Тинчлик ва фаровонлик йўлида курашганлар хотирасига эҳтиром
  • 01 Сентябрь 2017

Тинчлик ва фаровонлик йўлида курашганлар хотирасига эҳтиром

Тинчлик, мустақиллик, тараққиёт. Бу улуғ тушунчалар бир-бири билан мудом ёнма-ён. Зеро, айнан шу неъматлар эл-юрт фаровонлигини, унинг истиқболи ва ривожланиш босқичларини белгилаб беради. Ўзбекистон эришган ва эришаётган бетимсол ютуқлар, улкан ислоҳотлар, янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари, халқимизнинг фаровон турмуши, осойишта ҳаётимиз, вояга етаётган баркамол авлод — мана шу улуғ неъматларни инъом этган истиқлол учун қанчадан-қанча аждодларимиз курашган, шаҳид кетган.

Бу йўлда жонини фидо қилган боболаримизни Мустақиллик байрами кунларида яна бир бор эслаш, уларнинг муборак руҳларини шод этиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан пойтахтимизнинг Бўзсув соҳилида бунёд этилган “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи халқимиз озодлиги йўлида қурбон бўлган, жонини фидо қилган ватандошларимиз хотирасига кўрсатилган улкан эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.

Бугун ушбу ёдгорлик мажмуидан зиёратчилар қадами узилмайди. Бу маскан нафақат шаҳидлар ёдини ифода этади, балки бугунги авлодни табаррук Ватанимизни, мустақилликни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ундайди.

...31 август. Эрта тонг. Қатағон қурбонлари хотирасига бағишлаб бунёд этилган рамзий қабр устидаги айвон гумбази узра қуёш нурлари жилваланади. Осуда отаётган тонгни кўриб қалбларда шукроналик, шу озод ва обод юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси жўш уради. 

Қатағон қурбонлари куни муносабати билан мазкур хиёбонда халқимиз озодлиги ва юртимиз мустақиллиги йўлида қурбон бўлган марҳумларни ёд этиш маросими ўтказилди. 

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. 

Анъанага кўра ош тортилди. Қуръон тиловат қилиниб, қатағон қурбонлари руҳига ҳурмат бажо келтирилди. 

Президентимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолар, маҳалла фаоллари ва зиёлилар билан суҳбатлашди. 

Мана шундай нурафшон кунларни орзу қилган, шу йўлда жонини ҳам аямаган аждодларимиз хотирасини ёд этиш билан қалбимиз нурга тўлади, руҳимиз тетиклашади, деди давлатимиз раҳбари. Эзгулик аталмиш қудратли кучнинг абадийлигига, адолат тантанасига яна бир бор амин бўламиз. Истиқлол йилларида қўлга киритаётган ютуқларимиз, амалга ошираётган улкан ишларимиз билан фахрланамиз. Улар бир умр орзу қилган, бугунги авлодга насиб этган мустақиллик, эркин ва фаровон ҳаёт аҳамиятини янада теран англаймиз. 

Истиқлол туфайли юртимизда тарихга муносабат тубдан ўзгарди. Узоқ йиллар давомида топталиб келган миллий қадриятларимизни, буюк аждодларимиз номини қайта тиклаш, хотирасини эъзозлаш, Ватан ва халқ озодлиги йўлида жонини фидо этган минглаб инсонлар руҳини шод этиш борасида катта ишлар қилинмоқда. 

Инсондан унинг қилган эзгу амаллари, ишлари қолади. Бунга ХХ аср бошида яшаб ўтган Беҳбудий, Мунаввар қори, Фитрат, Чўлпон, Қодирий, Боту, Элбек, Усмон Носир сингари кўплаб маърифатпарварларнинг курашларга йўғрилган ҳаёти ёрқин мисолдир. Уларнинг юртни озод кўриш орзуси, шу йўлда амалга оширган эзгу ишлари истиқлол туфайли рўёбга чиқди. Бугун озод ва обод юртимизда ҳеч кимдан кам бўлмаган, ҳар жиҳатдан баркамол авлод вояга етмоқда. 

Юртимиздаги кўплаб тарихий обидаларнинг қайта тикланиши, қадамжоларнинг обод бўлиши мамлакатимиз Биринчи -Президенти номи ва фаолияти билан узвий боғлиқ. Жумладан, Биринчи Президентимизнинг 2001 йил 1 майдаги “Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида”ги Фармони асосида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи барпо этилди. 

Музей 2002 йил 31 август куни — мамлакатда илк бор нишонланган Қатағон қурбонларини ёд этиш кунида тантанали равишда очилди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев музей экспонатлари билан танишди. 

Аждодларимизнинг Ватан тинчлиги ва озодлиги йўлидаги кураши бугунги кун ёшлари учун ибрат мактабидир, деди -давлатимиз раҳбари. Ҳар бир вилоятда Қатағон қурбонлари хотираси музейининг филиалларини ташкил қилишимиз керак. Улар университет ва институтлар қошида ташкил этилса, айни муддао бўлади. Қатағон қурбонлари хотираси бўйича мактаб дарсликларида махсус дастур асосида ўқитиш тизимини ҳам ишлаб чиқиш зарур. 

Шавкат Мирзиёев музей ёнидан оқиб ўтувчи Бўзсув канали атрофини янада ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди. 

Бу ердаги муҳит ижодкорлар учун илҳом манбаидир. Шунинг учун Бўзсув канали атрофида турли тадбирлар — мақом кечалари, ёшлар, нуронийлар ва зиёлиларнинг учрашувларини уюштириш мақсадга мувофиқ, деди Президентимиз. 

Ўзлигини англамаган, асл ҳаётий ҳақиқатлар мазмун-моҳиятини тушуниб етмаган халқнинг келажаги йўқ. Истиқлол йилларида қўлга киритилаётган ютуқлар, амалга оширилаётган улкан ишлар замирида эл-юрт манфаати, Ватан тараққиёти мужассам. 

Юртимизнинг ҳар бир фуқароси йилдан-йилга мустақилликни мустаҳкамлашдек масъулиятли жараённинг онгли ва фаол иштирокчисига айланмоқда. Аждодларимиз хотирасини шод этиб, юрт тинчлиги ва эл фаровонлигини таъминлашни ўзининг бурчи деб билган, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшаётган халқимиз кўзлаган манзиллар, шак-шубҳасиз, нурлидир. Шундай экан, мустақиллигимиз абадийдир. 

Абу Бакир ЎРОЗОВ, 

ЎзА мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn