Ҳуқуқий таъсир чораси ва амалиёт
  • 12 Октябрь 2017

Ҳуқуқий таъсир чораси ва амалиёт

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини эркинлаштириш, одил судловга эришишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг суд тизимига ишончи ортиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинмоқда.

Президентимизнинг шу йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида хўжалик судлари негизида иқтисодий судлар ташкил этилиши фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари манфаати йўлидаги муҳим амалий қадам бўлди.

Буни ушбу судлар фаолият бошлаганидан буён ўтган тўрт ой давомида Хоразм вилояти ва туманлараро иқтисодий судларда 4625 та даъво аризаси кўриб чиқилгани, шундан 4011 таси қаноатлантирилгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусий тадбиркорлик субъектларининг даъво аризалари бўйича эса 167 та иш кўрилди ҳамда уларга 2 миллиард 695 миллион сўм миқдоридаги маблағлар ундириб берилди.

— Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш асносида корхоналарни банкротликдан чиқариш, молиявий соғломлаштиришга ҳам катта эътибор қаратаяпмиз, — дейди Хоразм вилояти иқтисодий суди раиси Шуҳрат Қодиров. — Масалан, яқинда Урганч тумани давлат солиқ инспекциясининг “Давронбек Жўрабек” хусусий корхонасини банкрот, деб топиш тўғрисидаги даъво аризасини кўриб чиқдик. Корхона қарздорликни тўла сўндирганини инобатга олиб, банкротлик бўйича иш юритиш тугатилди, пировардида тадбиркор ўз фаолиятини эмин-эркин давом эттириш имконига эга бўлди. Фаолиятимиз билан боғлиқ бундай мисоллар кўп. Шу ўринда айтиш керакки, юртимизда тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари фақат суд томонидан қўлланилиши жорий қилингани давлат назорат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан асоссиз равишда таъсир чоралари белгиланишининг олдини олмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари ҳамда барча суд процесси иштирокчиларига қулайлик яратиш мақсадида суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Ўтган тўрт ой давомида 69 та иш шу тартибда кўрилди. Натижада суд иштирокчилари ўзлари яшайдиган ҳудуддан туриб бошқа вилоятларда ўтказилган суд процессларида қатнашдилар. Бу янгилик тадбиркорларга вақт ва маблағни тежаш имконини бермоқда. Мурожаатларни электрон шаклда қабул қилиш тизими ҳам ана шундай қулайликлардан биридир. Шу пайтгача вилоят иқтисодий судига 1305 та даъво аризаси электрон шаклда келиб тушган.

Яна бир эътиборли янгилик шундаки, ғоят катта тарбиявий аҳамиятини инобатга олиб, сайёр суд мажлисларини ўтказиш йўлга қўйилди. Ҳозирги пайтда вилоят ҳамда туманлараро иқтисодий судларда сайёр тартибда кўрилаётган ишлар жами кўриб чиқилаётган ишларнинг 70 фоизини ташкил этаётгани, айниқса, эътиборга молик. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили доирасида судьялар томонидан маҳаллалар, ўқув юртлари ҳамда меҳнат жамоаларида ўтказилаётган учрашувлар, давра суҳбатлари ҳам ўз самарасини бермоқда.

Умуман, суд-ҳуқуқ соҳасидаги бу каби янгиликлар юртдошларимиз, хусусан, тадбиркорларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ ҳимоялашда муҳим аҳамият касб этаяпти. Таъбир жоиз бўлса, судлар ишбилармонларнинг ишончли қўрғони сифатида ўзларини намоён қилмоқда.

Одилбек ОДАМБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn