Биохилмахилликни асраш
  • 22 Сентябрь 2017

Биохилмахилликни асраш

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳаракатлар дастурининг устувор йўналишидир Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида юртимизнинг баланд тоғ экотизимларида биохилмахилликни муҳофаза этишга йўналтирилган лойиҳа доирасида тадбир уюштирилди.

Глобал экологик жамғарма билан биргаликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистоннинг баланд тоғ экотизимларида табиий ресурсларни ҳимоя қилиш ва улардан фойдаланишда кўмаклашиш, хусусан, тобора эътиборга муҳтож бўлиб бораётган қор қоплонини асраб-авайлашга қаратилгандир. Чунки бугунги кунда қор қоплони камайиб кетаётган ҳамда бутунлай йўқолиб кетиш хавфи остида қолган жонзот сифатида Ўзбекистон ва Халқаро “Қизил китоб”га киритилган. Ушбу турнинг камайишига тоғли ҳудудларнинг жадал ўзлаштирилиши, ноқонуний овлаш каби омиллар асосий сабаб бўлмоқда. Шу боис эндиликда уларни сақлаб қолиш муҳим вазифага айланаяпти.

Қор қоплони, асосан, республикамизнинг Тошкент, Қашқадарё ҳамда Сурхондарё вилоятлари ҳудудидаги тоғларда учрайди. Шунинг учун қиймати 6,5 миллион АҚШ долларилик бўлган ва 2017 — 2022 йилларга мўлжалланган лойиҳа доирасидаги ишлар айнан мазкур ҳудудларда бажарилади.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон БМТнинг 1992 йилда Рио-де-Жанейрода имзоланган Биологик ранг-баранглик тўғрисидаги Конвенциясига 1995 йилда қўшилган. Ўтган вақт мобайнида унинг ижроси юзасидан муайян чора-тадбирлар кўрилди. Масалан, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳаракатлар дастури ҳам унинг доирасида ишлаб чиқилди. Бироқ ҳали бажарилиши лозим бўлган юмушлар кўп. Шу маънода, айтиш мумкинки, 21 сентябрдан бошлаб ижросига расман киришилган лойиҳа табиий ресурсларни асраш, яйлов ҳамда ўрмонлардан оқилона фойдаланиш, замонавий ёндашувларни қўллашда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn