• 18 Сентябрь 2017

Атроф-муҳит мусаффолиги барчамиздан юксак масъулият талаб этади

Ўтган асрнинг иккинчи ярмидан эътиборан дунё миқёсида саноатнинг жадал ривожланиши баробарида, унинг табиат, атроф-муҳитга салбий таъсири ҳам кучая бошлади. Жумладан, хлорфторуглеродли бирикмаларнинг ҳаддан ташқари кўп ишлатилиши оқибатида озон туйнуклари ҳосил бўлиб, унинг ҳимоя функциялари даражаси пасайганлиги мутахассислар томонидан қайд этилди. Шу боис 1985 йилда Озон қатламини ҳимоя қилиш бўйича Вена конвенцияси қабул қилинди. Мазкур ҳужжат доирасида илмий тадқиқотларни ўтказишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, озон қатлами ҳамда уни емирувчи моддалар мониторингини юритиш, бу борада ахборот алмашинувини кучайтириш каби қатор вазифалар белгилаб олинди.

Пировардида орадан икки йил ўтиб, яъни 1987 йилнинг 16 сентябрь санасида Озон қатламининг бузилишига олиб келадиган моддалар бўйича Монреаль Баённомаси қабул қилинди. Унда Озонни емирувчи асосий моддалар белгиланиб, улардан фойдаланишни қисқартириш ва умуман, бартараф этиш бўйича режа-жадвал тайёрланди. Айни чоғда ушбу жараён устидан назорат ишлари йўлга қўйилди.

Мамлакатимизда мазкур экологик муаммонинг долзарблиги инобатга олиниб, Озон қатламини ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Бинобарин, Ўзбекистон 1993 йилда Озон қатламини ҳимоя қилиш бўйича Вена конвенцияси ва Озон қатламининг бузилишига олиб келадиган моддалар бўйича Монреаль Баённомасига қўшилди. Халқаро ҳужжатлар талаблари ижроси доирасида тегишли миллий дастур ишлаб чиқилиб, уни амалга ошириш юзасидан ишончли меъёрий-ҳуқуқий база яратилди. Ҳукуматимиз томонидан 2000 йил 24 январда қабул қилинган “Озон қатламини ҳимоя қилиш соҳасидаги шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2000 йил 14 мартдаги “Озонни бузувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришни ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишни тартибга солиш тўғрисида”ги, 2005 йил 11 ноябрдаги “Озонни бузувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришни ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишни тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлар ана шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, амалдаги қонунчилигимизда ҳам озон қатламини муҳофаза этиш масалаларини тартибга солувчи норма ҳамда қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунларда таркибида озонни бузувчи моддалар бўлган буюмлардан фойдаланувчи ва уларни таъмирловчи корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар бундай моддалар ҳисобга олинишини ва улар хавфсиз моддалар билан алмаштирилишини таъминлашлари лозимлиги, халқаро битимга мувофиқ, вазирлик ҳамда идоралар, корхона, муассаса ва ташкилотлар, хусусий шахслар озон қатламига зарарли таъсир этувчи кимёвий моддалар ишлаб чиқариш ҳамда бундай моддалардан фойдаланишни қисқартиришлари, келгусида батамом тўхтатишлари шартлиги белгиланган.

Бундан ташқари, озонни емирувчи моддалар ҳамда таркибида улар мавжуд маҳсулотларни импорт-экспорт қилишни мувофиқлаштириш тизими амал қилмоқда. Озонни емирувчи моддалар ҳамда таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Вена конвенцияси ва Монреаль Баённомаси аъзолари бўлмаган давлатларга олиб чиқиш ҳамда улардан олиб киришга тақиқ жорий этилди. Ҳужжатларга қўшилган мамлакатлардан ўтувчи ёки гексахлорфторуглеводородлардан ташқари, озонни емирувчи моддаларнинг баъзи турларини, шунингдек, озонни емирувчи ўта зарарли моддалардан фойдаланилган музлаткич ва ҳаво совитиш ускуналарини юртимизга олиб кириш ман қилинган. Ўтувчи озонни емирувчи моддалар ёки гексахлорфторуглеводородларни 2005 — 2030 йилларда олиб кириш меъёрлари амалиётга татбиқ этилди.

Вена конвенцияси талаблари ижроси ҳамда Миллий дастур доирасида озон қатламини емирувчи моддаларни муомаладан босқичма-босқич чиқаришни таъминлаш мақсадида саноат корхоналарида таркибида бундай зарарли моддалар бўлган маҳсулотларни утилизация қилиш тизимини ишлаб чиқиш, ушбу моддалар ноқонуний айланишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Пировардида бугунги кунга келиб, республикамизда 99,95 фоиз озон қатламини емирувчи моддалар муомаладан чиқарилди.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлар гуруҳи ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзолари томонидан озон қатламини сақлаш ва муҳофаза қилишга дахлдор “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун нормаларини такомиллаштириш юзасидан тизимли ишлар олиб борилаётгани диққатга сазовор. Зотан, табиат ва инсоният тақдири бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Шундай экан, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшиш барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир.

Хайрулла ГАППОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати, Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзоси.