Миллат маънавиятига дахлдор масала
  • 20 Сентябрь 2017

Миллат маънавиятига дахлдор масала

Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори халқимиз маънавий дунёсини бойитиш, давлат тараққиётининг асоси ҳисобланмиш интеллектуал маданиятни юксалтиришга қаратилган муҳим ҳужжат экани билан аҳамиятлидир.

Қарорда келтирилганидек, сўнгги пайтларда ўтказилган кузатиш ҳамда таҳлиллар бу соҳада ўз ечимини кутаётган қатор муаммолар борлигини ва уларни кенг кўламда ҳал қилиш зарурлигини кўрсатаётир. Хусусан, халқимиз, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига мос келадиган китобларни сифатли чоп этиш, жойларга, таълим муассасаларига вақтида ҳамда мақбул нархларда етказиш, миллий ва жаҳон адабиётининг сара намуналарини таржима қилиш, фарзандларимизни болаликдан бошлаб адабиётга ошно этиш долзарб бўлиб қолмоқда.

Бугун битта китобнинг китобхон қўлига етиб боришигача бўлган жараёндаги муаммолар нималарда намоён бўлади? Назаримизда, аввало, бадиий пишиқ асарлар яратилиши зарур. Бу эса муаллиф-ижодкорларнинг моддий-маънавий рағбатлантирилишига кўп жиҳатдан боғлиқ. Матбаа корхоналари орасида яхши асарларга талаб доим юқори бўлиб келган. Бироқ салоҳиятли муаллифларни кўпроқ жалб қилиш учун уларга қалам ҳақи — гонорар тўлаш тизимини тубдан яхшилаш зарур. Афсуски, ҳозирги пайтда юртимиздаги аксарият нашриётларда муаллифга гонорар тўламай, унинг ўрнига китобини тутқазиб қўйиш ҳолатлари учрайди. Бу аслида китоб ва китобхонликка хиёнатдан ўзга нарса эмас.

Шу ўринда “Нашриётлар нега бундай йўл тутмоқда?!” деган савол туғилиши табиий. Улар чоп этаётган китоб маҳсулотларининг сотуви қониқарли даражада эмасми? Китоб дўконларию савдо расталарида сотилмай қолаётган китоблар ноширлар сарфлаган харажатни қопламаётган бўлса, эҳтимол, айб нашриётларда ҳам эмасдир? Бундай шароитда ноширлар қаердан даромад оладию муаллифларга ниманинг ҳисобидан қалам ҳақи тўлайди? Навбатдаги китобларни қайси маблағ эвазига чоп қилади?

Агар аҳоли ўртасида китоб ўқиш суръати, мутолаа маданияти ошмаса, бу борада силжиш юз бермаса, мазкур муаммоларни бартараф этиш мушкул. Бунинг учун ҳозирги замон китобхонининг талабига, дидига мос китобларни чоп қилиш лозим.

Давлатимиз раҳбари қарорида мазкур масалаларнинг оқилона ечими ўз ифодасини топган. Ушбу ҳужжат асосида Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.

Дастурга мувофиқ, китоб маҳсулотларини чоп этиш ҳамда тарқатиш, ноширлик ва матбаа соҳаларини янада ривожлантиришга оид норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган китобларни, айниқса, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп қилиш давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Бу, албатта, муҳим янгилик. Чунки китобларни чоп этиш, китобхонликни ривожлантиришдек давлат аҳамиятига эга маънавий-маърифий ишни ўз ҳолига ташлаб, унинг бизнесга айлантирилишига жим қараб туриб бўлмайди.

Шунингдек, китоб маҳсулотлари бўйича давлат буюртмасининг асосий йўналишларини шакллантириш, адабий-бадиий, ўқув-услубий, илмий-назарий, илмий-оммабоп ҳамда кўргазмали адабиётларни чоп қилиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ихтисослаштирилган китоб дўконлари фаолиятини ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор билан ёндашилган.

Биласиз, китоб нашр этиш, савдосини йўлга қўйиш, асосан, ҳудудлар марказларида нисбатан яхши ривожланган. Юртимизнинг чекка туман ҳамда қишлоқларида китобхон кўп, лекин китоб дўконлари йўқ ҳисоби.

Дастурга биноан, мутасаддилар зиммасига қишлоқ аҳолисига кутубхона хизматини кўрсатиш тизимини ташкил қилиш борасида тадбирлар режаси лойиҳасини тайёрлаш юклатилгани диққатга сазовор. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳар бир шаҳар ҳамда туманда китоб савдосига ихтисослаштирилган дўконларни ташкил этиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектларига фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини фойдаланиш учун текинга бериш вазифаси қўйилди.

Савдо айланмасида китоб сотиш улушининг ҳажми 70 фоиздан кўп бўлган юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектлари 2020 йил 1 январгача ягона солиқ тўловини тўлашдан озод қилингани эътирофга молик яна бир жиҳатдир.

2017 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан 132 та нашриёт, 1800 дан зиёд матбаа корхоналари давлат рўйхатидан ўтказилган. Улар томонидан ҳар йили 4 минг номдан ортиқ, умумий адади 50 миллион нусхадан кўпроқ ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий, илмий, энциклопедик ва маърифий асарлар, жумладан, ўзбек ҳамда жаҳон классик адабиёти намуналари нашр этилмоқда. Айтиш керакки, элликдан зиёд нашриётлар болаларбоп китоб маҳсулотларини чоп қилиб келмоқда. Юртимизда нашрдан чиқаётган адабиётларнинг ҳар учтадан биттаси болалар ва ёшларга бағишланган.

Демак, Президентимиз қарори билан тасдиқланган дастур ва у орқали берилаётган имтиёзлар ана шунча нашриёт ҳамда матбаа корхоналари томонидан чоп этилаётган китобларни сотишнинг географиясини кенгайтиради, китобхоннинг мутолаа имкониятларини оширишга хизмат қилади.

Мамлакатимизда китобхонликни ривожлантиришга миллат келажагига дахлдор масала сифатида ёндашилаётгани ҳаммамизни бирдек қувонтиради. Оилаларда, таълим муассасаларида мутолаа учун шароитларни кенгайтириш, фарзандларимизни китобсевар этиб тарбиялаш жараёнида жиддий қадам қўйилди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Гавҳар АЛИМОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг 

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn