Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади
  • 22 Сентябрь 2017

Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи нафақат юртдошларимиз, балки бутун мусулмон олами, жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Давлатимиз раҳбари долзарб минтақавий ва глобал муаммолар қаторида, ислом динининг инсонпарварлик моҳияти хусусида алоҳида фикр юритиб, жумладан, “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деган сўзлари бутун ислом уммати, ислом жамоатчилигининг айни дилидаги гап бўлди. Чунки бугунги кунда дунё миқёсида ислом динининг моҳиятини тушунмасдан, билмасдан унга нисбатан турли муносабатлар илгари сурилаётгани ҳам айни ҳақиқат. Мана шундай ўта мураккаб бир даврда диний қадриятларимиз софлигини сақлаш борасида Юртбошимиз бошчилигида амалга оширилаётган улкан эзгу ишлар жуда катта аҳамиятга эга бўлиб, ибратли ташаббуслар сифатида халқаро миқёсда юксак эътироф этилаяпти.

Ўзбекистон — буюк алломалар юрти. Табаррук диёримизда камол топган улуғ муҳаддислар, фозилу фузалоларнинг номи жаҳонда ҳурмат билан тилга олинади. Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Исо ва Ҳаким Термизийлар, Маҳмуд Замахшарий, Муҳаммад Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ҳамда бошқа кўплаб даҳолар номи нафақат ислом, айни вақтда башарият тамаддуни тарихига олтин ҳарфлар билан ҳақли равишда битилган.

Ана шу аждодларимиз бой меросини ўрганиш, тадқиқ қилиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга бугун алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2016 йилнинг октябрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкентда ўтказилган 43-сессиясида мамлакатимиз раҳбари Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ғоясини илгари сурган эди ва ҳозирги пайтда бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. Шеробод туманида тўлиқ қайта таъмирланган Абу Исо Муҳаммад Термизий зиёратгоҳи муаззамлик ва улуғворлиги билан фуқароларимизнинг севимли масканига айланди.

Қарши туманидаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳи ҳамда бошқа қадамжоларда қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал давом этмоқда.

Президентимизнинг шу йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қўлёзмаларни ўрганиш борасида янги босқични бошлаб берди. Шулар қаторида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Президентимиз 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида бўлиб, ушбу марказ лойиҳаси билан танишди ҳамда Ислом маданияти маркази номини Ислом цивилизацияси маркази деб аташни таклиф қилди. Марказ “Жаҳолатга қарши — маърифат” шиори остида барпо этилаётгани жуда чуқур маънога эга. Унда академия, кутубхона, архив ва қўлёзмалар фонди ташкил қилиниб, уларни бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар, уламолар томонидан асос солинган илмий ҳамда диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма, тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осориатиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий тадқиқот ишлари, видео ҳамда фото ҳужжатлар билан бойитиш, 300 ўринли конференция залини барпо этиш кўзда тутилган.

Юртбошимизнинг яқинда Қозоғистонда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитидаги нутқи, Ўзбекистонда бу борада амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақидаги маълумотлар анжуман қатнашчилари томонидан юксак баҳоланди.

Мамлакатимиз раҳбарининг БМТ юксак минбаридан туриб ушбу нуфузли халқаро ташкилот Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича билдирган таклифи долзарблиги билан улкан аҳамиятга эга. “Бу ҳужжатнинг асосий мақсади — барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат. Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган”, дея таъкидлади Президентимиз.

Умуман, давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи жаҳон ҳамжамиятига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш йўлидаги яна бир улкан тарихий қадам бўлди.

Ортиқбек ЮСУПОВ,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари

бўйича қўмита раиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn