Келажак тараққиётимизнинг муҳим омили
  • 22 Сентябрь 2017

Келажак тараққиётимизнинг муҳим омили

Ўзбекистон барча соҳада изчил саъй-ҳаракатлар олиб бораётган, тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида ҳамкорликни кенгайтираётган давлат сифатида дунё ҳамжамияти эътиборини тортди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 18 — 20 сентябрь кунлари Америка Қўшма Штатларига ташрифи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи мамлакатимизнинг халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги роли ва ўрнини янада кучайтиришда тарихий аҳамиятга эга бўлди.

Давлатимиз раҳбари нутқида, айниқса, иқтисодиёт тизимини либераллаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилгани кўп сонли нуфузли олимлар, сиёсатшунослар, экспертларда катта қизиқиш уйғотди.

Дарҳақиқат, ўтган даврда юртимизда иқтисодий барқарорликни таъминлашга барча зарур шарт-шароит яратилди. Мамлакат раҳбарининг жорий йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, валюта муомаласида бозор механизмлари жорий қилингани, уни эркин конвертациялаш тизимига тўлиқ ўтилгани, бу борада аҳоли учун юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни юмшатиш бўйича зарур чоралар кўрилгани бунинг амалий ифодасидир.

19 сентябрь куни давлатимиз раҳбари билан учрашган Халқаро валюта жамғармасининг фармойиш берувчи директори -Кристин Лагард ўз баёнотида ушбу йўналишдаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини ва бу барқарор ҳамда комплекс тараққиётга эришишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлагани эътиборга молик. Шу билан бирга, 20 сентябрь куни Ўзбекистон — АҚШ бизнес форумида америкалик иштирокчилар мамлакатимизда валютани тартибга солиш тизимига бозор механизмларини жорий қилиш, банк-молия тизимини мустаҳкамлаш, бизнеснинг солиқ юкини қисқартириш, инвесторлар учун, жумладан, юртимизда ташкил этилган янги эркин иқтисодий зоналар доирасида қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш бўйича амалга оширилаётган кенг кўлами ислоҳотларни юксак баҳолади. Албатта, бу мазкур соҳадаги ишлар кўламини кенгайтиришга рағбатлантиради.

Президентимиз нутқида, шунингдек, мамлакатимизда илк бор тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Омбудсман институти жорий қилингани, бизнес соҳасидаги солиқлар сезиларли равишда қисқартирилиб, кредит олиш имкониятлари кенгайтирилгани қайд этилди. Бу, айтиш жоизки, юртимизда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни жадал тараққий топтириш, шу орқали аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмининг сезиларли қисми кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келаётгани, шуб-ҳасиз, соҳа ривожидан далолат беради.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон ўзининг бугунги ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратаётгани, минтақада барқарорлик, изчил тараққиёт ҳамда яхши қўшничиликни ривожлантириш, ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорликнинг қатъий тарафдори эканлигини қайд этгани ҳам алоҳида диққатга сазовор.

Умуман айтганда, Президентимизнинг БМТ юксак минбаридан туриб, халқимиз тақдири ва мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида билдирган долзарб ташаббусларини рўёбга чиқаришда биз, депутатлардан фидойилик талаб этилади. Жойларда ўтказиладиган учрашув ҳамда мулоқотларда ушбу тарихий нутқнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар орасида тарғиб қилишимиз мақсадга мувофиқдир.

Комилжон ЭРНАЗАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn