Давлат идораларида мурожаатларга муносабат ўзгармоқда
  • 19 Сентябрь 2017

Давлат идораларида мурожаатларга муносабат ўзгармоқда

Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш масаласига етарлича масъулият билан ёндашилмаса, ариза ва шикоятлар ўрганиш учун энг қуйи бўғинга жўнатилаверса, қуйи бўғиннинг ноаниқ жавоб хатидан кўнгли тўлмаган мурожаат эгалари ойлаб, баъзан йиллаб эшикма-эшик сарсон юради. Бу эса, табиийки, орамиздаги одамларда давлат ва жамиятга нисбатан ишончсиз кайфиятни пайдо қилади, жойларда эса ечимини кутаётган қатор ижтимоий муаммолар тўпланиб қолишига сабаб бўлади.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз Конституциясининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг ижросини назорат қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилганига урғу бериб, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши кераклигини барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарурлигини таъкидлаган эди.

Ўтган қисқа даврда айни соҳада жиддий ўзгаришлар юз берганига барчамиз бирдек гувоҳмиз. Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони доирасида ташкил қилинган Халқ қабулхоналари, Виртуал қабулхона ҳамда жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар ҳеч бир мурожаатнинг эътиборсиз қолмаслигини таъминламоқда. Асосийси, фуқароларимиз ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари давлат томонидан ҳимоя қилинаётганидан мамнун ва миннатдор.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан ташкиллаштирилган навбатдаги сайёр қабул -манзили Оролбўйидаги Амударё тумани бўлди.

— Халқ қабулхоналари ва сайёр қабуллар аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, мурожаатлар билан ишлашни сифат жиҳатидан янги ҳамда самарали босқичга олиб чиқди, — дейди Амударё тумани Халқ қабулхонаси мудири Эркин Ражабов. — Мазкур институт давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда фуқаролар ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажариб, у туфайли раҳбар ва мансабдор шахсларнинг мурожаатларга бўлган муносабати ўзгарди. Расмиятчилик, сансалорлик ҳолатлари сезиларли равишда барҳам топмоқда.

Хусусан, ушбу масканимизда ҳафтанинг чоршанба ва шанба кунлари туман ҳокими ҳамда тегишли соҳалар масъул раҳбарлари иштирокида фуқаролар қабул қилинаяпти. Очиқ, юзма-юз мулоқот олиб бориш, одамлар оғирини енгил қилиш учун зарур омилларни сафарбар этиш саъй-ҳаракатлари натижасида жорий йилнинг ўтган саккиз -ойида Халқ қабулхонасига келиб тушган 481 мурожаатнинг 42 фоизи жойида ҳал қилинди. Мана бундай сайёр қабуллар эса ижтимоий-иқтисодий соҳаларда аҳоли дуч келаётган камчиликларни, қонун ҳужжатлари ижросида кузатилаётган бўшлиқларни аниқлаб, уларни бартараф этишда айни муддао бўлаётир.

Амударёда ўтган сайёр қабулда элликка яқин мурожаатлар атрофлича ўрганилди. Асосан, бандлик, коммунал хизмат, тиббий ёрдам, кредит олиш, тураржой, ер ажратиш масалаларига дахлдор мурожаатларнинг ўнга яқини шу ернинг ўзида қаноатлантирилди. Қолгани белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун йўналтирилди.

— Бу йил Қорақалпоқ давлат университетининг экология факультетига тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилиндим, — дейди тумандаги “Қипчоқ” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Роза Эрдашева. — Лекин оилавий шароитимиз қийин, шартнома тўловига қурбимиз етмайди. Шунинг учун таълим кредити олишни кўзлаган эдим. Бугунги сайёр қабулга мени етаклаган сабаб ҳам шу. Мурожаатимни тинглашди. Қаноатлантириладиган бўлди. Бу менга эртанги кунга ишонч, умид ва иштиёқ берди.

“Ўрта қалъа” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Махсуд Юлдашевнинг, “Дўрмон” овул фуқаролар йиғинидан келган Дилором Раҳимованинг мурожаати эса ишсизлик билан боғлиқ. Доимий иш жойи, демакки, муқим даромад манбаи бўлмаган бу инсонлар ҳаётида ушбу кун алоҳида ўрин тутса, ажабмас. Сайёр қабул давомида уларнинг мурожаатлари билан танишган мутасаддилар фақат ваъда билан чекланмадилар. 

М. Юлдашев тумандаги “Темир бетон” масъулияти чекланган жамиятида, Д. Раҳимова 23-умумтаълим мактабида ишлаш учун йўлланма олди.

Шу ўринда айтиш жоизки, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизими натижадорлиги ошишида муҳим аҳамият касб этаётган сайёр қабул яна бир хайрли ишга туртки берди. Амударё тумани “Тошёп” овул фуқаролар йиғинида бунёд этилган икки қаватли, 16 та квартирадан иборат янги уйнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтган тадбир чинакам шодиёнага, меҳр-оқибат байрамига айланиб кетди. Бинобарин, туман Халқ қабулхонаси ҳамда сайёр қабулларга келиб тушган мурожаатлар орасида уй-жой масаласи билан боғлиқ муаммолар ҳам бот-бот учрайди. Айниқса, бу муаммо ногирон, ўзгалар мададига, кўмагига муҳтож инсонларни янада мушкул аҳволда, чорасиз қолдириши мумкинлиги ҳаммамизга кундай равшан.

Тадбирда янгиланган лойиҳа асосидаги арзон уйлар калити тантанали топширилган, имтиёзли равишда ўз бошпанасига эга бўлганлар орасида имконияти чекланган Дармонжон Ибодуллаева, Юлдуз Каримова, Мунаввар Султонова ҳамда Шарофат -Раҳимова ҳам бор.

— Ўз уйинг бўлиши — чинакам бахт, — дейди “Жасорат” медали соҳибаси Дармонжон Ибодуллаева. — Мана шундай бахтга, узоқ йиллик орзуимга эришганимга ишонгим келмаяпти. Худди тушга ўхшайди. Янги уйдаги қулай шароитни, замонавий жиҳозларни кўриб, янада қувониб кетдим. Президентимиздан, бағрикенг, оқибатли халқимиздан чексиз миннатдорман. Айтгандек, шу йил июнь ойида менга замонавий тикув машинаси берилган эди. Ҳозир тумандаги пахта тозалаш заводида касаначи сифатида ишлаяпман. Корхона томонидан менга меҳнат дафтарчаси очилиб, имкониятлар яратиб берилди. Энди ишлаб топаётган даромадимдан уй-жойнинг қолган тўловини тўлаб бораман. Туманимизда, умуман, республикамиз бўйлаб худди шундай уйларнинг яна қурилаётгани биз каби кўнгли кемтик инсонлар ҳаётига қувонч олиб кирадиган эзгу ишлар давом этишидан далолат беради.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn