Рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект
  • 21 Сентябрь 2017

Рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект

АКТ бўйича ўтказилган Миллий Саммитда ана шу мавзулар атрофлича муҳокама қилинди. “Ўзэкспомарказ” мажмуида “ICTSUMMIT — 2017” ахборот-коммуникация технологиялари миллий саммити бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилган ушбу анжуманда мамлакатимиз вакиллари билан бир қаторда, АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Россия, Беларусь каби давлатлардан соҳанинг таниқли мутахассислари, шунингдек, “Microsoft”, “IBM”, “Huawei” ҳамда бошқа нуфузли халқаро компаниялар -таҳлилчилари қатнашди.

Тадбирда мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ва эришилаётган натижалар алоҳида эътироф этилди. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 июндаги “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони АКТдан фойдаланишга асосланган иқтисодиётнинг юқори технологик тармоқларини шакллантириш ҳамда фаол ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, ахборот технологиялари маҳсулотлари ишлаб чиқувчилар ва буюртмачиларига қўшимча имтиёзлар, преференциялар бериш ҳисобига ушбу тармоқда илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқаришнинг интеграциялашувини янада чуқурлаштириш, АКТ маҳсулотлари экспортини кўпайтириш, шунингдек, маҳаллий ва хорижий инвестициялар жалб қилинишини рағбатлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

Мазкур Фармон билан мамлакатимизда биринчи маротаба ахборот технологиялари соҳасида хўжалик юритувчи субъектларни, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқувчиларни бирлаштирадиган Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulugbek Innovation Center” инновация маркази тузилди.

Анжуманда рақамли иқтисодиёт трендлари, глобал рақамли трансформацияси доирасида АКТнинг фундаментал ривожланиши, кенг полосали интернетдан фойдаланишнинг АКТ инфратузилмасига таъсири, “4.0 индустрияси”, рақамли иқтисодиётда сунъий интеллектнинг ўрни каби масалалар муҳокама қилинди.

— Мамлакатингизда иқтисодиётнинг турли жабҳаларига ахборот-коммуникация технологияларининг кенг жорий этилаётгани диққатга сазовор, — дейди Жаҳон банкининг Рақамли стратегия масалалари бўйича маслаҳатчиси Судан Рандип. — Мен Саммитда рақамли иқтисодиётга ўтишнинг ҳолати ва тенденциялари, мазкур жараёнда халқаро тажрибанинг ўрни ҳақида маъруза қилдим. Соҳа вакиллари билан кечган мулоқотдан катта таассурот олдим.

Саммит якунида иштирокчилар томонидан резолюция қабул қилинди.

Ҳафталик доирасида, шунингдек, “ICTEXPO — 2017” ахборот-коммуникация технологиялари кўргазмаси ҳам бўлиб ўтмоқда.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn