Нуронийларнинг ҳаётий тажрибаси навқирон авлод тарбиясида муҳим ўрин тутади
  • 15 Ноябрь 2017

Нуронийларнинг ҳаётий тажрибаси навқирон авлод тарбиясида муҳим ўрин тутади

 

Бугунги глобаллашув даврида кўпгина мамлакатларда одамлар турмуш тарзи, дунёқараши, шунингдек, миллий ва оилавий қадриятлар жуда тез суръатлар билан ўзгармоқда. Минг афсуски, шундай шароитда авлоддан-авлодга ўтиб келган эзгу анъаналар секин-аста йўқолиб бораётгани ҳам рост.

Замонавий ахборот макони биз учун мутлақо ёт бўлган ғоялардан холи эмас. У ҳали онги тўла шаклланиб улгурмаган ёшларни ўз домига осонгина тортаяпти. Айтиш жоизки, айнан оила, урф-одатларимизни эъзозлаш, бундай хуружларга қарши туриш, қадр-қимматимизни асраб-авайлаш ҳамда сақлаб қолишга ёрдам беради.

Фарзандларимиз тарбиясида, оилавий қадриятлар сақланиб қолинишида оила, маҳалла ва таълим муассасаларининг ҳамкорлиги ҳам муҳим роль ўйнайди. Таъсирчан воситалардан яна бири — кекса авлоднинг ҳаётий тажрибаси. Кўпни кўрган нуронийлар жамиятнинг ишончли устунларидир. Улар ўтмиш, ҳозирги кун ҳамда келажакни бир-бирига боғлаб турувчи кўприк вазифасини ҳам ўтайди. Нуроний отахону онахонларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиши учун шарт-шароит яратиш, бир томондан, ана шу салоҳиятни жамият учун фойдали ишларга йўналтиришга хизмат қилса, бошқа жиҳатдан уларга ўз қобилиятларини ишга солиш ҳамда одамлар учун керакли эканликларини ҳис этиб, тўлақонли турмуш кечиришларига имконият яратади.

Шу боис мамлакатимизда кексаларга нафақат ғамхўрлик кўрсатишга, айни чоғда уларнинг жамият ҳаётида фаол қатнашиши учун шарт-шароитлар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида катта авлод вакилларининг жамият, оила ва маҳаллада тинчлик, хотиржамликни таъминлашдаги ролини кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Бунда ёш авлодни Ватанга муҳаббат, катталарга ҳурмат, меҳр-оқибат ҳамда саховат каби халқимизга хос анъаналар руҳида тарбиялаш ишларига оқсоқоллар, қариялар ва фахрийларни кенг жалб этишга урғу берилган.

Хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жамоатчилик асосида фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари — кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди. Бу эса маҳаллаларда кекса ёшдаги фуқароларнинг ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш борасидаги ўрнини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Нуронийлар ишни оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганишдан бошлади. Ўтган вақт давомида улар томонидан 415 мингдан зиёд оилалар ўрганиб чиқилди. Натижада қарийб 98 мингта ижтимоий ҳамда маънавий кўмакка муҳтож бўлган оилаларнинг рўйхати шакллантирилди. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 18 минг 800 дан ортиқ оилаларга амалий ёрдам кўрсатилди. Уларнинг тегишли тавсиялари асосида 9 мингдан кўпроқ оила тадбиркорлик қилиш ва уй хўжалигини кенгайтириш учун имтиёзли кредитлар олди. Зеро, оила турмуши фаровон бўлса, маҳаллада ҳам хотиржамлик ҳукм суради. Бундай хайрли ишлар маҳаллаларда изчил олиб борилмоқда.

Шубҳасиз, катта авлод вакиллари оилавий анъана ҳамда қадриятларнинг бардавомлигида муҳим ўрин тутади. Шу боис ёшлар билан ўтказиладиган маънавий-маърифий ишларда уларнинг тажрибаси беқиёс аҳамиятга эга. Зеро, қайси оилада ота-онага ҳурмат юқори бўлса, ўша оилада ўсган фарзандларда чин инсоний фазилатлар шаклланади. Болалик ва ўсмирлик чоғида олинган билим ҳамда кўникмалар, яхши одатлар ҳар бир кишига бутун умри давомида ҳамроҳлик қилади.

Оилаларда маънавий муҳитни мустаҳкамлашда нуронийлар фуқаролар йиғинларининг ишончли таянчи ҳисобланади. Бугунги кунда ҳар бир маҳаллада “Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари” тузилган бўлиб, улар маҳалла раислари ўринбосарлари ва фуқаролар йиғинларидаги жамоатчилик комиссиялари билан изчил ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мазкур тузилма аъзолари ёш оилалардаги келишмовчиликларни, баъзан ота-она ҳамда фарзанд ўртасида юзага келадиган тушунмовчиликларни ўгитлари ва оқилона маслаҳатлари билан ҳал этишда фаол қатнашмоқдалар. Қолаверса, тўйларни ихчам ҳамда ортиқча дабдабасиз, аксинча, мазмунли ва халқимизнинг урф-одатларига мос ҳолда ўтказиш зарурлигини тарғиб этишаяпти.

Нуронийларнинг обрўси, албатта, баланд. Халқимиз уларга ишонади, қулоқ тутади. Ва бу тарбия жараёнида муҳим саналади.

Ёшлар билан ишлаш, улар ўртасида қаровсизлик ҳамда ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, уларни салбий таъсир ва ёт ғоялардан сақлаш мақсадида ҳар бир шаҳар ҳамда туманда катта авлод вакилларидан иборат бештадан ишчи гуруҳ тузилди. Гуруҳлар таркибидаги фахрийлар томонидан ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этган, профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаганлар ва уларнинг оилалари устидан назорат олиб борилмоқда. Яъни профилактик ҳисобда турувчи ҳар бир вояга етмаган билан якка тартибда ишлаш йўлга қўйилди. Негаки, нуронийлар уларнинг қалбига йўл топиб, хайрли мақсадлар сари ундай оладилар.

Амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли дарс машғулотларига мунтазам қатнашмай юрган 2 минг 893 нафар ўқувчи таълим жараёнига қайтарилди. Шунингдек, бугунги кунга келиб, фахрийларнинг берган кафолати ва ишончи асосида 3 минг 937 нафар вояга етмаган ўғил-қиз махсус ҳисобдан чиқарилди.

Оилада бувиларнинг ўрни алоҳида. Улар болани тинглаб, муаммоларини ширин сўз билан ҳал қилади, ҳадеб тергамасдан, мулойимлик ила одоб-ахлоқ қоидаларини ўргатади. Бувилар маҳалланинг вояга етмаганлар ҳамда ёш оилалар билан боғлиқ ишларига ёрдам бермоқда. Ўзларининг ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, узоқ умр кечириш, хонадонда осойишталик ва хотиржамликка эришиш йўлини кўрсатадилар. Болажонлар янги эртак эшитиш учун бувилари атрофига жам бўлиши ҳам бежиз эмас. “Эртаклар — яхшиликка етаклар”, деганларидек, бунда бир пайтнинг ўзида иккита вазифа бажарилади: ҳам фарзандларимизнинг бўш вақти фойдали машғулотга сарфланиб, улар назорат остида бўлади, ҳам бувижонларнинг ўзи мулоқотга киришиб, завқланади.

Республикамизнинг туман ҳамда шаҳарларида фаолият юритаётган “Нуронийлар масканлари” бугунги кунга келиб, нафақат ҳордиқ чиқариш жойи, балки маънавият ва маърифат ўчоғига айланди, десак, муболаға бўлмайди. Бу ерда таниқли маданият ҳамда санъат намояндалари, олимлар, меҳнат фахрийлари билан учрашувлар ташкил қилинаяпти. Отахону онахонларнинг босиб ўтган йўли ҳақидаги ҳикоялари ёш авлод учун катта ибрат мактаби бўлмоқда.

“Нуронийлар масканлари”да кутубхона, фитобар ҳамда тиббиёт хонаси, жисмоний тарбия учун мўлжалланган заллар мавжуд. Қариялар бир пиёла чой устида дилкаш суҳбат қуриш билан бирга, шахмат-шашка ўйнаш, янгиликлардан хабардор бўлиш имкониятига ҳам эгалар ва энг муҳими, улар ҳаётдан завқланиб яшайдилар.

Умуман, фахрийларимиз ижтимоий фаол бўлишга, ёш авлодга бой ҳаётий тажрибага асосланган ўгит-насиҳатларини беришга ҳамиша тайёр.

Шуҳрат ЖАЛИЛОВ,

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn