• 19 Сентябрь 2017

Солиқ имтиёзлари аҳоли турмуш фаровонлиги кафолатидир

 

Иқтисодиёт ривожи — бюджет барқарорлиги ва ижтимоий маъмурчилик гарови. Адолатли солиқ сиёсати юритилиши эса иқтисодиётнинг таянч устуни ҳисобланган тадбиркорлик равнақига кенг йўл очади. Мамлакатимизда солиқ юки босқичма-босқич енгиллаштирилиб, солиқ маъмуриятчилигини тубдан соддалаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганининг боиси ҳам шунда.

Солиқ тизимидаги янгиликлар, тақдим этилаётган имтиёзлар ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Хусусан, Навоий вилоятида шу йил бошидан буён 1444 та янги кичик бизнес субъекти ва фермер хўжалиги, 1608 нафар якка тартибдаги тадбиркор рўйхатдан ўтказилди. Ушбу даврда 1010 та хўжалик юритувчи субъектга 32,8 миллиард сўмлик солиқ имтиёзлари берилгани уларнинг фаолиятини кенгайтириш, ишчи-ходимларни молиявий жиҳатдан рағбатлантиришда айни муддао бўлди.

— Президентимизнинг 2017 йил 18 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳамиздаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида хусусий сектор тараққиётига янада шиддат бағишлади, — дейди Навоий вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Нормат  Турсунов. —  Негаки, мазкур ҳужжатда солиқ маъмуриятчилиги жараёнларида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда, автоматлаштирилган таҳлил услубларини жорий этиш, солиқ тўловчиларга, энг аввало, ишбилармонларга тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишни тўлиқ йўлга қўйиш вазифалари ўз ифодасини топган. Шу билан бирга, назорат қилувчи органлар, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг солиқ органлари ягона интеграциялашган ахборот-ресурс базасига интеграциялашуви ўзаро ҳамкорликни таъминлабгина қолмай, вақтни тежаш имконини ҳам беради. Бундан ташқари, Фармонда солиқ қарзи ошишига йўл қўймаслик орқали солиқ солинадиган базани кенгайтириш, ўз навбатида, солиқ юкини камайтириш, фаолият кўрсатмаётган корхоналарни тиклашга кўмаклашиш, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг молиявий аҳволини соғломлаштириш, ўзаро ҳисоб-китоблар механизмларини мустаҳкамлаш масалалари ҳам ўрин олган.

Албатта, барча соҳа ривожида фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, тадбиркорликда уларнинг солиқ соҳасидаги билими, тўлов интизоми инобатга олиниб, инсофли ва ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш механизми амалиётда қўлланилаётган бўлса, солиқдан қочиб, хуфиёна бизнес юритишга ҳаракат қилганларга нисбатан амалдаги қонун ва меъёрий ҳужжатлар доирасида чоралар кўрилаётир.

Ҳозирги пайтда юқоридаги ҳужжатни кенг тарғиб этиш мақсадида вилоятда турли семинар ҳамда мулоқотлар ўтказилаяпти. Мазкур тадбирларда ишбилармонларга 1800 та буклет ҳамда 900 га яқин қўлланма ва рисолалар тарқатилди. Зеро, буларнинг барчаси мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш, турмуш шароитини бундан-да яхшилашга хизмат қилиши, шубҳасиз. 

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.