XS.UZ
Фракцияларда долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилди Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади Замонавий қурилмалар ва интерактив хизматлар Ҳаракатлар стратегияси: дастлабки натижалар халқимиз ҳаётида намоён бўлмоқда Жаҳон жамоатчилиги Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларни юксак баҳоламоқда Россия Федерацияси делегацияси Самарқандда Тиббий-илмий янгиликлар ва истиқбол Мурожаатлар ижроси бўйича батафсил ахборот берилди Келажак тараққиётимизнинг муҳим омили Тинчлик — энг улуғ неъмат Биохилмахилликни асраш Илғор тажрибалар оммалаштирилаяпти Ҳарбий спортчилар: «Муваффақиятларимиз — жонажон Ватанимизга чексиз меҳр-муҳаббатимиз ифодаси» Вакилларимизнинг муносиб иштироки Яна бир нуфузли мусобақа Маърифат чароғбони Ўзбекистон Республикаси Президентининг АҚШга ташрифи самарали бўлди Ўзбекистон — АҚШ бизнес форуми Россия Федерацияси делегацияси ташрифи Ўзбекистон — дунё нигоҳида Тараққиёт ва фаровонлик йўлида Орол фожиаси — глобал муаммо Бюрократик тўсиқлар барҳам топмоқда Яхши қўшничилик ва мустаҳкам дўстлик ифодаси Ватан тақдирига дахлдорлик Кенг имконият ва соғлом рақобат савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланишига хизмат қилади Тарбия оиладан бошланади Харидоргир маҳсулотлар сири нимада? Бурчга содиқлик қасамёди Ўзбек кураши Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди
  • 19 Август 2017

Ота-она меҳри яна қайда бор?

— Онамни кўрмаганимга анча бўлган, — дейди Навоий шаҳридаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Рухсора. — Ҳозир юзларини аниқ эслолмайман. Агар кўришиб қолсак, танимай қолишдан қўрқаман. Уни жуда-жуда соғиндим. Эсимда, мени бу ерга олиб келганларида, қизил кўйлакда эдилар. Сочлари узун, қоп-қора... Тушларимга ҳам қизил кўйлакда кирадилар. Онам — чиройли ва меҳрибон. Буни аниқ биламан. Фақат ишлари жудаям кўп. “Сенга чиройли қўғирчоқлар олиб бериш учун кўп ишлашим керак!” дегандилар. Лекин менга қўғирчоқ керакмас. Бир мартагина бўлса ҳам ўзлари келса эди. Кейин... ақлли қиз бўламан. Кечалари йиғламайман. Рост сўзим, бошқа йиғламайман...

Мурғак қалбидаги кемтиклик, изтироб ва соғинчдан нигоҳи мунгга тўлган  тўққиз ёшли Рухсоранинг бу сўзларидан вужудга титроқ киради. Ҳали болалик нуқси кетмай туриб, катталардай сўзлаётган, ўйчан қизалоқнинг бошқа болалар каби ота-она, оила бағрида завқу ҳайрат билан яшашга ҳаққи бор. Лекин уни шу ҳуқуқдан ким маҳрум қилди? Нега? Бошқалар-ку, майли, бироқ тўққиз ой юрагининг остида кўтариб, дилбандига жон риштаси билан боғланган она қани? Қаерда?..

Саволлар кўп. Афсуски, эшикка кўз тикиб, ҳар дақиқа ўзини йўқлаб отаси ёки онаси келишидан умидвор яшаётган битта Рухсора эмас. Гулдай ўғил-қизларнинг мунчоқдай кўзларидаги интизорлик, меҳрга ташналикни кўриб, хаёлингдан бир ўй ўтади: бу болаларнинг ҳам уволи бор-ку! Ҳатто мусича ҳам полапонини асраб-авайлайди. Ахир дунёда қанча инсонлар тирноққа зор...

 

Боланинг бегонаси бўлмайди

Фарзанд тақдири, келажаги учун масъулият, жавобгарлик ҳар бир ота-онанинг -зиммасидаги вазифадир.

— Бошимиздан не кунлар ўтмаган, — дейди нуроталик Жўрақул ота Калонов. — Энг оғир дамларда ҳам халқимиз ўзлигини йўқотмади. Бағрикенглик билан, чин инсонийлик билан синовларни енгиб ўтди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида олис ўлкалардан келтирилган етим болалар қисматини эсланг! Уларнинг бошини ким силади? Ким бошпана, меҳр берди? Албатта, танти одамларимиз! Ўша пайтларда 10 — 14 ўғил-қизни бағрига олган оилаларни биламиз. Бугун-чи? Ота-онаси тирик бўла туриб, Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган болаларни кўрсам, улар ҳақида эшитсам, эзилиб кетаман. Тўғри, улар еб-ичишда, кийинишда бировдан ками йўқдир! Давлатимиз ҳеч қачон уларнинг кўнглини ўкситиб қўймайди. Аммо оила, ота-она ўрнини ҳеч ким босолмайди.

Навоий шаҳридаги Меҳрибонлик уйидамиз. Бу ерда бир қувончли воқеанинг устидан чиқдик. Тарбияланувчилардан бири, ўн икки ёшли Муяссар Солиева мураккаб жарроҳлик операциясидан сўнг яна шу ерга, қадрдон масканига қайтди. Уни дугоналари, ака-укалари катта қувонч билан қарши олдилар.

— Аввал отам, кейин онам вафот этган, — дейди Муяссар. — Қариндошларим ногирон бўлганим учун шу ерга келтиришган, шекилли. Мана, операция бўлдим, шифокорларнинг айтишича, энди ўртоқларимдай бемалол чопқиллаб юра оламан! Катта бўлсам, онамнинг, отамнинг суратларини қидириб топаман. Кейин ўз қўлларим билан чиройли, катта гилам тўқийман ва уларнинг тасвирини тушириб, хонамнинг тўрига осиб қўяман...

Бу орзуларда заррача ғубор йўқ. Қизалоқ ўтинч билан сўзлайди. У пешонасига битилган тақдирига кўниккан: энг яқин суянчиқлари — ота-онаси бу оламда йўқ. Лекин қон-қариндошлари-чи? Қўни-қўшнию маҳалладошлари-чи? Наҳотки уларнинг ҳеч бири қизалоқнинг бошини силашга ярамади?! Бунчалик тошбағирликни, бешафқатликни, бефарқликни кимдан ўргандик?!

Энг ачинарлиси, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг 113 нафари — кўпчилигининг ота-онаси ҳаёт. Улардан бири — Шаҳло Қодированинг онаси етти йил бурун хорижга ишлагани кетган. Қизалоқнинг айтишича, онаси пул жўнатмай қўйгач, амакилари уни ушбу муассасага келтириб топширибди...

Тирикчилик ташвишида узоқ ўлкаларга кетган аёлнинг бошига не ташвиш тушганидан бехабармиз. Аммо ўз туғишганининг омонатини  кўз қорачиғидай асрай олмаган амакини ким деб аташ мумкин? Шаҳло яшаган Оқмасчит маҳалласи фаоллари, маслаҳатчилари, кайвонилари-чи? Қизалоқнинг тақдири уларни заррача безовта қилмабди-я... Оқибатни ҳамма нарсадан устун қўйиб келган халқимиз бир болага етти маҳалла — ота-она дейди, боланинг бегонаси бўлмайди, дейди. Асл қадриятларимизни ўзида мужассам этган бундай ёндашувни, азалий қарашларимизни унутдикмикин?! 

 

Бизлар келдик эшигингизга

— Муборак Рамазон кунларида бир киши телефон қилиб: “Болаларинг эшигимга рамазон айтиб келди, нима бало, уларнинг қорни тўймаяптими?” дея маломат қилди, — дейди Меҳрибонлик уйи мудираси Дилбар Орзиева. — Болаларни зудлик билан текширдик, ҳаммаси ўз ўрнида. Ҳеч ким дарвозадан ташқарига чиқмаган. Аслида болаларимизнинг юриш-туриши доимий эътиборимизда, назоратимизда. Лекин гап бунда эмас. Оиласи бағрида ўсаётган болалар ҳам “рамазон” айтиб юришади. Бу ночорликдан эмас, азалий одатларимиздан. Бунинг учун ҳеч ким уларни айбламайди. Бироқ одамларимизда кўпинча “Меҳрибонлик уйининг боласи” деб ўгай кўз билан қараш борлиги афсусланарли. Гўёки Меҳрибонлик уйида болаларга тўғри тарбия берилмайди, деган тасаввурда бўлишса керак-да.

Фалсафа фанлари доктори Нигора Сафарованинг таъкидлашича, жамоатчиликда бундай қарашнинг кузатилиши аксар ҳолларда Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган болаларда камситилиш, охир-оқибат аламзадалик кайфиятини шакллантиради. Жамиятга кераксиздек ҳис қилиш унда курашувчанликни, ўз кучига ва эртанги кунига ишончни сусайтиради. 

— Давлатимизга раҳмат, — дейди ушбу муассасанинг собиқ тарбияланувчиси Ҳамид -Саломов. — Мени вояга етказди. Тарбиялади, ўқитди. Тарбиячиларимиздан онамиздан кўрмаган меҳрни кўрдик. Улғайгач, мана, ишга кирдим, тураржойли бўлдим. Аммо яширмайман, ўзимни жуда ёлғиз ҳис қиламан. Эл-юртнинг тўй-маъракасига аралашолмайман, кўпинча айтишмайди ҳам. Ён-атрофдагиларнинг “Ота-она тарбиясини кўрмаган, бундан яхшилик чиқмайди”, деган муносабатини ҳам сезмай илож йўқ. Ишхонангда бир нарса йўқолгудек бўлса ҳам, биринчи гумон сендан... Ота-онасиз эканимиз бизнинг айбимизмас-ку!

Албатта, мамлакатимизда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум ўғил-қизларнинг турмуш шароитини яхшилаш, ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоялаш, тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш мақсадида аниқ манзилли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари шахсий тураржой, доимий иш билан таъминланаётгани, таълимни олий босқичда давом эттиришни истаганларига тегишли имтиёзлар яратилгани, умуман, юртимизнинг бу борадаги тажрибаси халқаро экспертлар томонидан ҳам намуна қилиб кўрсатилаётгани бежиз эмас. Айтмоқчимизки, ҳар бир болага давлат томонидан беқиёс ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Бироқ бундай эзгуликдан маҳалла, жамоатчилик, сизу биз четда туриб қолаётганга ўхшаймиз.

— Муқаддас динимизда ота-онанинг фарзанд тарбияси борасидаги бурчлари вожиб, деб белгиланган, — дейди Навоий шаҳридаги Алишер Навоий номидаги жоме масжиди имом-хатиби Дилшод Эргашев. — Вожибни бажармаслик гуноҳ ҳисобланиб, бандаси бунинг учун Аллоҳ ҳузурида жавоб беради. Имом ал-Бухорий шундай ривоят қиладилар: “Пайғамбаримиз (с.а.в.) буюрадилар: — Мен ва етимни кафилликка олган кимса манави иккиси каби (кўрсаткич ва ўрта бармоқларини кўтариб кўрсатдилар) жаннатда ёнма-ён бўламиз.”

Албатта, хом сут эмган банданинг ҳаёт йўли хатоликлардан холи эмас. Адашганларни бағрикенг халқимиз кечиради. Бироқ оила аталмиш муқаддас қўрғонга дарз етказган, фарзандини “тирик етим”лик азобига гирифтор қилганларни ҳаётнинг ўзи жазолаганига мисоллар кўп. 

Эртамиз эгалари тақдирига мутлақо бефарқ бундай кимсалар орамизда, биз билан бир сафда, бамайлихотир  яшаётганини тасаввур қилар эканмиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзлари ёдимизга келади: “Ота-оналарнинг  фарзандлар тарбияси учун масъулияти ва бурчини ҳуқуқий асосда мустаҳкамлаб қўйиш вақти келди!”

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+