Эргаш Ҳақбердиевга жарима жазоси тайинланди. Нимага?
  • 31 Октябрь 2017

Эргаш Ҳақбердиевга жарима жазоси тайинланди. Нимага?

Амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, порнографик мазмундаги маҳсулотларни юртимиз ҳудудига олиб кириш таъқиқланади.

Нишон тумани Пахтаобод маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Жалажин қишлоғида яшовчи Эргаш Ҳақбердиев бундан бехабар бўлган кўринади. У Россиядан Москва — Қарши йўналиши билан Қарши халқаро аэропортига келганида, унга тегишли юклар холислар иштирокида белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилади. “Samsung J1” маркали қўл телефони хотирасида мамлакатимизга олиб кириш таъқиқланган 50 дона порнографик мазмундаги видеолавҳа борлиги аниқланади.

Бу ҳақда Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар берган.

Эргаш Ҳақбердиев бу телефонни унга ўзи билан бирга ишлаган Отабек исмли таниши хотинига совға сифатида бериб юборганини, унинг хотирасида нима бор-йўқлиги билан қизиқмаганини маълум қилади. Агар бу бир баҳона бўлса, у телефонни ахлоқсиз тасвирлардан тозалаши, агар чиндан ҳам бировники бўлса, тегишли назоратдан ўтишини ҳисобга олиб, телефондаги материаллар ҳақида зарур маълумотларни билиб олиши даркор эди.

Нима бўлганда ҳам у эътиборсизликка йўл қўйди. Ўзига тегишли бўлмаган буюмни сўраб-суриштирмасдан олиб келди. Масъулиятни бўйнига олган экан, демак, жавоб ҳам бериши керак.

Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати учун жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг қарори билан Э. Хақбердиевга нисбатан 748 минг 875 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди. Ҳуқуқбузарлик ашёси ҳисобланган “Samsung J1” маркали телефон давлат эгалигига ўтказилди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги “Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига кўра, порнографик мазмундаги маҳсулотларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш таъқиқланган.

2012 йил 12 апрелдаги қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган, унга мувофиқ порнографик ҳамда зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш каби ҳаракатлар учун жазо чоралари кескин кучайтирилган.

Жорий йилнинг ўтган даврида Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан 70 та ҳолатда 8 минг 281 дона порнографик мазмундаги видеолавҳалар, ўйин карталари ва суратлар божхона чегаралари орқали мамлакатимизга олиб кирилишининг олди олинди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn