Ер юзининг горизонтал ва вертикал ҳаракати
  • 12 Октябрь 2017

Ер юзининг горизонтал ва вертикал ҳаракати

юқори аниқликдаги геодезик ўлчовлар асосида ўрганилади

Буюк алломаларимиз Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек ўз даврида геодезия ва картография ривожига улкан ҳисса қўшгани ҳаммамизга маълум.

Ер шарининг ўз ўқи ҳамда Қуёш атрофида айланиш назарияси, астрономик ва геодезик ўлчовлар асосида аниқланган 1018 та юлдузнинг координатлари ҳамда каталоги уларнинг номи билан чамбарчас боғлиқ.

Сўнгги йилларда бунёдкорлигу шаҳарсозлик ишлари кенг қулоч ёймоқдаки, бу, ўз навбатида, геодезия ва картография маълумотларию маҳсулотларига бўлган талабни янада оширмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси тизимидаги муассасалар фаолияти айни шу эҳтиёжни таъминлашга қаратилган. 

Дарҳақиқат, улар томонидан республикамиз ҳудудида давлат геодезия ва нивелир тармоқларини яратиш, турли миқёсли топографик тасвирларни бажариш, аэрофототасвир, ер юзасининг горизонтал ва вертикал ҳаракатини ўрганиш учун юқори аниқликдаги геодезик ўлчов ишлари амалга оширилаётир. Қолаверса, ер ости коммуникациялари ва саноат майдонларининг топографик тасвирлари, маркшейдерлик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларини делимитация ва демаркация ишларида картографик материаллар билан таъминлаяпти. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 31 майдаги “Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бунда муҳим омил бўлмоқда. 

 

Қўл меҳнатидан воз кечилди

Ерлардан фойдаланишда мунтазам давлат назоратини таъминлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳисобига моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ер ресурсларини тизимлаштирилган ҳолда ҳисобга олишни йўлга қўйишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Шу боис қўмита негизидаги корхоналар замонавий рақамли аэрокамера, GPS ўлчов асбоблари, космик суратлар, учувчисиз учиш аппаратлари ҳамда “Фотомод”, “Панорама” ва “АркГИС” каби дастурий таъминотлар билан тўлиқ таъминланди. Натижада геодезия ва картография ишларида эски асбоблар, фотолабораториялар, қўл меҳнати билан амалга ошириладиган мураккаб чизмалардан воз кечилди. 

Бунинг самараси ўлароқ, Ернинг сунъий йўлдош тизимларига асосланган ҳолда 151 пунктдан иборат янги 1-тоифали Сунъий йўлдош геодезия тармоғи яратилди. Шу йил охирига қадар ушбу пунктлардан 50 тасида доимий ишлаб турадиган GPS станциялари ўрнатилади. Бу эса иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар томонидан топогеодезик ҳамда картографик ишларни бажаришда вақтдан унумли фойдаланиш, харажатларни камайтириш, бажарилаётган ишларнинг аниқлиги ва сифатини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, республикамиз ҳудудининг 1:25000 масштабдаги топографик хариталари, суғориладиган ерларнинг 1:10000 масштабдаги қишлоқ хўжалик хариталари ва шаҳарларнинг 1:2000 масштабдаги рақамли планларини яратиш ишлари якунланди. 

Айтиш жоизки, бугунги кунда республикамизда геодезия ва картография фаолияти билан шуғулланаётган субъектлар сони 350 дан ошди. Шундан 200 га яқини лицензия асосида иш юритаётган тадбиркорлик субъектларидир. Улар томонидан шаҳарсозлик, темир йўл ҳамда автомобиль йўлларини, каналлар ва бошқа объектларни қуришда махсус аҳамиятга молик геодезия ва картография ишлари бажарилмоқда.

 

Замонавий қурилмалар имконияти

Бугунги кунда тизимда 4 та учувчисиз учиш аппаратидан фойдаланилаётгани, топографик планларни яратиш, ҳудудларда бўлаётган ўзгаришларни тезкор равишда хариталарда акс эттиришда қўл келаётир. Шунингдек, мазкур аппаратлар қишлоқ хўжалиги ерлари, хусусан, экин экиш ва парваришлашни мониторинг қилиш, картографик материалларни янгилаш имконини беради. 

Соҳа мутахассислари бу билан чегараланиб қолмасдан, яхлит ҳолатдаги космик суратларни яратишда қўлланиладиган замонавий компьютер ва дастурий таъминотларни амалиётга татбиқ этишни режалаштирган. Қолаверса, тизимни модернизациялаш бўйича истиқболли лойиҳалар устида қизғин иш олиб борилаётгани эътиборга молик. Масалан, қиймати 30 млн. АҚШ долларига тенг бўлган миллий географик ахборот тизими ишга туширилгач, давлат геодезик сунъий тармоғи, шунингдек, кўчмас мулкни ягона кадастр ва рўйхатдан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими яратилади. Ўз навбатида, доимий ишловчи 50 та базавий станция орқали республикамиздаги турли объектларнинг жойлашувини тезкор ва юқори аниқликда геодезик ўлчаш ишлари янада такомиллашади. Бу эса ўлчов амаллари учун кетадиган вақт ҳамда маблағни иқтисод қилиш имконини беради. 

 

Қоғоз форматдан — электрон тизимга

Яна бир йирик лойиҳа — Кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш ҳамда кадастр тизимларини модернизациялаш ишлари якунига етказилса, кадастр ва рўйхатдан ўтказишнинг амалдаги қоғоз усули ўрнига кадастр ва рўйхатдан ўтказишнинг интеграллашган ахборот тизими вужудга келади. Яъни кадастр йиғма жилдлари ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш давлат реестрларининг маълумотлари қоғоз форматидан электрон тизимга тўлиқ конвертация қилинади. 

Электрон ҳукумат тизимининг базавий платформаси таркибида кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги маълумотлар базаси яратилади. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг электрон рўйхатдан ўтказилиши ва интерактив хизматларнинг йўлга қўйилиши эса кадастр ҳамда рўйхатдан ўтказиш хизматларига кетадиган вақтни, оворагарчиликларни кескин камайтиради.

Қисқача айтганда, соҳадаги янгиланишлар ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги ва қишлоқ хўжалиги экин майдонлари унумдорлигини ошириш, ер фонди ҳисобини юритишни тизимлаштириш геодезия ва картография фаолиятини янада яхшилашга хизмат қилади.

Ихтиёр ЭРГАШЕВ,

Давлат кадастрлари, геодезия ва картография 

миллий маркази директори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn