Ҳарбий ўқув машқлари якунланди
  • 07 Октябрь 2017

Ҳарбий ўқув машқлари якунланди

Жануби-ўарбий махсус ҳарбий округининг “Фориш” тоғ-дала ўқув майдонида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Мудофаа вазирликлари қўшинлари бўлинмаларининг махсус тактик-ўқув машқлари якунланди.

Бўлиб ўтган ўқув машқларида икки давлат тоғ ўқчи бўлинмалари ҳарбий хизматчилари ўз олдиларига қўйилган мақсад ҳамда вазифаларни муваффақиятли уддалашди.

Олинган разведка маълумотларига кўра режалаштирилган ҳаракатлар давомида шартли душманнинг моддий-таъминот базалари, техник воситалари ва аскарлари батамом яксон қилиниб, гаровга олинганлар озод этилди.

Ўқув машқларида ноқонуний қуролланган кучлар жойлашган ҳудудда разведка ишларини олиб бориш, уларнинг моддий-таъминот, қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техникаларини сафдан чиқариш, гаровга олинганларни озод қилиш ва шартли бузғунчи кучларни батамом яксон этиш бўйича тегишли усуллар ишлаб чиқилди.

Машғулотларнинг сўнгги кунида икки давлат ҳарбий хизматчилари ўтиш мураккаб бўлган тоғли ҳудудларда ноқонуний қуролланган кучларни йўқ қилиш бўйича аксилтеррор операциясини амалга оширишди.

— Машқларда олдимизга қўйилган мақсадларга тўлиқ эришилди, — дейди майор Азамат Жабборов. — Бўлинмалар ҳаракатлари жараёнида энг самарали усулларни қўллашга, ўқув-жанговар вазифаларни кам вақт ҳамда куч сарфлаб бажаришга ҳаракат қилдик. Сафдошларим ва қўл остимдаги ҳарбий хизматчиларнинг машғулотларда мураккаб рельеф ҳамда ноқулай иқлим шароитларида жанговар ҳаракатларни олиб бориш кўникмаси ошиб боргани бизга жуда қўл келди.

Тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, халқаро терроризм, экстремизм каби глобал таҳдидларга қарши курашиш, мураккаб тоғ шароитида бузғунчи кучларни йўқ қилиш бўйича ўтказилган ҳамкорликдаги машқларнинг тантанали ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг ўринбосари — Жануби-ўарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-майор Павел Эргашев, Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги штаби бошлиғининг ўринбосари, генерал--майор Рустам Миннекаев, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев иштирок этди.

Унда мазкур машқлар муваффақиятли якунлангани эътироф этилди. Аксилтеррор операциясида қўйилган ўқув-жанговар топшириқларни муваффақиятли бажарган ҳарбий хизматчилар — Ўзбекистон томонидан майор Азамат Жабборов, майор Хуршид Мамадалиев, кичик сержант Ҳабибулло Холбоев, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Достон Маматов, Россия томонидан взвод командири, катта лейтенант Сергей Баромико, сержант Буян Кенден, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Амир Килик тақдирланди.

Махсус тактик-ўқув машқлари доирасида ўтказилган маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари икки давлат ҳарбий хизматчилари ўртасидаги ўзаро дўстона -муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Толибжон ЭРГАШЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn