XS.UZ
Фракцияларда долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилди Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади Замонавий қурилмалар ва интерактив хизматлар Ҳаракатлар стратегияси: дастлабки натижалар халқимиз ҳаётида намоён бўлмоқда Жаҳон жамоатчилиги Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларни юксак баҳоламоқда Россия Федерацияси делегацияси Самарқандда Тиббий-илмий янгиликлар ва истиқбол Мурожаатлар ижроси бўйича батафсил ахборот берилди Келажак тараққиётимизнинг муҳим омили Тинчлик — энг улуғ неъмат Биохилмахилликни асраш Илғор тажрибалар оммалаштирилаяпти Ҳарбий спортчилар: «Муваффақиятларимиз — жонажон Ватанимизга чексиз меҳр-муҳаббатимиз ифодаси» Вакилларимизнинг муносиб иштироки Яна бир нуфузли мусобақа Маърифат чароғбони Ўзбекистон Республикаси Президентининг АҚШга ташрифи самарали бўлди Ўзбекистон — АҚШ бизнес форуми Россия Федерацияси делегацияси ташрифи Ўзбекистон — дунё нигоҳида Тараққиёт ва фаровонлик йўлида Орол фожиаси — глобал муаммо Бюрократик тўсиқлар барҳам топмоқда Яхши қўшничилик ва мустаҳкам дўстлик ифодаси Ватан тақдирига дахлдорлик Кенг имконият ва соғлом рақобат савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланишига хизмат қилади Тарбия оиладан бошланади Харидоргир маҳсулотлар сири нимада? Бурчга содиқлик қасамёди Ўзбек кураши Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди
  • 19 Август 2017

Мусаффо осмон узра ишончли парвоз

Энг улуғ ва энг азиз байрам — Мустақиллигимизнинг 26 йиллигини юртдошларимиз шоду хуррамликда, юксак меҳнат муваффақиятлари билан кутиб олишмоқда. Жумладан, август ойининг учинчи якшанбасини “Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво флоти куни” сифатида кенг нишонлайдиган Миллий авиакомпаниямиз ходимлари қўшалоқ айёмни ўзига хос совға билан қаршилашаётир. 

Гап шундаки, яқинда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси томонидан “Boeing-767 Full-flight” симулятори (FFS) ишга туширилди.

Янги мажмуа — янги имконият

“Boeing-767 Full-flight” симулятори (FFS) “Canadian Aviation Electronics” (CАЕ) компаниясининг энг сўнгги ишланмаси ҳисобланади. Ушбу қурилма замонавий компьютер таъминоти, ҳаракатланиш ва визуал тизимлар билан жиҳозланган. Унда парвоз давомидаги турли ноодатий ҳолатларни худди ерда ҳамда ҳаводаги каби синаб кўриш мумкин. Масалан, юқори сифатли тасвирларни кўрсатиш учун жаҳон саноат стандартлари асосида ишлаб чиқилган визуал тизим учувчиларга ностандарт ва мураккаб вазиятларни машқ қилиш, компьютер тизимига ўрнатилган аэропортларнинг маълумотлар базаси эса Ер шарининг исталган нуқтасига парвоз этиб, дунё аэропортларида учиш ва қўниш амалиёти имконини беради. 

Бошқача айтганда, янги тренажёр “Boeing-767” авиалайнери учувчиларининг ҳақиқий кабинасидир. У олти томонлама эркин ҳаракатланувчи платформага ўрнатилган бўлиб, оғирлиги салкам 13 тоннани ташкил этади. Mазкур симулятор Миллий авиакомпаниямизга жорий йилнинг апрель ойида келтирилган эди. Монтаж ва ўрнатиш, дастурий таъминот ҳамда тренажёр жиҳозларини созлаш юмушлари ишлаб чиқарувчи компания мутахассислари томонидан бажарилди. 

Миллий авиакомпания учувчи-йўриқчилари симуляторни тест синовидан ўтказиб, қабул қилганларидан сўнг, текширув натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат нозирлиги томонидан янги тренажёрни эксплуатация қилиш ҳуқуқини берувчи сертификат тақдим қилинди. Шунингдек, мазкур тренажёрга техник хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида канадалик мутахассислар Ўқув-машқ марказида авиакомпаниянинг 11 нафар муҳандисини ўқитиб, уларга симуляторга мустақил техник хизмат кўрсатиш рухсатномасини беришди.

Шу кунгача Миллий авиакомпаниямиз тренажёр мажмуасида “Ил-114-100” ва “А-320” авиалайнерларининг “Full-flight” симуляторлари ўрнатилган бўлса, янги симуляторнинг фойдаланишга топширилиши билан Ўзбекистонда учувчиларни ушбу русумдаги самолётларга, хорижий ўқув марказларини жалб этмаган ҳолда, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун мустаҳкам база яратилди. Демак, имконият ҳам, масъулият ҳам янада ортди. 

Айни пайтда Ўқув-машқ маркази базасида учувчиларни тайёрлаш борасидаги ишлар бошлаб юборилган. Бу ерда  нафақат замонавий авиация тренажёрлари, балки халқаро стандартларга мос тарзда амалий ва назарий билим берувчи профессионал йўриқчи-ўқитувчилар таркиби ҳам мавжуд.

 

Хавфсизлик, барқарорлик ва қулайлик

Мана, 25 йилдирки, Миллий авиакомпаниямизда ушбу тамойилларга қатъий амал қилиб келинади. Шу боис Ўзбекистоннинг миллий авиаташувчиси мустақиллигимизнинг рамзи сифатида жаҳон авиаташувлари бозорида ўз нуфузини тобора мустаҳкамлаяпти. 

Ўтган вақт давомида соҳада бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди. Аэропортларнинг ер усти инфратузилмаси модернизация қилинди. Авиапарклар тубдан янгиланиб, энг сўнгги русумдаги самолётлар билан бойитилди. Янги қатновлар йўлга қўйилди, йўловчиларга хизмат кўрсатиш имконияти кенг замонавий аэровокзаллар қурилиб, илғор технологиялар билан жиҳозланди. 

2016 йилнинг сентябрь ойидан Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси “Boeing-787 Dreamliner” русумидаги “янги авлод” самолётларининг тижорий эксплуатациясини бошлади. Бунинг учун ер усти инфратузилмаси, муҳандис-техник ҳамда учувчилар таркибини тайёрлаш бўйича тизимли ишлар бажарилди. Малакали янги учувчилар отряди ва “Uzbekistan Airways Technics” авиакорхонасида замонавий ҳаво лайнерларига бевосита техник хизмат кўрсатувчи мутахассис ва йўриқчилар тайёрланди. Бунинг самараси ўлароқ, Миллий авиакомпаниямиз дунё миқёсида “Boeing-787 Dreamliner” самолётларининг энг яхши эксплуатанти сифатида эътироф этилди.  

Яна бир далил: Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси ўтган йилнинг декабрь ва жорий йилнинг май ойигача бўлган вақт оралиғида жаҳондаги “Boeing-787 Dreamliner” самолётидан фойдаланувчилар орасида уларни авариясиз эксплуатация қилишда парвозлар хавфсизлиги ва мунтазамлигини юз фоиз таъминлаган ҳолда, энг яхши натижани кўрсатди. 

“Орзу лайнери”нинг қатновлари ҳақида гап кетганда, 27 июль куни юртимиз миллий авиаташувчиси тарихида илк бор “Boeing-787 Dreamliner” самолётида Тошкент — Нью-Йорк — Тошкент йўналиши бўйича тўғридан-тўғри узлуксиз парвоз амалга оширилганини айтиш жоиз. Уни пойтахтимизга қайтишда маҳаллий мутахассислар — самолёт командири Павел Мaргачев, учувчилар отряди учувчи-йўриқчиси Алексей Маркин ва иккинчи учувчи Улуғбек Ишмуҳаммедов бошқариб келди.

— “Орзулар лайнери”ни бошқариш ҳар бир учувчининг орзуси бўлса керак, — дейди Улуғбек Ишмуҳаммедов. — Миллий авиакомпаниямизда амалга оширилаётган модернизациялаш тадбирлари, умуман, мамлакатимизда ушбу соҳага қаратилаётган эътибор туфайли ана шундай мақсадга эришганимдан мамнунман, албатта.  

Бугунги кунда  юртимиз аэропортларидан парвоз қилаётган “Dreamliner”да йўловчилар Дубай, Деҳли, Амритсар, Истамбул, Тель-Авив, Сеул, Франкфурт, Москва, Куала-Лумпур каби шаҳарларга етказиб қўйилмоқда. 

 

Замонавий аэропортлар — халқ хизматида

1991 йилда республикамиз ҳудудида атиги учта аэропорт мавжуд эди. Эндиликда улар сони 11 та бўлиб, барчаси халқаро мақомга эга. Тўлиқ реконструкция ва модернизация қилинган. Ишончли ҳамда мукаммал назорат техникаси билан таъминланган. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, ҳозир юртимиздаги исталган аэропорт нафақат юқори йўловчи ўтказиш имконияти, балки ҳар қандай типдаги самолётларни қабул қилиш, кечаю кундуз ва мураккаб об-ҳаво шароитида ишлаш имконига эга.              

Пойтахт аэропортида маҳаллий авиақатновлар учун “Тошкент-3” аэровокзали, юқори қулайликка эга “Business Lounge” учиш зали ва янги терминаллар йўловчилар хизматида. 

“Навоий” аэропорти негизида ташкил этилган Халқаро интермодал логистика маркази эса минтақамиздаги юқори технологик ва улкан авиаюкташувчи мажмуа ҳисобланади. Бинобарин, айни пайтда ушбу марказ Ўзбекистонни Евроосиёнинг Франкфурт, Милан, Вена, Осло, Базель, Сарагоса, Дубай, Деҳли, Инчеон, Тянзин, Ханой, Шанхай каби асосий логистика марказлари билан боғламоқда. 

Аэропорт юкларни қабул қилиш, вақтинчалик сақлаш, экспорт ҳамда импортга жўнатиш бўйича транспорт хизматлари кўламини қоплаш бўйича ҳам энг йирик базадир.

 

Ҳаводаги ҳаракат — доимий назоратда

Мустақиллик йилларида мамлакат фуқаро авиацияси фаолиятини тартибга солувчи самарали, халқаро стандартларга мос ҳуқуқий асос яратилди. Ўзбекистон Фуқаро авиацияси фаолиятини тартибга солувчи амалдаги деярли барча халқаро ҳужжатларга қўшилиб, Миллий авиакомпаниямиз “IOSA” операторларининг расмий реестрига киритилди. Халқаро экспертлар таъкидлаганидек, Ўзбекистонда жаҳон стандартларининг асосий қоидаларини ўзида мужассамлантирган сифатли авиация қонунчилиги амал қилмоқда.  

Шу билан бирга, Ҳаводаги ҳаракатни бошқариш (ҲҲБ) тизимини ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича ягона, мақсадли сиёсат амалга оширилди. Аэропортларда бошқаришнинг замонавий марказлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. 

Ҳаводаги ҳаракатни бошқариш тизимида Ўзбекистон ҳаво кенгликларидан фойдаланувчилар кўламини кенгайтириш ва парвозлар хавфсизлигини янада ошириш имконини берувчи “RVSM” (вертикал эшелонлашнинг қисқартирилган минимуми) ва “QNH” (бутунжаҳон парвоз баландлигини ҳисоблаш) янги тизимлари жорий этилди. Улар ёрдамида осмонимизда ҳаракатланаётган ҳар бир авиалайнер “Ўзаэронавигация” марказининг юқори малакали авиадиспетчерлари томонидан доимий назорат қилиб борилади. 

 

Талаб ва таклиф асосида

Ўзбекистон фуқаро авиацияси авиаташувлар бозоридаги талаб ва вазиятга қараб имкониятидан самарали фойдалана олади. Энг муҳими, у мустақил равишда ўз самолётларини сифатли ва учишга яроқли ҳолда бўлишини таъминлашга қодир. Авиакомпаниямизнинг “Uzbekistan Airways Technics” авиакорxонасида “Boeing”, “Аirbus”, “Ил-62”, 

“Ил-76” ва “Ан-2” самолётларини бўяшдан тортиб капитал таъмирлашгача бўлган барча жараён маҳаллий мутахассислар томонидан бажарилади. Ўтган йилнинг бошида эса “Uzbekistan Airways Technics”да “Боинг тижорат самолётлари” корпорацияси билан ҳамкорликда Композит материалларни таъмирлаш маркази фаолияти йўлга қўйилди. Композитлар келажакдаги авиация қурилиши учун муҳим материал эканлигини инобатга олсак, бу жуда муҳим воқеа. 

Мана шундай имконият ва шарт-шароитлар парвозлар географиясини, xизматларни -сотиш тармоғини кенгайтириб, юк ташиш ҳажмини оширишда қўл келаяпти. Мисол учун, 1992 йилда авиакомпаниянинг хорижда 7 та ваколатхонаси мавжуд эди. Бугунги кунга келиб, улар 40 дан ортди.

Бундан ташқари, Миллий авиакомпаниямизда “IATA”, “ICAO” каби ташкилотлар махсус дастурлари бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Айни пайтда “Тошкент — Шарқий” аэродроми базасида замонавий аэропорт мажмуасини қуриш бўйича лойиҳа амалга оширилаётгани, “Boeing” корпорацияси билан яна 4 та “Boeing-787 Dreamliner”  самолётини сотиб олиш бўйича шартнома имзолангани, шунингдек, нуфузли авиация альянсларига аъзо бўлиш режалаштирилаётгани фикримиз тасдиғидир. Булар келгусида Ўзбекистон фуқаро авиациясининг жаҳон бозоридаги ўрни ва нуфузи янада мустаҳкамланишидан далолат беради. 

Миллий авиациямиз жамоаси ана шундай кўтаринки кайфиятда мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш, халқаро ва ички қатновни таъминлаш йўлида астойдил меҳнат қилмоқда. 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+