Сўз ва амал уйғунлиги — улуғ фазилат
XS.UZ
Тадбиркорлар манфаатларини таъминлаш — эътиборда Ҳуқуқий ислоҳотлар юрт равнақи ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда Уч марта ҳосил берувчи ўсимлик андижонлик фермерларга мўмай даромад келтирмоқда Барқарор ва кафолатли таъминот Бугунидан рози, келажакка ишончи мустаҳкам халқ Таълим, тарбия, тарғибот Мавсумга тайёргарлик: муаммолар бартараф этилмоқда «Электрон поликлиника» Миллий санъатимиз жилоси хорижликларни мафтун этмоқда Сувга чидамли Футболни ривожлантиришда замонавий ёндашув зарур Вулқон хавфи ДНК текшируви ойдинлик киритди Буюк Британия кучли бешликдан чиқиб кетди Тўққиз йиллик можаро жамоатчилик иштирокида ҳал этилди Ўзбекистон — Жанубий Корея: Стратегик шериклик муносабатларида янги босқич Тошкентда "High Tech City" маъмурий-маиший мажмуа қурилади Ўзбекистон – Қирғизистон ўртасидаги битим кучга кирди. У нима ҳақда эди? ОТМларда сиртқи ҳамда кечки бўлимлар очилди Муддатли ҳарбий хизматчилар ва резервчиларнинг хатлари махсус маркаланган почта конвертларида жўнатилади  Адлия вазирининг ўринбосари БМТнинг ИҲОКБ ва Тараққиёт дастури экспертлари билан учрашди Пан Ги Мун: Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатдаги янги ташаббусларини қўллаб-қувватлайман Мирзиёев Корея Миллий Ассамблеяси Фахрий меҳмонлар китобига нималарни ёзди? Шавкат Мирзиёев БМТ собиқ Бош котиби Пан Ги Мун билан учрашди Ўзбекистон Президенти Корея Республикаси Миллий Ассамблеясида бўлди Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё давлатларининг сув бўйича ҳамкорлигига 25 йил: эришилган тажриба, истиқболдаги вазифалар” мавзуида Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари: Ўз мамлакатининг ривожига бу қадар катта аҳамият берадиган давлат раҳбарини жуда Корея Республикаси савдо, энергетика ва саноат вазири: Навоийдаги логистика марказини минтақадаги етакчи марказга айланади Корея Республикаси парламенти аъзоси: Ўзбекистон Президентининг нутқи хорижий табдиркорлар ва сармоядорлар учун ҳақиқий “маҳорат дарси”га айланди Шавкат Мирзиёев: Ўзбекистон Корея бизнеси учун ўз эшикларини кенг очди
  • 21 Октябрь 2017

Сўз ва амал уйғунлиги — улуғ фазилат

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил 27 март куни қабул қилинган “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорни халқимиз катта қувонч билан кутиб олди. Бу бежиз эмас.

Мазкур қарорнинг аҳамияти ҳамда қадрини, айниқса, ўша долғали кунларнинг гувоҳи бўлган катта авлод вакиллари жуда теран англайди. Уларнинг хотиралари, фикрлари бугунги авлод учун бебаҳо манба, ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. 

Зеро, республикамизни жуда оғир ва мураккаб йилларда бошқарган, юртимиз шаънига ҳам, ўз номига ҳам гард юқтирмай ўтган атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидов фаолиятини халқимиз тарихидан айро ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Шароф Рашидовнинг эътибори ҳамда ғамхўрлиги билан кўп йиллар масъул вазифаларда ишлаган, у кишидаги чин инсоний фазилатлардан сабоқ олган навоийшунос олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Азиз ҚАЮМОВ билан суҳбатимиз ҳам халқимиз суюкли фарзандининг мумтоз адабиётимизга эътибори, унутилмас хизматлари ва инсоний хислатлари ҳақида бўлди.

— Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан имзоланган бу ҳужжатни мен, очиғи, кўзда ёш, жуда катта хурсандчилик ҳамда мамнуният билан кутиб олдим, — дейди Азиз Қаюмов. — Негаки, бу қарор мамлакат тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ҳамда маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган Шароф Рашидовнинг ёрқин хотирасини улуғлашга қаратилганлиги билан янада қадрли ва аҳамиятлидир. Жиззах туманига Шароф Рашидов номи берилгани, шу туманда давлат арбоби ҳамда ёзувчи хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси барпо этилиб, ҳайкали ўрнатилганидан беҳад хурсанд бўлдик. Олий, ўрта махсус, касб-ҳунар ва умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ҳамда маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида хотира тадбирлари ташкил қилинаётгани ҳам хайрли ишлар рўёбидир.

Мен Шароф Рашидов билан илк бор танишганимни худди ҳозиргидек эслайман. Ўшанда 1949 йил эди. Таълим муассасаларида маърузалар қилардим. Қўқондаги бир мактабга юборилган эдим, у ерда ўқувчилар билан учрашув ўтказдим. Кечки пайт Тошкентдан Қўқондаги раҳбарларга қўнғироқ қилишиб, тезда пойтахтга келишимни айтишибди. Тошкентга келиб, кутилмаган бир қувончли хабарни эшитдим. “Москвада тинчлик тарафдорларининг иккинчи семинари бўлади, у ерда қатнашиш учун ёшлардан сиз борадиган бўлдингиз”, дейишди. Ушбу таклифдан жуда қувондим. Кечагина урушдан чиққан мамлакатда тинчлик учун ҳамма нарсага тайёр одамга, албатта, бу катта шараф эди. Конференцияга борадиганлар жами ўттиз киши экан. Ҳаммамиз аэропортда тўпландик. Делегациямиз бошлиғи академик Тошмуҳаммад Саримсоқов эди. Аъзолар орасида Ойбек домла, Хадича Сулаймонова ҳамда Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидов ҳам бор экан. Бунгача у киши билан асарларини ўқиб ғойибона танишган бўлсам-да, илк бор кўришганимиз шу тарзда рўй берди. Эртасига юзлаб қатнашчиларни ўз бағрига олган залда конференция бошланди. Танаффус чоғида Шароф Рашидов менга: “Мажлис ҳақида фикрларингиз қанақа?” деб сўрадилар. Мен ҳаяжонланиб ўз мушоҳада ва мулоҳазаларимни билдирдим. Шунда у киши елкамга қоқиб: “Раҳмат, раҳмат” дедилар. Кейинчалик ҳам Шароф Рашидов билан жуда кўп мулоқотда бўлиб, ниҳоятда маданиятли, бағрикенг, ёшларга ўта меҳрибон ҳамда ғамхўр инсон эканликларини англаб етдим.

— Домла, Шароф Рашидовнинг мумтоз адабиёт, хусусан, Алишер Навоий ижодига муносабати ҳақида нима дея оласиз?

— Шароф Рашидов, аввало, ёзувчи сифатида адабиётни алоҳида қадрлаган. У кишининг юриш-туриши, феъл-атворидаги фазилатлар асарларидаги қаҳрамонларида ҳам акс этган. Айтмоқчиманки, адабиётга ошнолик, сўзга бўлган муҳаббат, ваъдага вафо у кишининг тийнатида мужассам эди.

Шароф Рашидов, айниқса, Алишер Навоийни алоҳида эҳтиром билан тилга олар, ул зотнинг асарларини ўқиш ва уқиш ёш авлод учун беқиёс сабоқ бўлишини таъкидларди. Эсимда, бир куни Шароф Рашидов ҳузурида суҳбатлашиб ўтирганимизда, ҳазратнинг “Қаро кўзум...” деб бошланувчи машҳур ғазалини айтиб бердилар ҳамда: “Қани эди, ҳар бир ижодкорнинг ёзгани одамлар қалбидан мана шу ғазал каби жой олса”, дедилар. Мен бу гап замирида Навоийга бўлган улкан муҳаббатни, сўз олдидаги масъулиятни ҳис этганман.

Яна бир воқеа. 1958 йили Навоий ижодига оид докторлик диссертациямни ҳимоя қилгач, ўша кунлари юртимизга меҳмон сифатида келган озарбайжонлик навоийшунос, устоз Ҳамид Ораслидан хабар олгани “Тошкент” меҳмонхонасига бордим. Устоз билан энди суҳбатлашиб ўтирган ҳам эдикки, хонадаги телефон жиринглади. Олсам, ўзини таништирган киши: “Мен Шароф Рашидовичнинг қабулхонасиданман. Сизни биринчи раҳбаримиз сўраяптилар, ҳозир улайман”, деди. Зум ўтмай, Шароф Рашидовнинг овози эшитилди. “Диссертацияни муваффақиятли ҳимоя қилибсиз, ҳозиргина эшитдим, табриклайман. Алишер Навоийни ўрганишга бўлган интилишларингиз ҳамиша омад келтирсин”, дедилар. Мен шундай улуғ инсоннинг бу эътиборидан жудаям руҳландим. Бу эътироф нафақат менга, балки биз тенги авлодга қаратилган ғамхўрликнинг яна бир кўриниши эди. Шароф Рашидов ана шундай маърифатпарвар, илмга интилган одамни кўрса, елкасига кўтаришга тайёр инсон бўлган.

Шароф Рашидовнинг Алишер Навоийга эҳтироми ҳазрат таваллудининг 525 йиллигини нишонлашга оид эзгу саъй-ҳаракатларида ҳам яққол бўй кўрсатди. Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейининг фаолияти йўлга қўйилиши, асарлари кўп нусхада қайта-қайта чоп этилиши ҳамда дарсликларга киритилиши улуғ инсоннинг шоирлар султонига бўлган муҳаббати ифодасидир.

— У киши ҳақида гап кетганда, аввало, чин маънода зиёли эканлиги бот-бот таъкидланади...

— Шундай. Юқорида айтганимдек, гўзал хулқли, маданиятли инсон эдилар. Шароф аканинг ажойиб хислатларидан яна бири, бу — аразлашиб юрганларни ҳузурларига чақириб яраштириб қўйишлари эди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир ташкилотда раҳбар бўлиб ишлаган кезларимда, ишдан бўшаган мутахассисларимиздан бири каминадан шикоят қилиб, ҳар хил гапларни тарқатиб юрган экан. Бу гаплар Шароф Рашидовнинг қулоғига етиб боргач, иккимизни ҳам чақиртирдилар. “Ҳар иккингиз ҳам илм-фанда ҳалол меҳнат билан ном қозонгансиз, сизларнинг аразлаб юришингиз уят бўлади. Ораларингда нима гап-сўз ўтган, унисини билмайман, аммо энди буни эсдан чиқариб, ака-ука бўлиб юринглар”, дедилар. Бундай хайрли иш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Шароф Рашидов ҳузуридан чиқдик. Орадан бир кун ўтиб, республикамизнинг биринчи раҳбари мени яна олдиларига -чақириб суҳбатлашдилар ҳамда “Хато ҳаммадаям бўлади, энг муҳими, ўша қусурни англаб, -ундан тўғри хулоса чиқаришда гап кўп. Ҳамиша айтган сўзингизнинг устидан чиқинг, чунки сўз ва амал уйғунлиги инсон учун бебаҳо фазилатдир”, дея таъкидладилар. Мен бу насиҳатларни ўзимча мушоҳада қилиб, яна бир карра у кишининг бағрикенглигига, ёш -мутахассисларни ардоқлаб, аяшларига гувоҳ бўлдим.

Шундан хурсандманки, Шароф Рашидовнинг мамлакатимиз равнақи йўлида бошлаган ишлари юксак азму шижоат билан давом эттирилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг эзгу саъй-ҳаракатлари, кечани кеча, кундузни кундуз демасдан меҳнат қилиб, барчага ибрат бўлаётгани юртимизни истиқболда ниҳоятда фаровон кунлар кутаётганидан -дарак беради. Бугунги хатти-ҳаракатлар Алишер Навоийнинг мана бу мисраларини ёдга солади:

Умидимдан мени хурсанд этгил

Умидим шулки, умидингга етгил!

Навоий айтадики, менинг мақсадимни амалга ошириб, мени хурсанд қилгил. Менинг мақсадим нима? Менинг мақсадим шулки, сен ўз мақсадингга эришгил. Сенинг ўз мақсадингга эришмоғинг менинг мақсадимдир.

Бугун эртамизни ўйлаб, ёш авлод тақдири ҳақида қайғуриб қабул қилинаётган қарорлар, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида ҳам Навоий орзу қилган ҳаётга эришиш, одамларни рози қилишдек улуғвор ниятлар, мусаффо орзу-умидлар мужассам.

«Халқ сўзи» мухбири

Мақсуд ЖОНИХОНОВ суҳбатлашди.

Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Тил — миллат кўзгуси Дахлдорлик туйғуси »

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР

Social Promotion Popup