Сурхондарё соҳилида янги сўлим маскан
  • 19 Сентябрь 2017

Сурхондарё соҳилида янги сўлим маскан

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятида бўлганида, ҳудудда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш асносида “Амударё” спорт-соғломлаштириш маркази, бу ерда ташкил этиладиган инфратузилма объектлари лойиҳасини ҳам кўздан кечирган эди.

Зотан, юртимизда бундай масканларнинг қурилиши замирида, аввало, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, ўғил-қизларимизга ўз иқтидори ва салоҳиятини намоён қилишлари учун замонавий шароитлар яратишдек эзгу мақсадлар мужассамдир. 

Термиз шаҳрида “Амударё” спорт-соғломлаштириш масканининг навбатдаги босқичи фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда жамоатчилик вакиллари шулар хусусида сўз юритди. 

Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида Сурхондарё дарёси соҳилида  6 гектарлик “Амударё” спорт-соғломлаштириш масканининг 200 ўринга мўлжалланган биринчи бос-қичини бунёд этиш учун 35 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди. Бу ердаги замонавий спорт майдончалари, ахборот-ресурс маркази, тиббиёт мажмуаси, ёзги амфитеатр, рангли фаввораларни кўриб, кўз қувнайди. 

Янги масканнинг 17 гектар майдондаги иккинчи босқичида 30 миллиард сўм маблағ эвазига болалар ва катталар учун спорт-соғломлаштириш мажмуаси, ёпиқ ҳамда очиқ сузиш ҳавзалари, футбол, волейбол майдонлари, турли хизмат кўрсатиш шохобчалари қад ростлади. Бахшилар мактаби барпо этилди. 

— Бир пайтлар ташландиқ бўлиб ётган жойда шундай кўркам, замонавий мажмуанинг қурилиши аҳоли, айниқса, ёшлар манфаати йўлида салмоқли ишлар қилинаётганидан далолат беради, — дейди меҳнат фахрийси Жума Арабов. — Бу ер биз, кексалар ҳам мириқиб ҳордиқ чиқарадиган маскан бўлибди.  

Соғломлаштириш маскани атрофида бунёдкорлик ва кўкаламзорлаштириш-ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О. Муродов сўзга чиқди.

Илҳом РАҲМАТОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn