«Ҳамкорлик. Ривожланиш. Муваффақият»
  • 12 Октябрь 2017

«Ҳамкорлик. Ривожланиш. Муваффақият»

Пойтахтимизда ана шу шиор остида “Open HR Business Forum — 2017” тадбири ўз ишини бошлади. 

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда бизнес бошқарувчилар, менежерлар, HR вакиллари, турли компаниялар ходимлари қатнашмоқда.

Форумнинг биринчи куни ёш мутахассисларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш масалаларига бағишланди. Битирувчиларнинг “йўл харитаси”ни шакллантириш, шунингдек, иш амалиёти ва дастурларини тузишда нималарга эътибор қаратилиши муҳокама қилинди.

— Тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад бизнес вакиллари учун янги шериклик алоқаларни йўлга қўйиш, компаниялар билан ўзаро тажриба алмашиш, соҳага оид сўнгги маълумотлар билан таништириш, энди фаолиятини бошлаган ёш тадбиркорларнинг малакасини оширишдан иборатдир, — дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг бошқарма бошлиғи Фаррух Омонов. — Форумда қатнашувчилар сони ўтган йиллардагига нисбатан ортиб, тақдимотлар ҳам кўпайгани диққатга сазовор. 

Анжуманда кичик бизнес субъектларини солиққа тортиш, тақдим этилаётган имтиёзлар, экспорт ва бизнесни стратегик ривожлантириш, инвестицияларни мақсадли йўналтириш, ахборот ҳамда телекоммуникациялар соҳасидаги ёш мутахассислар малакасини ошириш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик маданияти, самарали бошқарув ҳамда HRнинг стратегик масалалари -муҳокама қилинмоқда. 

“Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси бошқарма бошлиғи Дилбар Азизованинг таъкидлашича, у форумда иштирок этиб, фаолиятида асқатадиган маълумотларга эга бўлмоқда, ўзаро тажриба алмашаяпти. Бу эса келгусида амалиётга янги усул ва технологияларни қўллаб, иш самарадорлигини оширишда муҳим роль ўйнайди. 

Форум давомида бизнес юритиш ва кадрларни бошқариш сирлари, HR брендини бошқаришнинг замонавий технологиялари ҳақида тушунчалар берилади. Шунингдек, музокаралар чоғида бизнесни қандай ташкил қилиш, ўзгаришлар асрида ташкилотни бошқариш, компаниянинг стратегик бошқарувини яратиш каби кўплаб қизиқарли мавзуларда тақдимотлар қилинади.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn