Эътироф этиш мумкин, аммо...
  • 07 Октябрь 2017

Эътироф этиш мумкин, аммо...

Ҳозир қўл қовуштириб ўтирадиган пайт эмас. Мамлакатимизнинг бугуни ва эртаси учун ташаббус кўрсатиб, тафаккур билан ишлаш зарур. Бинобарин, давлатимиз раҳбари -ҳудудларга ташрифи чоғида жойларда ишга солинмаган ресурслардан унумли фойдаланиш -иқтисодий тараққиёт ҳамда фаровон турмуш гарови эканлигини алоҳида таъкидлаётганини чуқур англаб, хулосалар чиқариб олишимиз, бу борада пухта ва натижали саъй-ҳаракатларни амалга оширишимиз лозим.  Шу жиҳатдан ўтаётган ҳар бир кунимиз, айниқса, жорий йил том маънода улкан бунёдкорликлар даври сифатида ҳаётимизда муҳим из қолдирмоқда. Янгиланишлар шиддати барча соҳа ва тармоқни қамраб олаяпти.

Айни пайтда иқтисодиётнинг реал секторини қўллаб-қувватлаш, қурилиши тугалланмаган,  бўш турган объектлар ҳамда ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича кенг кўламли тадбирлар қўлланилиб, рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Хусусан, Навоий вилоятининг Нурота туманидаги “Zafar Granite Myning” масъулияти чекланган жамияти ҳам мазкур ислоҳотлар асосида ташкил этилган бўлиб, у тошга ишлов беришга мўлжалланган илғор технологик ускуналар билан жиҳозланган. Улар ёрдамида ўозғон ҳудудидаги кондан қазиб олинган гранит харсангларидан плиталар ишлаб чиқарилаяпти.

— Фаолият уч сменада ташкил қилинган корхонамизда 35 киши иш билан банд, — дейди  жамият раҳбари Зафар Худойбердиев. —Улар Италия технологияси асосида тошга ишлов бериб, бир  йилда 55 минг квадрат метр гранит плиталари тайёрлашаяпти.

Корхонада ўтган йили сифат борасида халқаро стандартлар жорий этилди. Пировардида ташқи бозорга чиқиш имконияти вужудга келди. Тадбиркор ихтиёрига узоқ йиллар бўш турган объект берилганлигини инобатга олсак, унинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти кўзга янада яққолроқ ташланади.

Шу ўринда айтиш жоизки, Президентимизнинг 2017 йил 23 февралдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан таҳлиллар ўтказилганда, вилоятдаги илгари хусусийлаштирилган 123 та корхона умуман ишламаётгани маълум бўлди.

— Аниқланган камчиликлар юзасидан 86 та корхона ва объект мулкдорлари томонидан 2017-2018 йилларга мўлжалланган ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича инвестициявий лойиҳалар тасдиқланди, — дейди  Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси мутахассиси Бахтиёр Солиев. — Унга мувофиқ, 237 миллиард сўмлик инвестиция жалб этиш орқали йилига 151 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш, шундан 1,8 миллион АҚШ долларилик қисмини экспорт қилиш ҳамда 1604 кишининг бандлигини -таъминлаш кўзда тутилмоқда.  

Бундай қараганда, амалий саъй-ҳаракатлар вилоятнинг барча ҳудудини қамраб олгандек. Мисол учун, Навоий шаҳридаги “Navoiy tinch tekstil” МЧЖ томонидан собиқ шакар ишлаб чиқариш корхонаси биноси, “Navoiy food invest” МЧЖ томонидан Хатирчи туманидаги собиқ “8 март” фабрикаси биноси, Нурота туманидаги “Nurotamarble” МЧЖ томонидан собиқ  “Нуротамармар” корхонасининг бино-иншоотлари негизида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, меҳнат жойлари яратиш режалари мавжуд.

— Шу билан бирга, яратилган имкониятлардан тўлақонли фойдаланмасдан масъулиятсизликка йўл қўйган, инвестиция дастури ишлаб чиқмаган бир қатор ишбилармонларга қонун доирасида кўпайтирилган солиқ механизмини қўллаш учун вилоят солиқ бошқармасига тегишли ҳужжатлар тақдим этилди, — дейди Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассиси Эркин Улуғов. —  Инвестиция лойиҳалари ва тармоқ жадвалларини тайёрлаб, уларнинг ижросини таъминлашни пайсалга солаётган 21 тадбиркорлик субъекти бир ой муддатда фаолиятини йўлга қўйиш бўйича огоҳлантирилди.

Албатта, огоҳлантириш ўз йўлига. “Ишламаган — тишламайди” мақолини ҳам бу ўринда келтириш унчалик маъқул кўринмас. Аммо савол туғилади, шунча имконият бўла туриб, Навоий таъбири билан айтганда, “Чумоличалик ҳимматинг йўқми?”. Майли, бунгаям алоҳида урғу бермайлик. Бироқ ҳар бир фуқарода бурч ва виждон жавобгарлиги ҳам бор. Қолаверса, ким бўлишимиздан қатъи назар, халқ ва Ватан олдида узилмаган қарзларимиз кўп.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn