Жаҳон жамоатчилиги Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларни юксак баҳоламоқда
  • 22 Сентябрь 2017

Жаҳон жамоатчилиги Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларни юксак баҳоламоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи халқаро ҳамжамият, эксперт доираларнинг катта қизиқишига сабаб бўлди.

Давлатимиз раҳбари халқаро ҳамжамиятнинг энг олий минбарида туриб, республикамизда сўнгги бир йил мобайнида амалга оширилаётган халқчил сиёсатнинг энг муҳим йўналишларини сарҳисоб қилди, улардан кўзланган асосий мақсад-муддао юртимизда халқ ҳокимиятини номига эмас, балки амалда жорий этиш механизмларини мустаҳкамлашдан иборат эканлигини батафсил таҳлил қилиб берди.

Дарҳақиқат, бугун дунё жамоатчилиги, ишбилармонлар, олиму тадқиқотчилар Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларга, Президентимиз томонидан олиб борилаётган ташқи сиёсий фаолиятга, айниқса, қўшни давлатлар билан аҳил, ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатиш саъй-ҳаракатларига хайрихоҳлик билан қарамоқда, десак, муболаға бўлмайди. Чунки улар учун “Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида янгиланаётган, янги қиёфаси шаклланаётган Ўзбекистон қайси йўлдан боради, ташқи сиёсатда қандай тамойил асосида иш тутади?!” деган саволларга жавоб топиш жуда муҳим. Бу бежиз эмас.

Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақада барқарорликнинг, хавфсизликнинг кафолати саналади. Юртимизда ислоҳотлар нечоғли муваффақиятли амалга оширилса, одамлар турмуш сифати янада юксалса, минтақада ривожланиш жадаллашади, янгидан-янги лойиҳаларга қўл уриш, инвестицияларни фаол жалб этиш мумкин бўлади.

Президентимиз ўтган бир йил ичида тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий топган Марказий Осиёни шакллантиришни ташқи сиёсатнинг энг муҳим мақсад ва асосий вазифаларидан бири сифатида фаол илгари суриб келмоқда. Бунда Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ҳамда яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш йўлидан қатъий бораётганини алоҳида кўрсатиб ўтиш жоиз. Давлатимиз раҳбарининг “Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч истисносиз барча масалалар бўйича оқилона муроса асосида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, деган сўзлари ёрқин ифодасини жуда қисқа давр ичида қўшни мамлакатларга амалга оширилган давлат ташрифлари, амалий сафарлар, халқаро саммитлар доирасидаги музокаралар, телефон орқали мулоқотлар, вазирлик ҳамда идоралараро, чегарадош ҳудудлараро учрашувлар, “халқ дипломатияси” кенгайиб бораётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Натижада биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги ойларда минтақамизда сиёсий ишонч даражаси сезиларли равишда ошди. Кўплаб масалалар бўйича принципиал жиҳатдан долзарб ечимлар топишга эришилди. Хусусан, сентябрь ойининг бошида Ўзбекистон — Қирғизистон давлат чегаралари тўғрисидаги шартнома имзоланиши том маънода муҳим воқеа бўлди.

Давлатимиз раҳбари алоҳида қайд этганидек, томонлар ўз сиёсий иродасини, ўзаро мақбул қарорлар қабул қилишга тайёр эканини намоён этгани туфайли ўтган йигирма олти йил давомида биринчи маротаба ушбу ғоят нозик масала бўйича катта натижага эришилди. Бошқача айтганда, минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит юзага келишига муваффақ бўлинди.

Юртбошимизнинг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият учун очиқлигини, барча шерикларимиз билан тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлигини амалда намойиш этди. Бу саъй-ҳаракатлар эса ягона мақсадни, Президентимиз таъкидлаганидек, инсон, унинг эҳтиёж ҳамда манфаатларини таъминлашни кўзлайди.

Сайёра АБДИКАРИМОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn