XS.UZ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи Ўзбекистон Президентининг АҚШга ташрифи Халқаро валюта жамғармасининг фармойиш берувчи директори Кристин Лагард баёноти Покистон Ислом Республикаси Қуролли Кучлари делегацияси ташрифи Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мемориал мажмуа кутубхонаси фонди яна 500 дан зиёд китоблар билан бойиди «Ўзбекистон — Евроосиёдаги янги иқтисодий тараққиёт замини» Ўзбекистон минтақада прагматик сиёсат олиб бормоқда Илму фан ва зиё маскани Болалар зарарли ахборот хавф-хатарларидан ҳимоя қилинади Аҳоли саломатлиги йўлида Юртимизда етиштирилган қовунлар европаликлар дастурхонида Миллат маънавиятига дахлдор масала Меҳнатимиз самараси шогирдлар камолида кўринади Ўзбекистон Президенти Америка Қўшма Штатларига келди Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг телефон орқали мулоқоти тўғрисида Ижтимоий адолатни қарор топтириш Она тилига эътибор ва масъулият Соғлом рақобат муҳити кучаяди Ўзбек халқи Мьянмалик қочқинларга ёрдам қўлини узатди Бой тажриба ва ибрат мактаби Сурхондарё соҳилида янги сўлим маскан Давлат идораларида мурожаатларга муносабат ўзгармоқда Дастлабки кунда ўн учта медаль Осиё чемпионати якунланди АКТ Саммити, роботлар намойиши ва интерактив лойиҳалар Тадбиркорларнинг ишончли ҳимоячиси Солиқ имтиёзлари аҳоли турмуш фаровонлиги кафолатидир Тиббий патронаж хизмати янгича ёндашув, изчил фаолият ва фидойи меҳнатни талаб этади Яқин қардошлик ва ўзаро манфаатдорликка асосланган ҳамкорликнинг янги босқичи
  • 22 Август 2017

Халқни рози қилиш, турмуш фаровонлигини ошириш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсаддир

“Оддий одамлар бугунги кунда бўлаётган ўзгаришларни сезиши керак. Улар эртага эмас, бугун яхши яшашни истайди. Уларга бугун яхши шароит яратиб беришимиз керак”.

Бу давлатимиз раҳбарининг ўтган ҳафтада Бекобод шаҳрига ташрифи чоғида айтган сўзларидан кичик бир иқтибос. Аслида бекободликлар билан бўлиб ўтган қизғин мулоқотлар чоғида бугунги ҳаёт даражасини кўтариш, инсон қадрини ҳақиқий мартабасига олиб чиқиш, энг муҳими, аҳолининг фаровон, бекаму кўст турмушидан рози бўлиб яшашини таъминлаш каби эзгу ва олижаноб ташаббуслар ўртага ташланди.
Дарҳақиқат, ҳар бир инсон яхши яшаши, ҳаёти гўзал мазмун касб этиши — олий қадрият. Чунончи, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ана шу эзгу мақсад-муддаога қаратилган. Ўз навбатида, халқ билан мулоқот қилиш — одамларни ўйлантираётган муаммоларни бартараф этиш, турмуш фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Президентимиз қаерга бормасин, аҳоли билан учрашиб, уларнинг хоҳиш-истаклари, қизиқишлари, дуч келаётган муаммоларига алоҳида эътибор беради. Бекобод шаҳрига ташриф ҳам шундай бўлди. Самимий, юзма-юз суҳбатлар, жойлардаги учрашувлар қалбларни эзгуликка тўлдирди.

Соғлом рақобатда қайси шаҳар ғолиб бўлади?
Бекобод шаҳри мамлакатимизнинг саноати ривожланган ҳудуди сифатида ном қозонган. Сабаби, ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдиришда бу ерда фаолият кўрсатаётган металлургия комбинати, цемент ва бошқа қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналарнинг салмоқли ўрни бор. Аммо кейинги йилларда эришилаётган ютуқлар билан бирга, йиғилиб қолган муаммолар ҳам кам эмас. Бу, айниқса, Тошкент вилоятининг саноат салоҳияти нисбатан пастроқ туманлари билан қиёсланганда кўзга яққолроқ ташланади. Хусусан, иқтисодиёт тармоқлари, шаҳарсозлик, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим тизимини янада ислоҳ қилишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Шаҳар иқтисодиёти ҳақида гап кетганда, “Ўзбекистон металлургия комбинати” акциядорлик жамияти фаолиятига алоҳида тўхталиш жоиз. Негаки, Бекобод шаҳридаги 90 мингдан ортиқ аҳолининг аксарияти ўз тақдирини бевосита мазкур йирик саноат корхонаси билан боғлаган. Меҳнат бозорига эндигина кириб келаётган ёшларнинг ҳам салмоқли қисми келажагини ушбу комбинатда кўрмоқда. Шу маънода, Президентимиз комбинат жамоаси олдига келгуси уч йилда ишлаб чиқариш ҳажмини уч баробар ошириш вазифасини қўйгани мазмунида одамларнинг бандлигини таъминлаш, даромадини кўпайтиришдек эзгу мақсад мужассам.
— Давлатимиз раҳбарининг ташрифи комбинатимиз ҳаётига жўшқинлик, кўтаринки кайфият олиб кирди, — дейди жамият цех бошлиғи Музаффар Сатимов. — Бунга биргина бизнинг базальт толаси асосида энергиятежамкор хом ашё ишлаб чиқариш цехимиздаги ўзгаришлар мисол бўла олади. Шу пайтгача қурилиш жабҳаси учун муҳим бўлган базальт толасини бошқа субъектларга етказиб бераётган эдик. Юртбошимиз шу ернинг ўзида базальт толаси асосида сэндвич-панель ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича қимматли маслаҳат берди. Бунинг натижасида цех тўлиқ қувват билан ишлаши баробарида, 100 дан ортиқ иш жойи очилади.
Ҳозирги пайтда комбинатда 9 минг 500 дан ортиқ киши меҳнат фаолияти билан банд. Бу йил тўрт томонлама шартнома асосида 100 га яқин коллеж битирувчилари, қолаверса, комбинат молиявий кўмагида олий ўқув юртларини тамомлаган 50 нафар ёш мутахассис ишга олинади. Ишлаб чиқариш қувватини ошириш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган, умумий қиймати қарийб 635 миллион АҚШ долларилик олтита лойиҳа ҳам бандлик масаласини ҳал этишда муҳим роль ўйнайди. Масалан, қора металл парчалари ва чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳаси доирасида қарийб 3 мингта иш ўрни яратилади. Қўшимча равишда 138,2 минг тонна қора металл маҳсулотлари, сирланган идишлар ва бошқа халқ истеъмоли моллари тайёрлана бошланади.
Эндиликда металлурглар шаҳри ҳисобланган Бекобод ва Олмалиқ ривожланиш бўйича ўзаро беллашади. 2017 йилнинг 1 сентябридан 2018 йилнинг шу давригача давом этадиган бу соғлом рақобатда бозордаги нарх-наводан тортиб, аҳоли турмуши учун яратилаётган барча шароит инобатга олинади. Бу эса икки шаҳар тараққиётида муҳим босқич бошланганидан далолатдир.

Муаммонинг мақбул ечими
Кейинги пайтда Бекобод шаҳри қиёфасини кўркамлаштириш, ҳудудларни ободонлаштириш, одамларнинг яхши яшаши учун қулай шароит яратиш юзасидан кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаяпти. 3 минг 435 киши яшайдиган “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ўзгаришлар бунинг исботи, дейиш мумкин. Жумладан, “Металлург-мадад” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли 8 та кўп қаватли уй ҳудудидаги саранжом-саришталик кишининг ҳавасини уйғотади. Уйларнинг том қисми таъмирланиб, ертўласидаги эски қувурлар тўлиқ алмаштирилди, рақамли замонавий эшиклар ўрнатилиб, кузатув камералари билан жиҳозланди. Буларнинг барчаси 234 хонадонда истиқомат қилаётган аҳоли учун қулай турмуш муҳитини таъминлашга қаратилган.
Бироқ шу билан бирга, аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган ноқулайликлар ҳам, афсуски, бор. Иссиқлик тизими ишламаслиги одамларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда. Ачинарлиси, ушбу муаммо Бекободнинг бошқа маҳаллалари учун ҳам бегона эмас.
— Президентимиз бу оғриқли масаланинг мақбул ечимини топиб берди, — дейди “Пахтакор” МФЙ раиси Қўзимурод Тўрабоев. — Яъни ҳар бир уй ўзимизда ишлаб чиқарилаётган газ иситиш қозонлари билан жиҳозланадиган бўлди. Улар банкларнинг имтиёзли кредитлари эвазига сотиб олиниб, аҳолига лизингга берилиши нур устига аъло нур. Лойиҳалаштириш ва ускуналарни ўрнатиш ишлари бепул бажарилишини айтмайсизми?! Тошкент — Бекобод йўналишида электричка қатновининг йўлга қўйилиши эса одамларнинг хаёлига ҳам келмаган янгилик бўлди!

Мустақиллигимизнинг 27 йиллигига туҳфа
Давлатимиз раҳбарининг Бекобод шаҳрига ташрифидан сўнг бу ерда ҳаёт бирдан жонланиб кетди, ўз ҳолига ташлаб қўйилган муаммолар юзага қалқиб чиқди, уларнинг ечими юзасидан чора-тадбирларни қатъий амалга оширишга киришилди, дейди нуронийлардан бири.
Дарвоқе, шаҳарни кезаркансиз, ободончилик ва бунёдкорлик ишлари айни авжида эканлигига гувоҳ бўласиз. Янги ва замонавий шаҳарча бунёд этишга қизғин тараддуд кўрилмоқда. У давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Мустақилликнинг 27 йиллиги массиви” деб аталиши истиқлолимизнинг бебаҳо инояти, шону шарафи бахту иқболимизда ёрқин намоён бўлаётгани ифодасидир.
Айни пайтда ҳар бири 42 хонадонга мўлжалланган етти қаватли иккита уй қурилиши якунига етказилаяпти. Бош пудратчи Эркин Рисқибоевнинг айтишича, 112 кишилик бунёдкорлар жамоаси уйларни тез орада фойдаланишга топширишга астойдил бел боғлашган. Бу қувонарли ҳол, албатта. Бироқ тураржойлар барпо этиш ишлари талабга яраша эмаслиги туфайли аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳудуддаги долзарб муаммолардан бирига айланган.
— Уч хонали хонадонда икки келиним билан турамиз, — дейди Боғишамол маҳалласида яшовчи Марямхон Содиқова. — Яна бир нафар вояга етган ўғлим бор. Уларнинг рўзғорини алоҳида-алоҳида қилиб қўйишга қўлимиз калталик қилаяпти. Куни кеча Президентимиз учрашув чоғида “Нима муаммоингиз бор?” деб сўраганларида, шуларни айтдим, “Сиз онасиз, фарзандларингиз учун кераксиз, ўзингизни асранг. Уй-жой масаласи ҳал бўлади”, дедилар.
Тўғриси, ҳозир ҳам қувончдан ичимга сиғмаяпман. Ахир шаҳримизда арзон уй-жойлар қурилиши биз каби қанчадан-қанча эҳтиёжманд оилаларга шодлик, муҳими, хотиржамлик олиб киради.
Бекобод шаҳар ҳокими Зафар Файзуллаевнинг маълум қилишича, ҳудуднинг 2035 йилгача мўлжалланган бош режасига биноан, кўп қаватли уйлар қурилиб, янги мавзелар бунёд этилади. Аниқроғи, йилига ўртача 1 минг 200 хонадон фойдаланишга топширилади.
Президентимиз кўрсатмалари асосида мазкур тураржойлар атрофида боғ яратиш, аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатиш объектлари қуриш, қисқача айтганда, мўъжаз шаҳарча барпо этишга қўл урилаётгани диққатга сазовор.
Айтганча, “Мустақилликнинг 27 йиллиги массиви”ни келгуси йилда Истиқлол байрами арафасида қуриб битказиш мўлжалланмоқда.

Нажот қайғуни енгади
Ҳаёт довонларидан ўтаётган одам борки, турли синовларга учраши табиий. Шундай кезларда қавму қариндошлар, қўшнилар, маҳалла-кўй, ҳатто, узоқлардан танимаган-билмаган инсонлар ҳам кўнгил сўраб йўқлайди, далда беради. Дардингизга шерик бўлиш учун келган инсон Президент бўлса-чи?
Бекобод шаҳрида истиқомат қилувчи Насиба ва Нурали Содиқовлар оиласида катта йўқотиш бўлди. Уларнинг 27 ёшни қаршилаган қизи оламдан ўтди, икки нафар норасида — 5 ёшли ва 8 ойлик қизалоқлар ёдгор бўлиб қолди. Ота-онанинг фарёди кўкка ўрлайди...
— Мусибатдан тушкунликка тушиб, дунё кўзимга қоронғи бўлиб кетди, — дейди Насиба опа. — Ҳар ёқдан: “Президент келди, Президент келди,” деган сўзлар эшитила бошлади. Хиёл ўтмасдан Юртбошимиз ёнимга келиб, ҳамдардлик билдирдилар. Кейин қўлимдан тутиб, қалби ўртанган онага таскин берадиган гапларни мулойимлик билан айтдилар. Ишонсангиз, ичимдаги тошдек қотиб турган дард енгиллашаётганини, қоронғилик тарқала бошлаганини ҳис этдим. Ҳаётга умид ва ишонч қайта уйғонди.
— Фарзандимни сўнгги йўлга кузатиб қайтганимда Президентимиз оиламизга ўз таъзияларини изҳор қилиб кетганларини айтишди, — дейди ота кўзларидан қуйилиб келаётган ёшларни енги билан артар экан. — Юртбошимиз кечга томон кўча бошидан пиёда  келиб, хонадонимиздан яна хабар олдилар. Қуръон тиловатидан сўнг қўлимдан тутиб, ўз таъзияларини билдирдилар, кўнглимни кўтариб, анча далда бердилар. “Биздан қандай ёрдам?” деганларида нима дейишни билмай лол қолдим. Эртасига невараларим номига икки хонали уй ажратилди. Гапнинг очиғи, одамохун, кўнгли меҳрга лиммо-лим, инсонлар ғам-ташвиши билан яшайдиган шундай Йўлбошчимиз борлигидан суюндим. Миннатдорман. То ҳаёт эканман, бу кунни сира унутмайман.

Мурожаат ортида инсон тақдири бор
Давлатимиз раҳбарининг бевосита топшириғига асосан, Бекобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати вакиллари томонидан сайёр қабул ташкил этилди. Унда 30 га яқин вазирлик ва идоралар раҳбарлари қатнашди.
Бекобод шаҳар ҳокимлиги биноси эрта тонгдан одамлар билан гавжум. Уларнинг юз-кўзларига боққан киши барча бу ерга катта ишонч ва умид билан келганини илғаб олиши қийин эмас. Шу боис бирор-бир шикоят эътибордан четда қолаётгани йўқ. Мутасаддилар тўртта секторга бўлинган ҳолда, мурожаатларни бирма-бирма ўрганишмоқда.
— Ёшим йигирма бешда, — дейди ўзини Баҳром Худойназаров деб таништирган йигит. — 2011 йили Бекобод саноат касб-ҳунар коллежини битириб, чилангар-механик мутахассислигини олганман. Аммо ҳалигача доимий иш тополганим йўқ.
— Ўқув-амалиётини қаерда ўтагансиз? — сўраймиз ундан.
— “Ўзметкомбинат”нинг 1-прокат цехида. Икки йил давомида қўлим келишиб, анча-мунча иш ўрганганман.  Шунинг учун ушбу комбинатда меҳнат қилиш ниятидаман. Суҳбатдан сўнг комбинат раҳбарига ишга қабул қилиш тўғрисида ариза ёзиб бердим. У тезда кўриб чиқилиб, менга натижасини айтадиган бўлишди.
Таҳлилларнинг кўрсатишича, мурожаатларнинг катта қисми меҳнат ва бандлик масаласи билан боғлиқ. Шу боис саноатнинг янги тармоқларини ўзлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, сервис хизмати кўрсатиш каби бозор иқтисодиёти талабларига мослашувчан соҳаларни ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш чора-тадбирлари кўрилаяпти. Хусусан, 2017-2018 йилларда умумий қиймати 3,8 триллион сўмлик 179 та лойиҳа амалиётга татбиқ этилиши, қарийб 5 минг аҳоли доимий ишга жалб этилиши кўзда тутилгани диққатга сазовор.

Ҳеч ким эътибордан четда эмас
Сайёр қабулнинг бу галгиси бошқача тартибда ташкил этилгани боис жуда самарали кечди. Сабаби, унда мурожаатлар арзгўйлар билан нафақат юзма-юз мулоқот асносида, балки жойларга чиқиб ўрганилди.
Янги ҳаёт — аҳоли гавжум маҳаллалардан бири. Бу ерда 525 та оила истиқомат қилади. Кейинги пайтда ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш, коммуникация тармоқларига тўлиқ улаш чора-тадбирлари кўрилаяпти. Яқинда Саховат кўчасига асфальт ётқизилди. Йил охирига қадар Лутфий кўчасида ҳам бундай ишларни амалга ошириш режалаштирилган.
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳақназар Худойназаровнинг айтишича, хонадонлар тўлиқ электрлаштирилган бўлса-да, саккизта кўчага ҳали симёғочлар ўрнатилмаган. Мактабгача масофа бир қадар узоқ, боғча эса йўқ. Ваҳолонки, аҳолининг 190 нафарга яқинини боғча ёшидаги болалар ташкил этади.   
— Давлатимиз раҳбари “Шудринг” номли мактабгача таълим муассасаси фаолияти билан танишиб, Бекобод шаҳри мисолида болалар боғчага тўлиқ қамраб олинишини айтгани биз, ёш оналарнинг фикри-зикридаги нохушликка барҳам берди, — дейди Нилуфар Худойбердиева. — Ҳар бир ота-она ўз фарзанди камолини ўйлаб боғчага беришни истайди. Аммо ўрин етишмаслиги боис кўпинча навбат кутишга тўғри келади. Президентимиз шу масалага ҳам ечим топиб бердилар: ҳар бир мактабгача таълим муассасаси 120 болани қабул қилиш шароитига эга бўлади.
Айтиш жоизки, масъуллар жойлардаги муаммо ва камчиликларни ўрганиш билан бирга, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга Президент совғаларини ҳам топширдилар.
— Тўғриси, бизни қийнаб келган муаммолар кутилмаганда тез ҳал бўлса, нима дейишни ҳам билмай қоларкансан, — дейди I-гуруҳ ногирони Азиз Умаров. — Куни кеча яшаш шароитимизни кўриб кетишган эди. Ҳасан ва Ҳусан исмли фарзандларимни бировдан кам қилмай ўстиришни ўйлаб, кўп сиқилардим. Сабаби, эр-хотин ишсизмиз. Президентимизнинг шаҳримизга ташрифи оиламиз ҳаётини тамомила ўзгартириб юборди. Турмуш ўртоғим касаначилик асосида ишга жойлаштирилди, ўзим мавсумий юмушларга чақирилдим. Уй-жойимизни яқинда ҳомийлар таъмирлаб беришади. Бунинг устига, Президент совғасини олиб келишди. Болаларимнинг қувончини кўрсангиз эди. Барчаси учун мингдан-минг раҳмат!
Бекобод шаҳри марказидаги “Зиёда” тўйхонасида базм оқшомига ҳозирлик кўрилмоқда. Катта тўй. Бу ерга ҳудуддаги кам таъминланган оилаларнинг 1 ва 3-синфларда ўқийдиган 150 нафар фарзанди жам бўлган. Уларнинг гулгун чеҳраларига қараймиз: шодлик, миннатдорлик ҳамда ҳаяжон ифодаси ҳар бирининг юз-кўзида балқиб турибди.
Ниҳоят, кутилган тадбир бошланди, болажонларга Президент совғалари улашилди.
— Дарслар бошланиши олдидан зўр совға олдим, — дейди Бекобод шаҳридаги 17-умумтаълим мактабининг 2-синф ўқувчиси Жасмина Кўчимбоева. — Энди янги кийим-бошда мактабга қатнайман. Келгусида бизга яхшиликлар қилаётган инсонлардек бўлишга ҳаракат қиламан.
Бундай хайрли тадбир “Севинч” тўйхонасида ҳам бўлиб ўтди. Унда имконияти чекланган инсонларга ногиронлик аравачалари, эшитиш мосламалари, қўлтиқтаёқ, ҳасса каби воситалар тарқатилди. Уларнинг шу лаҳзалардаги кайфиятини таърифлашга сўз камлик қилади. Шоирлар султони Алишер Навоий бобомиз айтганидек,
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.
Бугун юртимизда ана шу ҳаётий ҳикматга амал қилиб, ундан ибрат олиб яшашга интилаётган юртдошларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг эзгу ташаббуслари, хайрли амаллари, изчил ислоҳотлари самарасидан, аввало, кўнгли ўксик, меҳр-мурувватга муҳтож, эҳтиёжманд юртдошларимиз баҳра олиб, ниҳоят ўз ҳаётидан рози ва мамнун бўлиб умргузаронлик қилаётгани кўзга суртгулик. Чунки яхшилик инсонни кўкларга кўтаради. Бағрини бутун қилади, орзуларига қанот бағишлайди. Зотан, одамийлик мезони — яхшиликдан бошланади.

Саид РАҲМОНОВ,
Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган