этилишини таъминлаш, ўз зиммасига юклатилган социал ҳамда ижтимоий масалаларга дахлдор вазифалар ва функцияларни бажариш, давлат хизматлари кўрсатиш, ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битим, шартнома, лойиҳа ҳамда дастурларни бажариш бўйича -жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Жамоатчилик назорати давлат органларига мурожаат ва сўров юбориш, давлат органлари очиқ ҳайъат мажлисларида қатнашиш, жамоатчилик муҳокамаси, эшитуви, мониторинги, экспертизаси ҳамда бошқа шаклда бўлиши ҳам кўзда тутилмоқда. Масалан, жамоатчилик муҳокамасини олиб кўрайлик. У ижтимоий аҳамиятга молик масалалар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, давлат органларининг бошқа қарорларини -оммавий муҳокама қилишни англатади. Жамоатчилик муҳокамаси оммавий ҳамда очиқ ўтказилади. Муҳокама оммавий ахборот воситалари орқали ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ҳам ўтказилади. Унинг қатнашчилари муҳокамага киритилган масалалар бўйича ўз фикрини эркин билдиришлари ҳамда таклифлар киритишлари мумкин.

Умуман, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши фуқароларнинг давлат органлари устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокига доир конституциявий нормани рўёбга чиқариш механизмларини белгилаши билан бирга, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг ҳаётга татбиқ этилишини таъминлашга хизмат қилади.

Жаҳонгир ШИРИНОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn