XS.UZ
Мамлакатимиз тўқимачилик ва енгил саноатининг экспорт салоҳияти Ўзбекистон — Туркия: Икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам «Ўзбекистон янги марраларни кўзламоқда» Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Адлия вазирларининг бешинчи мажлиси тўғрисида ахборот Ёш халқаро шахмат устаси Жавоҳир Синдоровга Президентимиз совғаси топширилди Битим имзоланди Сўз ва амал уйғунлиги — улуғ фазилат Тил — миллат кўзгуси Корхона ривожи таъминланади Илм-фан фидойисига эҳтиром Ер — бебаҳо хазина Тафаккур дунёсига йўл Олтинкўлда ХVI-XVII асрларга тааллуқли тангалар топилди Замонавий шифохона Жаҳон чемпионати совриндори Нуфузли мусобақа арафасида Тажрибали рақибидан устун келди “Халқ сўзи” ва “Народное слово” таҳририяти ходимлари пахта йиғим-теримида фаол иштирок этмоқда Агрепина Шин Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири ЕТТБ тадбиркорлик субъектлари учун кредитлар тақдим этади Депутатлар ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар Инновацион ишланмалар нефтни қайта ишлаш соҳаси ривожини жадаллаштиради Савдо-иқтисодий муносабатлар янада мустаҳкамланади Ҳарбийларимиз “Кембрия патрули” халқаро танловида совриндор бўлди «Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросиман!» Мактабгача таълим соҳасида замонавий тизим яратилади Илғор тажрибалар ва бозор механизмлари Юртимизда яратилаётган кенг имкониятлар Токиода муҳокама қилинди Фойдаландингизми, ҳақини ҳам тўланг Шавкат Мирзиёев Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода бошчилигидаги делегацияни қабул қилди
  • 13 Октябрь 2017

Эзгулик сари йўл

Бухоро, Самарқанд, Хива, Тошкент, Марғилон... Ушбу шаҳарларимиз номини эшитган киши борки, кўз олдида қадимий ва эртакнамо Шарқнинг осмонўпар обидалари, амалий санъат дурдоналари — зардўзлик, кулоллик, каштадўзлик, заргарлик, гиламдўзлик, кандакорлик, ёғоч ўймакорлиги, тўқувчилик маҳсулотлари, атласу адрас, бетакрор шойи матолари намоён бўлади.

Бугун ҳам мамлакатимизда миллий ҳунармандчилик ривожига кенг йўл очиб берилган. Буни кўплаб кўргазма, танловлар, фестиваллар, халқаро тадбирларда қатнашаётган амалий санъат усталари мисолида кўришимиз мумкин. Вилоятлар марказларида, ҳунармандчиликнинг муайян турлари ривожланган қишлоқларда махсус марказлар фаолияти йўлга қўйилган.

Жумладан, Оқсаройдан Дорус-саодатгача бўлган ҳудудда ҳам қадимий шаҳарсозлик анъаналари уйғунлаштирилган шундай маскан барпо этилди. Ям-яшил дарахтлар ҳамда майсазорлар, улкан фавворалар безаб турган бетакрор аллеянинг ён атрофида 30 га яқин икки қаватли бинолар қад кўтарди. Бугун шу манзилга йўлингиз тушса, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари дўконлари ва гиламдўзлик, каштадўзлик, кулоллик, тикувчилик билан шуғулланаётганларга кўзингиз тушади. Бу биноларнинг биринчи қавати устахона ҳамда галерея, иккинчи қавати эса ҳунармандлар учун уй қилиб берилган. Ушбу марказга сайёҳларнинг, юртдошларимизнинг қизиқиши кундан-кунга ортиб бормоқда.

Мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини ошириш, аҳоли турмушини янада юксалтириш борасида қабул қилинаётган Фармонлар, қарорлар, давлат дастурлари билан танишар эканмиз, ҳар бир манзилда ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини барпо этиш, тарихий қадамжоларимизни қайта таъмирлаш, у ерларга сайёҳларни жалб қилиш каби масалалар алоҳида эътиборга олинганлигини кўрамиз.

Юртбошимизнинг 25 май куни Шайхонтоҳур туманига ташрифи чоғида Сузукота Ҳунармандлар марказини барпо этиш ҳақидаги таклифи ҳам соҳа равнақи ва қадриятларимизни авайлаб асрашда айни муддао бўлди. Зеро, Тошкент азалдан наққошлик, кулоллик, ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик, каштадўзлик ҳамда бошқа ҳунарлар кенг ривожланган йирик шаҳар ҳисобланади. Ушбу марказнинг айнан Сузукота маҳалласи ҳудудида бунёд қилиниши ҳам бежиз эмас.

Тарихий манбаларда айтилишича, Хожа Аҳмад Яссавийнинг Гавҳари Хуштож исмли қизи ва Шайхзода исмли ўғли бўлган. Шайхзода ёшлик чоғида қазо қилган. Қизи Гавҳари Хуштожни эса Қорачиқ қишлоғида яшайдиган Аҳмад ал-Қорачиқийга келинликка берган. Бу никоҳдан уч ўғил таваллуд топган бўлиб, энг кичигининг исми Мустафоқул бўлган. “Бузургони Сайрам”га кўра, унинг қошлари қалин ҳамда қоракўз бўлганидан боболари Яссавий: “Бизнинг сузугимиз келдилар, келинг, келинг”, деб эркалатар эканлар.

Жамики илм ва ҳунарларни пухта эгаллаган Сузукота балоғатга етгач Тошкентнинг Бешёғоч даҳасидаги Чуқуркўприк, Мирлар ҳамда Чақар маҳаллалари оралиғидаги жойларга келиб ўрнашган. Икки анҳор оралиғидаги кимсасиз тепаликни ўзига макон қилган Сузукота Туркистонга қайтиб, ота-онасига манзилини билдириб, ўзи билан бир неча дўстлари ва ҳунармандларни ҳамроҳ қилиб олиб келган экан. Қўшни ҳудудлардан билим олиш ҳамда ҳунар ўрганиш истагида одамлар кела бошлашибди. Сузукота ҳунармандлар пири бўлиб, шогирдларига уйсозлик, ром-эшик, рўзғор буюмларини ясаш, ёғочга ишлов бериш касбларини ўргатиб, шунинг ортидан ҳалол ризқ топган экан. Вафотидан сўнг Усталар маҳалласи номи Сузукота деб атала бошланган. Йиллар ўтиб, соҳибқирон Амир Темур бобомиз Сузукотага атаб мақбара, масжид ҳамда мадраса бунёд эттирган.

Бугунги кунда 4700 киши истиқомат қилаётган ҳудуд халқ орасида “Усталар маҳалласи” деб эътироф этилади. Бу ерда бир неча юз йиллик сулола давомчилари бўлган ҳунармандлар фаолият юритишади. Маҳалла аҳли асрлар давомида дурадгорлик, иморатсозлик, уй-рўзғор буюмлари ясаш, ёғоч ўймакорлиги, қирмакашлик, бешиксозлик, каштадўзлик, дўппидўзлик, чеварлик билан шуғулланиб келган. “Паргори” йўналишида ижод қилиб, Тошкент ёғоч ўймакорлик санъатини ривожлантирган Сулаймон Хўжаев айнан шу ерда туғилиб, ижод қилган. Шунингдек, Сузукотада этикдўз-косиблар, арава ясовчи усталар ҳам бўлганлигини бугунги кекса авлод вакиллари фахр билан тилга олишади.

Лойиҳага асосан, ҳудуддаги Сузукота мақбараси ва жоме масжиди қайта қурилиб, унинг атрофида ҳунармандчилик маркази барпо этилади. Қадимий ҳамда замонавий ўзбек халқ меъморчилиги анъаналари уйғунлигида қад кўтарадиган биноларнинг биринчи қавати устахона, галерея бўлса, иккинчи қавати ҳунармандлар оилалари учун тураржой вазифасини ўтайди.

Маҳаллада яшовчи кекса отахон, фахрий муҳандис Асқархўжа Обидов лойиҳаси асосида Республика “Ҳунарманд” уюшмаси кўмагида читгар Абдурашид Раҳимов ва моҳир хаттотлар иштирокида Қуръони Каримнинг 3х2 метр ҳажмда дунёдаги энг катта нусхасини тайёрлаш ишлари бошлаб юборилган. Ушбу муқаддас китоб айнан Сузукота мажмуасига ўрнатилиши режалаштирилмоқда. Асқархўжа Обидов муаллифлигида нашрга тайёрланаётган “Аҳмад Яссавий ва Сузукота” номли китобда эса улар ҳақида халқ орасида маълуму машҳур бўлган ривоятлар, маҳаллада яшаб ўтган ҳунармандлар ҳамда уларнинг сулолалари ҳақидаги қимматли маълумотлар жамланган.

Айни кунларда ҳудудда улкан қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Яқин келажакда муаззам Тошкентда яна бир муқаддас қадамжо қайта тикланади, маданият ва ҳунармандчилик маркази бунёд бўлади. Бу каби хайрли амаллар эса юртимизни янада ободонлаштиришга хизмат қилиши муқаррар.

Лола МУҲУТОВА.

 

Мазкур рукиндаги бошқа мақолалар: « Меҳр тафти «Ўзбекистон —  жонажон Ватаним!» »

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+