Истиқлолимиз ва истиқболимиз тимсоли
  • 18 Ноябрь 2017

Истиқлолимиз ва истиқболимиз тимсоли

Армияга чақирилган ўғлонларимизнинг ҳарбий қасамёд маросимини кузатганмисиз? Муваффақияти шарафига мадҳия садолари остида баландга кўтарилаётган байроғимизга боқиб, кўзларига ёш олган спортчиларимизни-чи? Мактабга илк бор қадам қўяётган жажжи болажонларнинг байроқчани ҳилпиратиб, севинчдан орзиқишини-чи? Бундай -паллаларда қалб жунбушга келиб, шу юрт, шу муқаддас замин фарзанди эканингиздан -тўлқинланиб кетасиз. Давлат байроғи Ватан, тинчлик, ғурур-ифтихор, истиқлолимиз ва истиқболимиз рамзи эканини чуқур ҳис қиласиз...

1992 йил 2 март куни Ўзбекистон мустақил давлат сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлиб, байроғимиз унинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳи олдида ҳилпирай бошлаганида барча юртдошларимиз кўнглида ана шундай туйғулар тўлиб-тошди.

Дарҳақиқат, юртимизда байроқ қадим-қадимдан истиқлол, ҳуррият ҳамда ғурур-ифтихор тимсоли бўлиб келган. Боболаримиз ҳамиша Ватан байроғини сарбаланд этиш йўлида курашган.

Амир Темур салтанатида жангу жадалларда давлат туғини қўшиндаги энг ишончли баҳодир сипоҳийлар қўриқлаган, ғаним устидан ғалаба қозонилганида, алоҳида шижоат ва мардлик кўрсатган амирлару сипоҳийларга махсус туғ ҳадя қилинган.

1991 йил 18 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Шу кундан эътиборан миллий байроғимиз давлатимиз суверенитети рамзига, истиқлолимиз ҳамда истиқболимиз тимсолига айланди.

— Байроғимиз биз, спортчиларга ҳамиша кўтаринки руҳ, қўшимча куч ва ўзимизга қатъий ишонч бағишлайди. ўалабалар сари руҳлантиради, — дейди бадиий гимнастика бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи Замира Санақулова. — Бир неча бор республика чемпиони бўлганимда, Италия, Германия, Франция, Қозоғистон каби давлатларда ўтказилган халқаро мусобақаларда иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олганимда буни чуқур ҳис қилганман. Айниқса, XVI ёзги Осиё ўйинларининг жамоа беллашувларида кумуш медалга сазовор бўлганимиз фаолиятимдаги муҳим ютуқлардан бири саналади. Ўшанда шоҳсупага кўтарилганимиздаги ҳолатимизни таърифлаш қийин. Байроғимизга боқиб, қувончдан юм-юм йиғлаганмиз. Бугун Республика болалар ва ўсмирлар гимнастика спорт мактабида ёш авлодни ватанпарварлик, давлатимиз рамзларига ҳурмат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшишга интилаяпман.

Пойтахтимизда барпо этилган “Ватанга қасамёд” монументида тасвирланган ўғлон байроғимизни кўзига тўтиё айлаб, Ватан ҳимояси учун, ота-боболаримиз хоки ётган қутлуғ заминнинг ҳар қарич тупроғини асраш учун тайёрман, деб тиз чўкиб қасамёд қилмоқда. Бу монумент муқаддас байроқнинг инсонга берадиган чексиз маънавий қувватини ифодалаб турибди.

Давлатимиз байроғидаги ҳар бир ранг, ҳар бир белги чуқур маъно-мазмунга эга. Улар миллий давлатчилигимиз тарихидаги қудратли салтанатлар туғларидаги эзгу ифодаларни, айни пайтда халқимизнинг юксак орзу-интилишларини, юртимизнинг табиий, миллий ва маънавий хусусиятларини ўзида мужассам этади.

Давлатимиз байроғига ҳурмат “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонунни пухта ўрганиш ҳамда унга тўла амал қилишимизда ҳам намоён бўлади.

Дилшод КАРИМОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn