Орол фожиаси — глобал муаммо
  • 21 Сентябрь 2017

Орол фожиаси — глобал муаммо

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқини телевидение орқали барчамиз катта ҳаяжон билан тингладик. Президентимиз Ўзбекистонда олиб борилаётган чуқур ислоҳотлар, янгиланишлар жараёни, инсон манфаатларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида атрофлича сўз юритиб, жаҳон ҳамжамияти эътиборини халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, хусусан, бугунги куннинг энг ўткир муаммоларидан бири — Орол фожиасига қаратди. Денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф қилиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол -бирлаштиришни тақозо этишини таъкидлади.

Дарҳақиқат, бугун Орол дардини олам дарди, дейиш мумкин. Чунки бир пайтлар дунёдаги энг ноёб, гўзал ва йирик ёпиқ сув ҳавзаларидан бири бўлган, яқин-яқингача Марказий Осиё иқтисодиётини ривожлантириш, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда барқарор ижтимоий инфратузилмани шакллантиришда катта ўрин тутган, Оролбўйи минтақаси учун барака ва фаровонлик манбаи ҳисобланган ушбу улкан денгиз бир авлод кўз ўнгида батамом йўқолиб кетиш хавфи остида экани ғоят ачинарлидир. Юртбошимизнинг БМТ юксак минбаридан туриб, дунё аҳли эътиборига ҳавола қилган Орол фожиаси акс эттирилган харитага боққан киши ҳеч қандай изоҳсиз ушбу экологик офат ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлади.

Тарихий манбаларда Орол денгизи бундан 35 минг йил аввал пайдо бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор. Уни илк бор араб муаррихи Ибн Руста ўз асарларида “Орол денгизи” деб атаган эди... Биз юқорида бир вақтлар Орол жаҳондаги энг катта сув ҳавзаларидан бири бўлганлиги ҳақида айтдик. Ҳақиқатан ҳам, у Каспий денгизи, Шимолий Америкадаги Юқори кўл ва Африкадаги Виктория кўлидан кейинги тўртинчи ўринда турган. Унинг майдони 66458 кв. км., ўртача чуқурлиги 20 — 25 метр, энг чуқур жойи эса 67 метр бўлганлиги ҳақида илмий асослар мавжуд. Бу рақамлар замиридаги манзарани тасаввур қилиш мушкул эмас. Бугун эса ана шу улкан сув ҳавзаси деярли кўлмакка айланиб бораётир. Мана бу рақамларга бир эътибор беринг-а: денгизнинг суви кейинги 50 — 55 йилда 15 мартадан зиёд камайиб, сув сатҳи 29 метрга пасайган, ҳудудда 5,5 миллион гектар тузли қум майдонлари ҳосил бўлган. Мазкур ҳолат минтақа табиати, одамлар ҳаёти, ўсимликлар ва ҳайвонот оламига салбий таъсир кўрсатмоқда. Фожианинг сабаблари, оқибати ҳақида ўтган даврда жуда кўп гапирилди. Бироқ улар шунчаки -айтилди-қўйилди. Аҳвол эса ўнгланмади.

Шуниси қувонарлики, мустақиллик йилларида Орол ҳамда бу ерларда яшаётган аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга бўлган қараш бутунлай ўзгарди. Ўзбекистон бир неча маротаба дунё ҳамжамияти эътиборини ушбу долзарб муаммога қаратди. Марказий Осиё минтақасининг глобал масалалари бўйича фикр алмашиш мақсадида мамлакатимизга БМТнинг нуфузли вакиллари кўп бор ташриф буюрди. Жумладан, БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Муннинг 2010 йилда Оролбўйида бўлгани Орол фожиаси ва экологик офатга туташ минтақаларга жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини кучайтиришда муҳим роль ўйнади. Шу йилнинг март ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг амалдаги Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам Қорақалпоғистон Республикасида бўлди. Орол денгизи акваториясига борди. Мўйноқ туманидаги “Кемалар қабристони”ни кўрди, жамоатчилик вакиллари билан учрашди. Орол денгизи ҳамда унинг атрофидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади. Ташрифдан сўнг Бош котибнинг Президентимиз Шавкат -Мирзиёев номига ёзган миннатдорлик мактубида шундай жумлалар бор: “Орол денгизи тезлик билан қуриб бораётгани мени қаттиқ ташвишга солди ва бу фалокатдан азият чекаётган аҳоли билан учрашувдан ғоят таъсирландим. Ишонтириб айтаманки, БМТ Сизнинг ушбу фожиа оқибатларини бартараф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларингизни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр”.

Ушбу самимий сўзлар давлатимиз раҳбарининг Орол ҳудудига алоҳида эътибори жаҳон ҳамжамияти билан ҳамоҳанглигини кўрсатди. Албатта, яхши натижа, авваламбор, амалий ишга таянади. Шу маънода айтиш мумкинки, жорий йилнинг 7 февраль куни тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар ислоҳ қилишнинг концептуал масалалари бу борада муҳим қадам бўлди.

Бунга ҳамоҳанг равишда юртимизда БМТ шафелигида Орол денгизи ҳамда Оролбўйи ҳудуди бўйича махсус Траст жамғармасини тузишга қаратилган саъй-ҳаракатлар қатъий қўллаб-қувватланиб, 2017 йил 

10 февралда БМТнинг “Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол денгизи фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва мустаҳкамлаш” дастури амалга оширила бошланди. Бу Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясининг асосий қоидалари Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла мос келаётганини яққол ифодалайди.

Албатта, сўз билан иш бирлиги ҳар доим хайрли амалларга йўл очади. Маълумки, давлатимиз раҳбари 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Мўйноқ тумани аҳолисини, биринчи навбатда, ичимлик суви билан таъминлашимиз шарт, деганди. Бундан ҳудуд аҳли беҳад мамнун бўлди. Эртанги кунга ишончи янада мустаҳкамланди. Қарангки, қарийб олтмиш йилдан буён ечилмай, кўндаланг турган ушбу муаммо Президентимиз эътибори, ғамхўрлиги билан олти ойга етар-етмас ҳал қилинди. Қўнғиротдан Мўйноққача бўлган 101 километрлик масофага қувур ётқизилиб, бу ерга тоза сув келтирилди. Одамларнинг асрий орзуси рўёбга чиқди.

Булар — масаланинг бир томони. Ҳозир минтақада экологик мувозанатни тиклаш, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш мақсадида ҳам талай хайрли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, шу мақсадда умумий қиймати 4 миллиард сўмликдан зиёд 50 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилди. 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган дастур асосида Мўйноқ туманида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар давом эттирилаяпти. Орол денгизининг қуриган ҳудудида 350 минг гектарга иқлимга мос қандим, черкес, саксовул экилиб, тузли чанг-тўзон кўчишининг олди олинаётгани диққатга молик яна бир жиҳатдир.

Илгари Мўйноқда ҳам, асосан, битта марказий кўча бўлар, унинг икки юзида тошдан тикланган расталардан иборат деҳқон бозори, тўкилиб тушай деб турган маданият саройи, Орол музейи, кинотеатр, коллеж, мактаблар ва маъмурий бинолар жойлашганди. Кўча ўртасидаги қачонлардир асфальтланган тор йўлдан тўғри Учсойга ўтиб кетиларди... Бугун Мўйноққа бир келинг, асло танимайсиз. Кенг ҳамда равон йўллар ёқасига шундай шинам ва замонавий уйлару иморатлар солинганки, қиёфаси катта шаҳарларникидан асло қолишмайди. Ташкил этилаётган юзлаб янги иш ўринлари, аҳоли фаровонлигига хизмат қилувчи бино ҳамда иншоотлар одамлар қалбига ёруғлик солди. Эрталабдан Мўйноқ кўчаларига чиқинг. Кўзингиз қувонади. Бугун ҳудудда яна ҳаёт қайнайди. Кўча-кўйда мактабга шошаётган болалар, ишга ошиқаётган йигит-қизларнинг шодон кулгиси одамнинг кўнглига таскин беради.

Куни кеча бу ерда Ёшлар иттифоқи “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда ёшлар илмий экспедициясини уюштирди. 25 нафар йигит-қиздан иборат экспедициянинг мақсади Орол фожиасининг бугунги кундаги ҳолатига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш, биология, геология, экология йўналишларида илмий тадқиқот олиб бораётган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва касбга бўлган қизиқишларини янада оширишдан иборат экан. Қолаверса, бу орқали ҳудудга туристлар оқими, айниқса, ёшлар ҳамда экстремал туризм йўналишларида хорижлик меҳмонларни жалб қилиш кўзда тутилган. Бу ҳам минтақага эътибор амалий тусга кирганини яна бир карра тасдиқлайди.

Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 72-сессиясидаги нутқи барча юртдошимиз қатори қорақалпоғистонликларни ҳам руҳлантирди. Эрта тонгдан турли давраларда ана шу йирик халқаро анжуманда Президентимиз айтган сўзлар гурунгларнинг бош мавзуига айланди. Ҳамма чексиз ғурурга тўлганини, миннатдор эканини билдирди. Улардан бири ёш тадбиркор Абдижамил Холмуродовдир.

— Очиғи, мамлакатимиз раҳбарининг Оролни қутқариш, минтақа аҳолисининг турмуш фаровонлигини яхшилаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини кузатиб, кўнглимиз хотиржам тортди, — дейди у. — Сабаби, Президентимиз халқнинг дардини тўғри англади. Мана, биргина мисол: Қорақалпоғистонда пахта майдонлари қисқартирилиб, ўрнига бошқа экинлар экилиши режалаштирилмоқда. Бу, бир томондан, минтақа учун муҳим бўлган сувни тежаш имконини берса, иккинчи томондан, деҳқончилик маҳсулотларининг мўллигини таъминлайди. Бундан ҳосил бўладиган мурод — одамлар рўзғорига барака инади, турмуш янада фаровонлашади.

...Бугун Амударё яна эски ўзанига қайтди. Жайҳун мавжларида қорақалпоқ элининг бахту иқболи, эртанги порлоқ куни жилваланаётгандек. Зотан, Юртбошимиз томонидан минтақадаги экологик вазиятни ўнглаш, одамлар турмуш фаровонлигини яхшилашга қаратилган хайрли ҳаракатлар ана шундан далолат бериб турибди.

Ўрозбой АБДУРАҲМОНОВ,

Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn