Муаммо ўртага ташланди. Натижаси-чи?
  • 05 Октябрь 2017

Муаммо ўртага ташланди. Натижаси-чи?

Бугун “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” каби эзгу тамойиллар ҳаётимиздан чуқур ўрин эгалламоқда. Буни суд, ҳуқуқ-тартибот, назорат органлари раҳбарларининг Самарқанд вилоятида ўтказилган сайёр қабуллари мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раиси К. Комиловнинг сайёр қабулларида фуқароларнинг уй-жой, мулкий низолар, ажрим, фирибгарлик, ер ажратиш ва оила-никоҳ билан боғлиқ мурожаатлари кўрилди. Адолатли ҳамда қонуний ечимини таъминлаш учун улар назорат тартибида ўрганишга олинди. Жумладан, Ургут туманилик даъвогар Т. Қулматов жавобгар И. Юсуповга нисбатан мол-мулкни қайтариб олиш билан боғлиқ фуқаролик иши 2011 йилдан буён кўрилаётгани, яъни иш тегишли судлар томонидан чўзиб юборилаётганидан норози бўлган. Унга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Самарқанд туманилик Н. Маҳмудовнинг ер-мулк эгалиги, Ургут туманидан Н. Ҳайдарованинг ўз автомашинасига қўйилган тақиқни олиб ташлаш ҳақидаги мурожаатлари адолатли ўрганилиб, тегишли тушунтиришлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И. Абдуллаев томонидан ўтказилган сайёр қабулларда фуқаролар прокуратура соҳасига тегишли ва ҳуқуқ бузилишларига оид -муаммоларни ўртага ташладилар.

— Иккинчи гуруҳ ногирониман, — дейди Пастдарғом туманининг Найман маҳалласида яшовчи С. Сувонова. — Бир неча йиллардан буён даволаниш учун ордер -ололмайман. Бугунги сайёр қабулда ушбу мурожаатим ижобий ҳал этилиб, даволанишим учун йўлланма берилди.

— Фарзандимга 5 йилдан буён алимент пули олганим йўқ, — дейди Каттақўрғон -туманининг Пайшанба шаҳарчасида яшовчи М. Аҳмедова. — Бош прокурордан шу -масалада ёрдам беришини сўрадим. Муаммога бир зумда ечим топилди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П. Бобожоновнинг сайёр қабулларида фуқароларнинг соҳага оид масалалар юзасидан мурожаатлари тингланди.

— 2014 йилда Тошкент давлат юридик университетини тугатганман, — дейди -Самарқанд шаҳрилик Д. Облоқулов. — Мутахассислигим бўйича Ички ишлар -Академиясига ишга кирмоқчи бўлганимда, Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга эмаслигим учун ҳужжатларимни қабул қилишмади. Шу масалада вазирга мурожаат этдим. Менга тегишли йўл-йўриқ кўрсатилишидан ташқари, иш масаласида масъул ходимларга топшириқ берилди.

Ички ишлар соҳасида кўп йиллар меҳнат қилган А. Сафаров кенжа ўғли шу соҳага ишга кириш истагида эканлигини, аммо синовдан ўта олмагани боис такрорий имтиҳон топширишга имконият берилишини сўраб мурожаат қилган. Масала фуқаро фойдасига ҳал бўлди.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари А. Тошқулов сайёр қабулларида инсон ҳуқуқларининг бузилиши, тадбиркорликка тўсиқлар ва ижтимоий масалаларга доир мурожаатлар кўрилди.

— Ўғлим биринчи гуруҳ ногирони, оилали, бир фарзанди бор, — дейди Жомбой туманидаги Ҳалвойи маҳалласида яшовчи Х. Шодмонова. — Унга ўз ҳовлимдан бир хонали иморат кўтардим, лекин томини ёпишга қурбим етмаяпти. Шу пайтгача ҳам ёрдам сўраб мурожаат қилганман. Лекин -келиб кўриб кетишди-ю, ҳеч қандай натижа чиқмади.

Бу масала билан туман ҳокимлиги ҳамда маҳалла вакиллари шуғулланиб, мурожаат қилувчининг оиласига ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

Жомбой туманилик Ф. Ҳайдарова яшаб турган уйи кадастр ҳужжатлари қайнотасининг номига расмийлаштирилгани, қайнона-қайнотаси вафот этгач, марҳум турмуш ўртоғининг қариндошлари тураржойга даъво қилаётганлиги, уй таъмирталаб аҳволда эканлигини айтиб, мурожаат этди. Таъмирлаш учун ҳомийлар жалб қилинди. Уйга эгалик қилиш юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди. Шунингдек, фуқаро трикотаж цехига ишга жойлаштирилди.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раиси М. Тоҳирийнинг сайёр қабулларида тадбиркорлар, корхона ва ташкилотлар вакиллари, жисмоний шахслар соҳага оид ўзларини қизиқтирган масалаларга жавоб олдилар.

— Фаолиятим давомида чет давлатлар божхона органлари билан бир неча бор -тушунмовчиликлар юз берган, — дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи тадбиркор 

К. Жўрамуродов. — Бу ҳолат бошқа мамлакатда бўлгани учун муаммо туғдиради. -Бугунги суҳбатда ана шундай ҳолатларда Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасига мурожаат этиш мумкинлигини, ҳар бир давлат божхона органлари билан доимий ҳамкорлик ўрнатилганлигини билиб олдим.

Расмиятчиликларсиз ўтган очиқ ҳамда самимий мулоқотларда тадбиркорлар ўз -таклифларини билдириш имконига ҳам эга бўлишди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. Парпиевнинг сайёр қабулларида фуқаролар ва тадбиркорларнинг соҳага оид мурожаатлари ўрганилди.

Э. Сайдуллаев: “Тадбиркорман, ижарада фаолият юритаман. Омихта ем ишлаб чиқарамиз. Ер солиғини тўлайман. Бу борада енгиллик борми?” дея мурожаат қилган.

Фуқарога у юридик шахс мақомига эга бўлгандагина имтиёзлар берилиши ва ер -солиғидан озод қилиниши мумкинлиги билдирилди.

Бўлиб ўтган мазкур сайёр қабуллар жараёнида аксарият мурожаатлар ижобий ҳал этилган бўлса, вақт талаб қиладиганлари юзасидан масъул шахсларга зарур кўрсатмалар берилди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn