«Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак»
  • 18 Ноябрь 2017

«Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак»

Бундай юксак туйғу ҳар бир фуқаро тафаккуридан чуқур ўрин олиши зарур.

Халқимизда тинчлик ва осойишталик қадрини, унинг ҳаётимизда тутган ўрнини теран ифодалайдиган ўгитлар, мақоллар кўп. Масалан, “Қўшнинг тинч — сен тинч” ёки “Бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кўтарилади”. Буларнинг туб моҳиятида теран ҳақиқат мужассам: элимиз ҳамма замонда тинч-осойишта ҳаётни қадрлаган, шу йўлда бор салоҳиятини сарфлаган. Буни ҳозирги пайтда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан маҳалланинг бу борадаги ўрни ҳамда таъсирини ошириш ва профилактика ишлари самарадорлигини юксалтириш йўлида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Юртдошларимизнинг осуда ҳаётини таъминлаш мақсадида ўтган бир йил давомида қонунлар, давлатимиз раҳбарининг қатор Фармон ҳамда қарорлари қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Бу борада “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор, айниқса, аҳамиятлидир. Масалан, ҳар пайшанба куни ўтказилаётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар доирасида аҳоли ўртасида кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилаяпти, илгари очилмай қолган жиноятлар фош қилинмоқда, айбдорлар иши бевосита эл кўзида сайёр суд мажлисларида кўрилаётир. Шу билан бирга, “хавфсиз шаҳар”, “хавфсиз туризм”, “хавфсиз дам олиш” концептуал лойиҳалари кенг жорий этилаётгани ҳамда “жамоатчилик назорат масканлари” фаолияти йўлга қўйилгани ва 177 мингдан ортиқ видеокузатув мосламалари ўрнатилгани туфайли оғир ҳамда ўта оғир жиноятлар вақтида аниқланмоқда.

Президентимиз раислигида 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ҳамда уларни ҳал қилиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, бундай саъй-ҳаракатлар ўзининг дастлабки натижаларини бера бошлади. Шу йилнинг 10 ойида умумий жиноятлар сони ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 14 фоиз камайгани бунинг яққол тасдиғидир. Аммо мазкур натижалар билан кифояланиб қолиш асло мумкин эмас. Йиғилишда кўрсатиб ўтилганидек, ушбу йўналишда қилиниши зарур бўлган вазифалар ҳали бисёр.

— Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирлари доирасида бир қатор амалий ишлар олиб борилаяпти, — дейди Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бўлим бошлиғи Даврон Азизов. — Масалан, жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва кенг жамоатчилик вакиллари хонадонларга бориб, мавжуд ҳолатни ўрганиш баробарида, паспорт-виза қоидаларига риоя этилиши, ҳуқуқбузарликларга имкон берадиган сабаб ҳамда шарт-шароит таҳлил қилинаётир. Бундай тадбирлар маҳалла, корхона-ташкилот ва таълим муассасаларида ҳам ташкил этилаяпти. Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш — доимий эътиборда. Аммо шу саъй-ҳаракатларга қарамай, жойларда муаммо ҳамда камчиликлар талайгина. Бу селектор йиғилишида ҳам алоҳида айтилдики, бундан кейинги фаолиятимизни Юртбошимиз томонидан мазкур ҳолат юзасидан берилган кўрсатмалар асосида ташкил қилиш -чораларини кўраяпмиз.

Вазифалардан яна бири, шубҳасиз, маҳаллалар фаолияти билан боғлиқ. Хўш, бугун юртимиздаги мавжуд 9 мингга яқин фуқаролар йиғинлари халқимиз ишончини тўлиқ оқлай олаяптими? “Ҳа”, дейишга ҳали эрта. Негаки, йиғилишда таассуф билан қайд этилганидек, жорий йилнинг ўтган даврида, бор-йўғи, бир минг 

243 маҳаллада жиноят содир қилинмаган. Ҳақли савол туғилади: қолган фуқаролар йиғинлари фаоллари, жамоатчилик комиссиялари аъзолари, профилактика -инспекторлари, маҳалла посбонлари нима билан машғул бўлган? Жамоатчилик-чи?!

— Йиғилишда Наманган шаҳридаги Орзу маҳалласининг ижобий тажрибасидан самарали фойдаланилгани боис вилоятнинг 160 та, Хоразмда “Жамоатчилик назорат масканлари” фаолияти йўлга қўйилиши эвазига 198 та маҳалла жиноятдан холи ҳудудга айлантирилгани айтиб ўтилди, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг ташкилий ишлар ва услубий масалалар бўйича ўринбосари Зафар Рўзиев. — Бу қувонарли ҳол, албатта. Бироқ мазкур натижалар хотиржамликка берилишимизга асло сабаб бўла олмайди. Маҳаллаларда жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш бўйича жамоатчилик назорати тўлиқ йўлга қўйилмаган. Маҳалла ходимлари, айниқса, посбонлар ҳалигача масъулиятни ўз зиммасига олишда ташаббус кўрсата олмаётгани, афсуски, ҳақиқат. Бунинг оқибатида 7,7 мингдан зиёд маҳаллаларда турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилиши туфайли одамларнинг тинчи бузилган.

Шуларни инобатга олиб, аҳолини ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятларнинг барвақт олдини олиш ишларига кенг жалб этиш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудида “Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш механизмлари” мавзуида ўқув-семинарлар ўтказилмоқда. Бу аҳолида “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак”, деган туйғуни шакллантириш имконини бериши, шубҳасиз.

Абдулла Авлоний бобомиз ёшлар тарбиясини “ҳаёт-мамот масаласи”, дея таърифлаган. Зеро, тарбияси мўрт ёшлардан жамият, маҳалла ёки оила учун ҳеч қандай наф тегмайди. Йиғилишда айтилганидек, ёшларнинг жиноятга қўл уриши тарбияда йўл қўйилган хато ёки нуқсонларнинг аччиқ инъикосидир. Яъни шу йилнинг 10 ойи давомида ёшларнинг 22 минг нафари жиноятга қўл ургани, академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан 875 та, мактаб ўқувчилари томонидан 310 та оғир ва ўта оғир жиноятлар содир қилингани тинчликсевар халқимизга ярашмайдиган ҳолатлардир.

— Ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 22 мингтани ташкил қилиши, чиндан ҳам, ташвишланарлидир, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бўлими мудири Нодир Абдуқодиров. — Йиғилишда ёшлар жиноятчилигининг -олдини олиш, бу борада таълим муассасалари ҳамда ички ишлар органлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, масъулиятини ошириш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига ўқувчи-талабаларнинг дарсдан ташқари вақтларини самарали ўтказишни ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, мактабгача ҳамда мактабдаги таълим даврида тадбиркорлик қобилиятини шакллантиришга алоҳида эътибор бериш, бу жараёнга малакали кадрларни жалб қилиш, ёшлар учун бизнес -соҳасига оид адабиётлар яратиш юзасидан топшириқлар берилди. Эндиги фаолиятимизни шу асосида йўлга қўйсак, кўзланган мақсадларга эришамиз.

“Бекорчидан Худо безор”. Президентимиз жиноят содир этганларнинг 16 мингдан зиёди ёки ҳар тўрттадан биттаси ишсиз эканини айтганларида, кўпчиликнинг хаёлидан ушбу мақол ўтган бўлса, ажабмас. Нима, жойларда иш билан банд бўлмаган инсонлар борлигини фуқаролар йиғини фаоллари, маҳаллий ҳокимлик ёки бошқа ташкилотлар вакиллари билмасмиди? Яхши билган. Аммо эътиборсизлик, бошқалар тақдирига нисбатан лоқайдлик боис масала ўз ҳолига ташлаб қўйилган, натижада ана шундай нохуш ҳолатлар юзага қалқиб чиққан.

Содир қилинган қотиллик жиноятларининг 165 таси эр-хотин ва қайнона-келинлар ўртасида, 66 таси қўни-қўшнилар ўртасида оддийгина маиший келишмовчиликлар туфайли келиб чиққанлиги  моҳиятида ҳам бефарқлик ва лоқайдлик ётибди.

Йиғилишдан чиқадиган энг муҳим хулоса шуки, бундан кейин нафақат у ёки бу ташкилот, аксинча бутун жамиятимиз ҳуқуқбузарликлар оқибатлари билангина эмас, балки уларнинг барвақт олдини олиш ҳамда содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф қилишга асосий эътиборни қаратиши керак. Ана шунда барча жабҳада юқори натижаларни забт этаётган мамлакатимизда ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчилик билан боғлиқ нохуш ҳолатлар кескин камаяди, халқимиз тинч ва осойишта умр кечиради.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn