• 21 Сентябрь 2017

Тарбия оиладан бошланади

Фарзанд тарбиясида оиланинг катта ўрни бор. Шу боис мамлакатимизда оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, маҳалла, Ватан, ота-она сингари муқаддас тушунчаларни ёшлар онгига сингдириш, фарзанд тарбиясида ота-оналарнинг масъулиятини ошириш, уларнинг билим ва малакасини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муҳими, ушбу йўналишда муайян натижалар кўзга -ташланаётир. Аммо бугунги тезкор ва мураккаб замонда шуларнинг ўзи билан хотиржам тортиш асло мумкин эмас. 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши томонидан уюштирилган “Ёш авлод тарбиясида ота-оналарнинг масъулиятини ошириш” мавзуидаги республика илмий-амалий конференцияси шу масалага бағишланди. Унда Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий маркази, Маънавият ва маърифат маркази, Халқ таълими, Ички ишлар, Адлия вазирликлари, Бош прокуратура, Ёшлар иттифоқи вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, маҳалла фаоллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Анжуманда ота-оналарнинг фарзанд тарбияси борасидаги бурч ва масъулиятини юксалтириш, шу масалага кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш, давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг мазкур йўналишдаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика ва ҳудудий кенгашлар ҳамда маҳаллалар томонидан тизимли чора-тадбирлар кўрилаётгани айтиб ўтилди. 

Жумладан, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларининг аҳоли билан ишлаш ва мулоқот қилиш маданиятини юксалтириш, оилалар ижтимоий-маънавий ҳолатини тизимли ўрганиш, уларнинг фаровонлигини оширишга қаратилган услубий тавсиялар бериш кўникмасини ривожлантириш, ижобий тажрибаларни оммалаштириш мақсадида туман ва шаҳарларда махсус ўқув-семинарлар ўтказилди. 

Фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги “Ота-оналар университетлари” томонидан жорий йилнинг ўтган даврида оилалар бошлиқларининг ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида 27 мингта, маънавий-ахлоқий хабардорлигини кучайтириш бўйича мингга яқин, физиологик саводхонлигини юксалтириш учун эса қарийб 

21 мингта тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Айни чоғда “Ота-оналар университетлари” аъзолари ҳамда маҳаллалар фаоллари учун ўқувлар уюштирилди.

Шунингдек, оилалар ҳамжиҳатлигини таъминлаш, оилавий низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялашда яраштириш комиссиялари ўрнига бағишланган ўқув-семинарлар ўтказилди.

Тадбирда болаларни бадиий адабиётга қизиқтириш, китоб мутолаасига кенг жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар хусусида ҳам сўз юритилди. Зеро, китобга ошно тутинган ҳар бир ўғил-қиз ўзи учун мустаҳкам маънавий пойдевор яратади, мафкуравий хуружлардан ўзини ишончли тарзда ҳимоя қила олади. Шу мақсадда жорий йилнинг май — август ойларида юртимизнинг барча ҳудудида “Маҳалла китобсеварлари” ҳафталиги юқори савияда ташкил этилди. Уларда минглаб ўғил-қизлар ҳамда ота-оналар қамраб олингани, айниқса, эътиборга молик.

Анжуманда оилаларнинг ёшлар тарбиясидаги таъсирини янада ошириш билан боғлиқ бошқа қатор масалалар ҳам чуқур таҳлил қилинди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.