«Ўзбекистон —  жонажон Ватаним!»
  • 13 Октябрь 2017

«Ўзбекистон —  жонажон Ватаним!»

 

Фуқаролик паспортига эга бўлган бир гуруҳ юртдошларимиз буни чексиз ғурур билан изҳор этишмоқда

Сирдарё вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган 22 кишига фуқаролик паспорти тантанали равишда топширилди.

Тадбирда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонун билан кафолатлаб қўйилгани, Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортининг эгаси давлат муҳофазасида экани таъкидланди.

Сардоба туманидаги Пахтаобод шаҳарчасида яшовчи Алексей Валериевич Тихонов мустақил давлатимиз фуқаролигини олишни 24 йил орзиқиб кутганини, бугун унинг орзуси рўёбга чиққанини қувонч билан маълум қилди. Оқолтин туманилик, 1992 йилда -Тожикистон Республикасида туғилган Элёр Бобоев эса паспортини, аввало, ўзи ҳавас қилиб келган тенгдошларига кўрсатишини ҳамда энди “Ўзбекистон — жонажон Ватаним!” деган сўзларни янада чексиз фахру ифтихор билан изҳор этиш имкониятига эга бўлганлигини билдирди.

— Ҳаётимда қувончли кунлар кўп бўлган, — дейди Ширин шаҳар тиббиёт бирлашмасининг ходимлар бўлими мутахассиси Минавар Ашурова. — Лекин, рости, уларнинг барчасини йиққанда ҳам бугунги шодлигимга тенг келолмайди. Негаки, энди биз, яъни турмуш ўртоғим Нуриддин Ашуров ҳамда қизим Нозимахон, оиламиздан уч киши Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиндик. Қирғизистон -Республикасидан кўчиб келган дастлабки кунларданоқ Ўзбекистонга меҳр қўйдик. Шу ерда туп отиб, палак ёздик. Икки нафар фарзандимиз замонавий шароитларда таълим олиб, айни пайтда улар давлат гранти асосида олий ўқув юртларида ўқишмоқда. Оиламиз аъзоларининг мақсади битта: шу азиз ва муқаддас Ватан фуқароси, деган номга муносиб бўлиш, унинг равнақига ҳисса қўшиш учун сидқидилдан меҳнат қилиш!

— Ушбу паспорт мен учун жуда қадрли, — дейди Гулистон шаҳридаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Фарҳоджон Суюндиев. — У менга битмас-туганмас куч-қувват беради, юртимиз келажаги учун масъул ҳамда дахлдор эканлигимни эслатиб туради. Билдирилган юксак ишончга муносиб бўлиш учун бор куч ва салоҳиятимни ишга соламан.

Маросимда ана шундай самимий дил сўзлари бот-бот янгради.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Эзгулик сари йўл Ноодатий меҳмонхона »