Ўзбекистон делегацияси Европа ўрмон ҳафталигида иштирок этмоқда
  • 13 Октябрь 2017

Ўзбекистон делегацияси Европа ўрмон ҳафталигида иштирок этмоқда

Польшанинг Варшава шаҳрида ўтаётган Европа ўрмон ҳафталигида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси делегацияси иштирок этмоқда.

Ҳафталик доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа иқтисодий комиссияси Ўрмончилик ва ўрмон саноати қўмитаси ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўрмон хўжалиги бўйича Европа комиссияси қўшма сессияси ҳам бўлиб ўтмоқда.

Дунёнинг 50 дан зиёд мамлакатлари вакиллари қатнашаётган мазкур форум фаол ва соғлом турмуш тарзи учун зарур бўладиган юқори сифатли ва хавфсиз маҳсулотлар етиштириш, иқтисодий-ижтимоий тараққиётни рағбатлантириш, шунингдек, табиий, хусусан, ер, сув, ҳаво, иқлим ва генетик ресурсларни барқарор бошқариш, улардан самарали фойдаланиш каби муҳим масалалар муҳокамаси учун ўзига хос майдон ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Н. Бакиров ҳафталик доирасида ўтказилган соҳа мутахассислари учрашувида Ўзбекистонда ўрмонларнинг функционал модели, истиқболда юзага келиши мумкин бўлган муаммолар, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари ва кутилаётган натижалар ҳақида маъруза қилди.

Мамлакатимиз ўзининг ўрмон хўжалиги, хилма-хил ва ноёб ўсимлик, ҳайвонот дунёси, доривор ўсимликларнинг кўплиги билан ажралиб туради. Бугунги кунда мамлакатимиздаги 300 дан ортиқ ўсимлик ва 180 дан зиёд ҳайвон турлари “Қизил китоб”га киритилган.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда ўрмон хўжалиги соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Ўрмон фонди ер майдони ҳажми сезиларли даражада ортиб, мамлакатимиз умумий ер майдонининг 25,2 фоизини ташкил қилмоқда. 

Анжуманда Ўзбекистон флора ва фаунасини сақлаш, халқаро ҳамжамиятни жалб этган ҳолда, мамлакатимизда ўрмончилик соҳасидаги долзарб масалаларга ечим топишга оид 15 га яқин дастурлар қабул қилингани таъкидланди. Ушбу лойиҳаларда Ўзбекистонда чўлланишга қарши курашиш, Орол денгизи атрофида юзага келган муаммоларни бартараф этиш, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлардан барқарор фойдаланишга кенг эътибор қаратилгани қайд этилди.

Европа ўрмон ҳафталиги давомида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ўртасида “Марказий Осиё чўлларини муҳофаза қилиш ва ундан барқарор фойдаланиш” бўйича битим, шунингдек, Германиянинг М. Зукков номидаги жамғармаси билан ҳамкорликда грант лойиҳаларни амалга ошириш бўйича англашув меморандуми имзоланиши кўзда тутилган.

Улуғбек ШОНАЗАРОВ,

ЎзА мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn