Ҳуқуқий ахборот ўз вақтида, муфассал ва очиқ етказилади
  • 18 Сентябрь 2017

Ҳуқуқий ахборот ўз вақтида, муфассал ва очиқ етказилади

Қонун ва адолат устуворлиги инсон ҳуқуқларини, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашнинг муҳим шарти саналади. Бу тамойиллар ҳаётда ўз исботини топиши, давлат ҳамда жамиятнинг ҳар томонлама ривожланиши, пировардида халқимизнинг бугунги кундан рози бўлиб яшаши учун биринчи навбатда қонунлар амалда ишлаши, бекаму кўст ижро этилиши лозим.

Бироқ айни чоғда фуқароларимизнинг қонунларга ҳурмат ва итоаткорлик ҳисси билан яшаши, жамиятимиздаги ҳуқуқий маданият даражасидан ҳар доим ҳам кўнглимиз тўлавермайди. Бинобарин, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида турли ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятларни содир этиш ҳолатлари учраётгани, коррупция, бюрократия каби иллатлар таг-томири билан барҳам топмаётгани маънавий-ахлоқий омиллар баробарида, қонунларни билмаслик ва писанд қилмаслик, ҳуқуқий тафаккурнинг пастлиги билан боғлиқлиги ҳам яхши маълум.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Конституциямизнинг 24 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда қонунларни қабул қилиш, бу — ишнинг бир қисми эканини, ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга, масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ишлари талаб даражасида эмаслигини таъкидлаб, жумладан, шундай деган эди: “Энди ўйлаб кўрайлик, қонунчиликка киритилаётган янгиликлар ўз вақтида жойларга, айниқса, ижрочиларга етказилмайдиган бўлса, уларнинг бажарилиши ҳақида нима дейиш мумкин? Бу муаммони самарали ҳал қилишнинг бирдан-бир йўли — қонунлар ижросини ташкил этиш бўйича соатдек аниқ ишлайдиган механизм яратишдир”.

Чиндан ҳам, қонунлар ижросида бўшлиқ бўлмаслиги учун уларнинг мазмун-моҳиятини, янги қабул қилинган ёки ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги мақсад ҳамда талабларни кенг жамоатчиликка тизимли равишда етказиб бориш тақозо этилади. Шу йилнинг 7 сентябридан эътиборан кучга кирган “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мазкур йўналишдаги ишларни принципиал жиҳатдан самарали ёндашув асосида тартибга солиши билан долзарб аҳамият касб этади.

Шу ўринда савол туғилади: хўш, ҳозирги кунга қадар мамлакатимизда ҳуқуқий ахборот тарқатиш тизими қай аҳволда эдию, янги Қонун тизимга қандай ўзгаришларни ҳамда натижадорликни олиб киради?!

Тўғри, ўтган йилларда юртимизда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатишнинг тегишли ташкилий-ҳуқуқий ва институ-циявий базаси яратилди. Қонун ҳужжатларини нашр қилиш, уларнинг матнларини ахборот ресурслари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига жойлаштириб бориш йўлга қўйилди. Ўзбек ва рус тилларида 30 мингдан ортиқ қонун ҳужжатларини ўзида жамлаган ушбу базага ҳар куни минглаб фойдаланувчилар мурожаат этаётгани ҳуқуқий ахборотга эҳтиёж катта эканидан далолат беради. Шундай шароитда, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, қонун ҳужжатларини тарқатишда тизимли камчиликлар ҳам бор эдики, улар инсон манфаатларига йўналтирилган жадал суръатдаги ислоҳотларга салбий таъсир кўрсатиб, баъзан ғов бўлиб келганини яширишнинг ҳожати йўқ.

Президентимизнинг жорий йил 8 февралда имзоланган “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ана шу камчиликларни узил-кесил бартараф қилиш, жамиятни ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш сифати ҳамда самарадорлигини ошириш мақсадида муҳим вазифалар илгари сурилди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни ижрочиларга ўз вақтида етказиш, моҳияти ҳамда аҳамиятини тушунтириш, шунингдек, тегишли қонун ҳужжатлари матнидан монеликсиз фойдаланиш имконини яратиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ўз таркибий ҳамда ҳудудий бўлинмаларида қонун ҳужжатлари нормаларининг бир хилда қўлланилиши устидан доимий назоратни амалга ошириши шулар сирасидандир. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига тақдим қилинаётган қонун лойиҳалари матнларига уларнинг ижросини, ижрочиларга етказиш, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини ташкил этишга масъул бўлган давлат органлари киритиладиган бўлди.

“Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Қонунда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ҳамда ундан фойдаланишни таъминлашнинг асосий принциплари, фойдаланиш кафолатлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг ушбу соҳадаги ваколатлари, таълим муассасаларининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш, нодавлат нотижорат институтлари ва аҳоли иштирокига доир нормалар белгилаб берилди. Хусусан, ҳуқуқий ахборот, ундан фойдаланиш ҳамда уни тарқатиш тушунчалари мазмуни аниқ ифодаланди.

Қонунга кўра, ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш давлат томонидан кафолатланади. Ҳар бир фуқаро ҳуқуқий ахборотни ҳеч бир монеликсиз излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга. Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар ҳар кимга ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш имкониятини белгиланган тартибда яратиши шарт экани яна бир эътиборли жиҳатдир.

Албатта, айни соҳадаги халқаро амалиёт билан танишиб, Конституциямиз тамойиллари ва меъёрларига, қолаверса, қонунчилик техникаси талабларига мос равишда ишлаб чиқилган, қизғин муҳокамалар ҳамда ўрганишлар асносида қабул қилинган мазкур Қонун эндиликда ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси сўзсиз ва ўз вақтида таъминланишига замин яратади. Қонунчилигимиздаги ўзгариш ҳамда янгиланишлардан фуқароларнинг хабардорлигини изчил ошириб боришга, барча жабҳада қонун устуворлигини, қонунийликни кафолатлашга хизмат қилади. Буларнинг барчаси 2017 — 2021 йилларда Ўзбе-кистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган улуғвор мақсадларга ҳамоҳанг ва уйғундир.

Камила КАВЛАНОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn