Жамиятда ижтимоий адолат тамойили қарор топмоқда
XS.UZ
Тадбиркорлар манфаатларини таъминлаш — эътиборда Ҳуқуқий ислоҳотлар юрт равнақи ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда Уч марта ҳосил берувчи ўсимлик андижонлик фермерларга мўмай даромад келтирмоқда Барқарор ва кафолатли таъминот Бугунидан рози, келажакка ишончи мустаҳкам халқ Таълим, тарбия, тарғибот Мавсумга тайёргарлик: муаммолар бартараф этилмоқда «Электрон поликлиника» Миллий санъатимиз жилоси хорижликларни мафтун этмоқда Сувга чидамли Футболни ривожлантиришда замонавий ёндашув зарур Вулқон хавфи ДНК текшируви ойдинлик киритди Буюк Британия кучли бешликдан чиқиб кетди Тўққиз йиллик можаро жамоатчилик иштирокида ҳал этилди Ўзбекистон — Жанубий Корея: Стратегик шериклик муносабатларида янги босқич Тошкентда "High Tech City" маъмурий-маиший мажмуа қурилади Ўзбекистон – Қирғизистон ўртасидаги битим кучга кирди. У нима ҳақда эди? ОТМларда сиртқи ҳамда кечки бўлимлар очилди Муддатли ҳарбий хизматчилар ва резервчиларнинг хатлари махсус маркаланган почта конвертларида жўнатилади  Адлия вазирининг ўринбосари БМТнинг ИҲОКБ ва Тараққиёт дастури экспертлари билан учрашди Пан Ги Мун: Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатдаги янги ташаббусларини қўллаб-қувватлайман Мирзиёев Корея Миллий Ассамблеяси Фахрий меҳмонлар китобига нималарни ёзди? Шавкат Мирзиёев БМТ собиқ Бош котиби Пан Ги Мун билан учрашди Ўзбекистон Президенти Корея Республикаси Миллий Ассамблеясида бўлди Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё давлатларининг сув бўйича ҳамкорлигига 25 йил: эришилган тажриба, истиқболдаги вазифалар” мавзуида Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари: Ўз мамлакатининг ривожига бу қадар катта аҳамият берадиган давлат раҳбарини жуда Корея Республикаси савдо, энергетика ва саноат вазири: Навоийдаги логистика марказини минтақадаги етакчи марказга айланади Корея Республикаси парламенти аъзоси: Ўзбекистон Президентининг нутқи хорижий табдиркорлар ва сармоядорлар учун ҳақиқий “маҳорат дарси”га айланди Шавкат Мирзиёев: Ўзбекистон Корея бизнеси учун ўз эшикларини кенг очди
  • 18 Октябрь 2017

Жамиятда ижтимоий адолат тамойили қарор топмоқда

“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”.

Мамлакатимизда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида, тўлиқ ҳамда беғараз ўрганиш ва улар юзасидан қонуний чоралар кўришда ана шу тамойил устувор аҳамият касб этмоқда. Халқ билан очиқ ҳамда самарали мулоқот олиб бориш, жойларда аҳолини ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳал қилиш улар фаолияти мезонига айланаётгани бугун ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳасида сезиларли ўзгаришларга туртки бераяпти.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлашини йилнинг ҳар чорагида мониторинг этиб бориш доирасида ўтказилган навбатдаги тадқиқот буни яна бир карра исботлади. Бу гал марказ мутахассислари ҳудудлардаги 2 мингта хонадонга ташриф буюриб, аҳоли кенг қатлами вакилларининг айни йўналишдаги фикр-мулоҳазаларини, муносабатини яқиндан ўрганди.

Юртимизнинг барча ҳудудида турли ёшдаги ҳамда турли миллатга мансуб фуқаролар шуни таъкидладиларки, давлатимиз раҳбари томонидан асос солинган фуқаролар билан мулоқот қилишнинг янги тизими, “Халқ қабулхоналари”, “Виртуал қабулхона” институтлари инсон ҳуқуқларини муҳофаза этиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, одамларнинг ижтимоий адолатга ишончини оширишда муҳим ўрин тутмоқда.
Тадқиқотнинг кўрсатишича, давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органларига ўз ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини талаб қилиб мурожаат этишда шаҳарликлар қишлоқ аҳолисига қараганда фаолдир. Қизиғи, аёлларимиз мурожаат қилиш билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқидан эркакларга нисбатан кенг фойдаланмоқдалар. Сўнгги пайтларда пенсионерларнинг, давлат ва нодавлат муассасалари, ташкилотлар ходимлари, тадбиркорлар мурожаатлари сонида ҳам ўсиш кузатилаяпти. Ҳудудий кесимда Сирдарё (44 фоиз), Андижон (35,6 фоиз), Фарғона (33,8 фоиз), Навоий (32,2 фоиз) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси бу борада етакчилик қилмоқда.

Фуқароларни қандай масалалар ўйлантираяпти?
Ижтимоий сўровда иштирок этганларнинг қарийб ярми ўз ҳуқуқ ва манфаатлари йўлида турли даражадаги ҳокимликларга мурожаат қилган. Ҳар учинчи респондент тегишли масала бўйича маҳалла фуқаролар йиғини ёки туман (шаҳар)даги Халқ қабулхоналаридан ёрдам сўраган. Фуқароларнинг 8,2 фоизи суд, ҳуқуқни муҳофаза этиш ҳамда назорат органларига мурожаат йўллаган.
Таҳлилларга кўра, 21 — 39 ёшдаги кишилар кўпинча ўзларини ташвишлантираётган муаммога чора топиш учун маҳалла фуқаролар йиғини мададига умид қилган бўлса, ўрта ва кекса ёшдаги респондентлар ҳар қандай масалада тўғридан-тўғри маҳаллий ҳокимликларга учраган.

Сўралганларнинг 34,9 фоизи хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига ҳамда коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотларга мурожаат этган. Бу, айниқса, Самарқанд, Тошкент, Андижон ва Жиззах вилоятлари аҳолисига хос бўлиб, уларни кўпроқ ичимлик суви, табиий газ ҳамда электр энергияси таъминотидаги узилишлар ўйлантиради.

Ҳар бешинчи респондент пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг ҳисобланиши билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун Пенсия жамғармасига мурожаат этган. Ушбу мазмундаги мурожаатлар Андижон, Қашқадарё ҳамда Хоразм вилоятларида яшовчилар ўртасида тез-тез учрайди.

Бухоро ва Навоий вилоятларидагилар эса, бошқа ҳудудлар аҳолисидан фарқли ўлароқ, кредит ёки ссуда олишда муаммоларга дуч келмоқда. Оилавий-маиший масалаларда давлат органларига мурожаат йўллаган фуқаролар сони 14,7 фоиз камайган.

Мурожаат қилишдаги муаммолар
Тадқиқот асносида фуқароларнинг ўз мурожаатларини қай йўсинда йўллашни афзал билиши ҳам инобатга олинди. Иштирокчиларнинг 76,7 фоизи давлат идораларига ёзма тарзда, қабулхоналар орқали мурожаат этишни мақбул санайдилар. Қолган респондентлар учун интернет орқали, жумладан, ҳукумат портали (gov.uz) ҳамда ҳокимликлар, вазирликлар ва идораларнинг электрон манзилларига мурожаат йўллаш ҳар томонлама қулай.

Сўралганларнинг мутлақ қатта қисми мутасадди идора ёки ваколатли шахсга мурожаатини тақдим қилишда ҳеч қандай тўсиққа, мураккабликка дуч келмайди. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда одамлар ўз мурожаатини расмийлаштириш ва юборишда эътирозга сабаб бўлгувчи ҳолатларга тўқнаш келмоқда.

Қорақалпоғистонда 16,7 фоиз, Тошкент вилоятида 8,7 ва Самарқандда 8,3 фоиз аҳоли ана шундай фикр билдирган. Ҳар иккинчи фермер давлат органларига мурожаат йўллашда муайян қийинчиликларни четлаб ўтолмаган. Нодавлат муассасалар ходимларининг 16,7 фоизи, шунингдек, уй бекалари ҳамда бола парваришлаш учун таътилда бўлган аёллар бирмунча машаққатларни бошдан кечирган. Аксарияти мурожаатни рўйхатдан ўтказишда муаммоларга дуч келган бўлса, баъзи фуқароларнинг аризалари мутасаддилар томонидан қабул қилинмай, қайтарилган.

Кекса ёшдаги респондентлар ва имконияти чекланган шахслар интернет воситасида мурожаат этишни мушкул вазифа деб билади.
10,7 фоиз респондент мурожаатни ёзишда малакали ҳуқуқшунослар маслаҳатидан фойдаланган.

Шикоят ҳам бор, таклиф ҳам бисёр

Ўрганишлардан аён бўладики, давлат ташкилотларига келиб тушган мурожаатларнинг салмоқли қисми (87,6 фоизи) индивидуал мазмунга эгадир. Жамоавий мурожаатлар сони эса анча кам (12,4 фоиз) бўлиб, уларда маълум ҳудуддаги аҳолини ёки бир қанча фуқароларни ўйлантираётган муаммолар тилга олинади. Уюшган ҳолда ёзилган ариза ҳамда шикоятлар Қорақалпоғистон Республикасида (28,6 фоиз), Навоий (26,3 фоиз), Жиззах (22,2 фоиз) ва Тошкент (21,1 фоиз) вилоятларида, чунончи, шаҳарларда қишлоқ жойлардагига нисбатан кўпроқ учрайди.

Айни вақтда давлат ҳокимияти органларига шикоят мазмунидаги мурожаатлар сони охирги чоракда бир оз камайган, таклифлар эса тегишинча ўсган. Ҳудудий кесимда шикоятлар пойтахтимизда (37,2 фоиз), Тошкент (28,9 фоиз) ҳамда Бухоро (25,9 фоиз) вилоятларида ўртача кўрсаткичдан юқорилиги кузатилади.

Кўпчилик респондентлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатларини тиклашда давлат органлари ёрдам бера олишига қатъий ишонади. “Сиз мурожаат этган давлат ташкилоти ёки хўжалик бошқаруви органининг раҳбар ёки масъул шахси сизни суҳбатлашиш учун қабул қилдими?” деган саволга уларнинг 83,1 фоизи тасдиқ жавобини берди. Ушбу кўрсаткич барқарор бўлиб, давлат ҳамда фуқаролар ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг самарали ривожидан далолат беради.

Айни чоғда сўралганларнинг 16,9 фоизи ариза ёки шикоят билан мурожаат этганда мансабдор шахслар томонидан қабул қилинмаган. Бундай жавобни кўпроқ Қорақалпоғистон Республикаси (34,3 фоиз), Сирдарё (36,4 фоиз), Бухоро (33,3 фоиз) ва Навоий вилоятлари (31,6 фоиз) аҳолиси билдирди. Мансабдор шахс томонидан қабулнинг рад этилиши сабаблари сифатида респондентлар қуйидагиларни кўрсатди: “раҳбарнинг вақти камлиги ёки йўқлиги”, “ходимларнинг ўта бандлиги” ёки “раҳбарнинг иш жойида йўқлиги” (таътилда, йиғилишда, хизмат сафарида эканлиги).

“Сизга ўз аризангизни қайтариб олиш ёки ўзгартириш мақсадида бирор киши таҳдид қилиш, қўрқитиш билан руҳий босим ўтказдими?” саволига эса 95 фоиз иштирокчи “Йўқ” деб жавоб берди. Фуқароларнинг 50,6 фоизи ўз аризасига Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунида белгиланган ўн беш кунлик муддат ичида жавоб олган. 13,1 фоизи мурожаатларига жавобни бир ойлик муддат ичида олганлигини қайд этишди. Албатта, шикоят ёки аризани кўриб чиқиш учун қўшимча вақт ҳамда текшириш талаб қилинган ҳолларда, қонунан бунга йўл қўйилади.

Мониторинг ўз мурожаатига вақтида жавоб ололмаган фуқаролар сони кўпайганини ҳам аниқлади.

Натижалар сарҳисоби
52,3 фоиз иштирокчининг таъкидлашича, улар мурожаат этган ташкилот масалани ечиш юзасидан аниқ ҳаракатларни амалга оширган. 47,7 фоиз респондент, афсуски, ўз мурожаати бўйича ҳеч қандай амалий иш қилинмаганини келтирди. Бу рақам мониторинг жараёнида 20 фоиздан зиёд ошгани давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари мурожаатлар билан ишлаш соҳасида янада жонланиши, халқ билан мулоқотни кенгайтириши, фаол ёндашувни намоён этиши заруратини кўрсатади.

Сўровнинг ярмидан кўп қатнашчилари — 58,7 фоизи давлат муассасаларига мурожаат қилиш натижаларидан тўла қониқадилар, 23,9 фоизи эса қисман. 72,6 фоиз фуқаро давлат ҳокимияти ҳамда хўжалик бошқаруви органларига мурожаатлари туфайли ўз муаммоларини ҳал этишга муваффақ бўлган.

Мурожаатига берилган жавобдан қониқмаган фуқароларнинг аксарияти мавжуд муаммосини ҳал қилиш учун кейинги қадамларни ташламаган. Респондентлар орасида ўз қонуний манфаатларини кўзлаб тегишли ташкилотга қайта ариза ёзган, назорат этувчи ёки юқори турувчи идораларга ушбу ташкилот устидан шикоят йўллаган ёхуд ёрдам сўраб прокуратура, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органларга мурожаат этганлар ҳам бор.

Умуман, 2017 йилнинг биринчи, иккинчи ҳамда учинчи чоракларида ўтказилган жамоатчилик фикри сўровлари мониторинги давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари мурожаатлар билан ишлаш соҳасида ижобий ўзгаришларни қўлга киритаётганини тасдиқлади. Жисмоний ҳамда юридик шахслар мурожаатларига тезкор, муфассал ва холисона жавоб бериш, амалдаги қонун талабларига риоя қилиш ана шулар сирасига киради.

Сўров натижаларига таяниб айтиш мумкинки, давлат идоралари халқ билан юзма-юз мулоқотни кенгайтириш, одамларда бугунги кундан розилик ҳамда эртанги кунга ишонч ҳиссини кучайтириш йўлидаги тизимли ишларни янада жадал суръатда давом эттириши ҳаётий заруратдир.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида
Ф. МАҲКАМОВА тайёрлади.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР

Social Promotion Popup