Бой тажриба ва ибрат мактаби
  • 19 Сентябрь 2017

Бой тажриба ва ибрат мактаби

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 13 июнь куни суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишлар аҳволи, муаммо ва истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклифлар тизимдаги ислоҳотларни яна бир поғона юксалтирди.

Халқ орасида обрў-эътибор қозонган судьяларнинг ҳаёт йўли, одил судловни амалга оширишдаги тажрибасини оммалаштириш мақсадида “Судьялар клуби” ва “Суд ҳимоясида” рукнлари остида марказий телеканал ҳамда газеталарда мунтазам равишда туркум кўрсатув ва мақолалар бериб бориш ҳақидаги таклиф асосида қилинаётган саъй-ҳаракатлар ҳам бугун алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий судида ташкил қилинган суд фахрийлари ва ёш судьялар учрашувида шу хусусда атрофлича сўз юритилди. Хусусан, Президентимиз томонидан илгари сурилган ушбу таклиф замирида катта ҳаёт ҳақиқати мужассам эканлиги алоҳида таъкидланди. Зеро, халқимиз ўртасида ўзининг ҳалоллиги, адолатпарварлиги, юксак инсоний фазилатлари билан катта обрў-эътибор қозонган суд фахрийларининг доно маслаҳатлари, бой тажрибаси ва ҳаётий ўгитлари ёш кадрлар учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. Айниқса, ёшлар судьялик касби масъулиятини чуқур англаб етишларида фахрийларнинг ҳаёт синовида тобланган тажрибаси муҳим ўрин тутади.

— Юртбошимиз томонидан ҳақли равишда қайд этилганидек, соҳада ўз ечимини кутаётган хато ва камчиликлар талайгина, — дейди суд фахрийси К. Саидов. — Ҳозирги пайтда уларни бартараф қилиш чоралари кўрилаётгани айни муддаодир. Негаки, гап -инсон тақдири ҳақида кетаркан, судьяларнинг адолат ҳимоячиси, судларнинг эса “Адолат қўрғони” бўлиши жуда зарур. Шундан келиб чиқиб, учрашув чоғида ёш ҳамкасб-ларимизга тажрибамиз, соҳамизнинг ўзига хос жиҳатлари, одил судловни амалга оширишда судья билими ва инсоний фазилатлари нечоғли ўрин тутиши ҳамда адолатли қарор қабул қилиш масъулияти тўғрисида атрофлича гапириб бердик. Бундай самимий мулоқотлар юқори самара беришига ишонамиз.

Учрашувда бугун юртимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш ҳамда адолатли, асосли, қонуний қарорлар қабул қилишга қодир судьялар корпусини шакллантиришга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

— Давлатимиз раҳбари судьялар билан бўлиб ўтган учрашувда тизимдаги камчиликларни кўрсатиш баробарида, соҳа ходимларига юксак ишонч билдирди, — дейди пойтахтимизнинг Бектемир тумани маъмурий суди раиси С. Михлиев. — Шундай экан, ўз билимларимизни мустаҳкамлаш орқали ҳар бир ишга юқори масъулият билан ёндашиш ҳамда ҳалоллик ва покликни фаолият мезони, деб билишимиз талаб этилади. Бу борада тизимда узоқ йиллар фаолият юритган фахрийлар билан мулоқотлар қўл келади, деб ҳисоблаймиз.

Тадбирда бундай учрашувларни мунтазам ўтказишга келишиб олинди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn