Бахт ошёнларида қувонч онлари
  • 15 Ноябрь 2017

Бахт ошёнларида қувонч онлари

Мана, бир неча кундирки, ёш шифокор Дилшод Эргашевнинг хонадонидан меҳмон аримайди. “Янги уй муборак бўлсин!” дея қўнғироқ қилаётганлар ҳам кўп.

— Шу пайтгача нечта уйда ижарада турганимизни, очиғи, ҳисоблаб беролмайман, — дейди унинг рафиқаси Юлдуз Эргашева. — Шукрки, у кунлар, қийинчиликлар ортда қолди. Энг катта орзумиз рўёбга чиқиб, шинам ҳовли-жойли бўлдик. Энди ўзимизнинг хонадонимиз, уч нафар фарзандимиз эмин-эркин ўйнаб-кулиб яшайдиган маконимиз бор.

Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017 — 2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори асосида Гулистон туманининг Мевазор маҳалласида қурилган икки сотихли ҳовлига эга уч хонали 38 та уйнинг барчасида шоду хуррамлик, хурсандчилик ҳукмрон. Бу кўркам уйларда асосий яшаш иморатидан ташқари, хўжалик бинолари ҳам мавжуд. Дастурга асосан, уй соҳиблари учун кредит тўловида ҳам енгилликлар кўзда тутилган. Яъни дастлабки тўлов уй баҳосининг 15 фоизини ташкил этгани ҳолда, уч йиллик имтиёзли даврга эга ипотека кредити биринчи беш йилда 7 фоиз миқдордаги фоиз ставкаси билан 15 йил муддатга берилган.

Мирзаобод туманининг Деҳқонобод маҳалласида эса икки қаватли, ҳар бири 16 хонадонли иккита тураржой биноси тантанали равишда ўз эгаларига топширилди.

— Турмуш ўртоғим вафот этгач, фарзандим билан акамнинг уйида яшаб келаётган эдим, — дейди янги хонадон соҳибаси, ҳамшира Лутфия Суярова. — Яқинларим бағрида бўлсам-да, лекин барибир ўз уйим бўлишини орзу қилардим. Аммо тураржой сотиб олишга қурбим етмасди.

Давлатимиз раҳбарининг қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар қуриш хусусидаги қарори менда ҳам уйли бўлиш умидини уйғотди. Мазкур юксак эътибор туфайли ҳамма шароитларга эга хонадон соҳибасига айландим.

Айтиш жоизки, Сирдарё вилоятида ўтказилаётган уй тўйлари бири-бирига уланмоқда. Чунки ҳудудда бунёдкорлик ишлари жадал давом эттирилиб, бундай бахт ошёнлари сони тобора кўпаймоқда. Хусусан, куни кеча Гулистон шаҳрида давлат идоралари ходимлари учун ҳар бири 5 хонали 15 та ҳовли-жой фойдаланишга топширилган бўлса, бундан олдин ёш оилалар учун мўлжалланган кўп қаватли тураржойга ҳам хонадон соҳиблари кўчиб киришди.

Шу муносабат билан ташкил қилинган тантаналарда давлатимиз томонидан аҳоли, айниқса, кам таъминланган оилалар, ёшларни уй-жой билан таъминлаш борасида кўрсатилаётган юксак эътибор замирида “Ҳамма нарса инсон манфаатлари учун!” деган эзгу тамойил мужассам эканлиги таъкидланди.

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ. Мирзаев иштирок этди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn