Яхши қўшничилик ва мустаҳкам дўстлик ифодаси
  • 21 Сентябрь 2017

Яхши қўшничилик ва мустаҳкам дўстлик ифодаси

 

Ўзбек ва қирғиз халқлари азалдан яқин қўшни, бир-бирига қардош халқлардир. Бугунги кунда ушбу муносабатлар янада мустаҳкамланиб бормоқда.

Наманган вилоятининг Косонсой тумани ҳудудий жиҳатдан қўшни давлатнинг Жалолобод вилояти, Олабуқа тумани билан туташган. Ери, суви, урф-одатлари ўхшаш бу икки халқ ўртасидаги биродарлик доимий борди-келди, қуда-андачилик муносабатлари билан уйғунлашган. Бироқ собиқ иттифоқ парчаланганидан сўнг чегараларни белгилашдаги чалкашликлар икки миллат вакиллари учун бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқарганди. Президентимизнинг жорий йил 

5-6 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи чоғида чегара масалалари бўйича имзоланган шартномалар боис ана шундай ноқулайликларга чек қўйиладиган бўлди. Хусусан, мазкур ташриф доирасидаги амалий келишувлар “Косонсой” чегара божхона постининг қайта фаолият бошлашига имконият яратди. Шу муносабат билан бу ерда ташкил этилган тадбир чинакам дўстлик байрамига айланди.

Унда Қирғизистоннинг давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Наманган вилоятида истиқомат қилаётган қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз, кенг жамоатчилик ҳамда ёшлар қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққанлар “Косонсой” чегара божхона пости фаолиятининг қайта -тикланиши яқин қўшничилик муносабатларида янги даврни бошлаб беришини алоҳида таъкидладилар.

— Олабуқа туманида яқин қариндошларимиз яшайди, — дейди қирғиз миллатига мансуб юртдошимиз Акмал Тошматов. — Аммо сўнгги йилларда улар билан дийдорлашиш анча қийинлашиб қолганди. Ушбу чегара-божхона постининг очилиши эса ортиқча оворагарчиликларга чек қўядиган бўлди. Энди қариндошларимизнинг тўй ва бошқа маросимларига эмин-эркин бориб кела оламиз. Шундай имкониятни яратиб берган Президентимиздан миннатдормиз.

— Бир ариқдан сув ичиб яшаган қардош халқлармиз, — дейди Олабуқа тумани Оқсоқоллар кенгаши раиси Саматқул Максубеков. — Байрамларимизни биргаликда -нишонлаш, қуда-андалик борасида тарихи узоқ йилларга бориб тақаладиган умрбоқий анъаналарга эгамиз. Бугунги учрашув эса ана шу қадриятларимиз бардавомлигини таъминлаб, дўстона алоқаларимизни янада кучайтиришга хизмат қилади.

Ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш йўлидаги амалий тадбирлардан бири бўлган мазкур учрашув икки миллат ашула ҳамда рақсларидан ташкил топган концерт дастури билан якунланди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn