XS.UZ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи Ўзбекистон Президентининг АҚШга ташрифи Халқаро валюта жамғармасининг фармойиш берувчи директори Кристин Лагард баёноти Покистон Ислом Республикаси Қуролли Кучлари делегацияси ташрифи Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мемориал мажмуа кутубхонаси фонди яна 500 дан зиёд китоблар билан бойиди «Ўзбекистон — Евроосиёдаги янги иқтисодий тараққиёт замини» Ўзбекистон минтақада прагматик сиёсат олиб бормоқда Илму фан ва зиё маскани Болалар зарарли ахборот хавф-хатарларидан ҳимоя қилинади Аҳоли саломатлиги йўлида Юртимизда етиштирилган қовунлар европаликлар дастурхонида Миллат маънавиятига дахлдор масала Меҳнатимиз самараси шогирдлар камолида кўринади Ўзбекистон Президенти Америка Қўшма Штатларига келди Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг телефон орқали мулоқоти тўғрисида Ижтимоий адолатни қарор топтириш Она тилига эътибор ва масъулият Соғлом рақобат муҳити кучаяди Ўзбек халқи Мьянмалик қочқинларга ёрдам қўлини узатди Бой тажриба ва ибрат мактаби Сурхондарё соҳилида янги сўлим маскан Давлат идораларида мурожаатларга муносабат ўзгармоқда Дастлабки кунда ўн учта медаль Осиё чемпионати якунланди АКТ Саммити, роботлар намойиши ва интерактив лойиҳалар Тадбиркорларнинг ишончли ҳимоячиси Солиқ имтиёзлари аҳоли турмуш фаровонлиги кафолатидир Тиббий патронаж хизмати янгича ёндашув, изчил фаолият ва фидойи меҳнатни талаб этади Яқин қардошлик ва ўзаро манфаатдорликка асосланган ҳамкорликнинг янги босқичи
  • 18 Август 2017

Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон

Жойларда эҳтиёжманд оилаларга янги уйлар топширилмоқда.

Инсон борки, ўз уйи — ошёни бўлиши учун интилади. Ота-боболаримиз оилада фарзанд туғилиши биланоқ ерга ниҳол қадашида, имконият туғилса, унинг учун ҳеч бўлмаганда уйнинг пойдеворини солиб қўйишни афзал билганида ҳам ҳикмат бор. Эътибор берсангиз, ҳатто қалдирғоч ҳам мустаҳкам бошпана қилиш учун минг бир синоатга эга ин қуради. 

Бироқ орамизда шундай инсонлар ҳам учрайдики, улар ўзларидаги чекланган имконият туфайли уйли бўлишдек орзу билан узоқ йиллардан буён бир жойда қўним топмай ёхуд ўта қийин, ночор шароитда яшаб келмоқдалар. -Президентимиз ташаббуси билан  ногиронларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичга чиққани бугун, айтиш мумкинки, ана шу эҳтиёжманд инсонлар ҳаётига ҳамда уларнинг оиласига чинакам қувонч олиб кирмоқда.

Самарқанд вилоятида уй-жойга муҳтож, имконияти чекланган 37 нафар фуқарога Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси — янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган арзон уй-жойлар топширилди. 

Шинам, бир оила бекаму кўст яшаши учун барча шароит муҳайё этилган уйга кўчиб кирган, ҳовли тўйини қилиб, қувончини эл билан бўлишганлардан бири пайариқлик Дилшода Эсоновадир. 

Дилшода болаликдан ногиронлик аравачасига михланган. Аммо у  тақдирнинг бешафқат зарбасидан тушкунликка тушмади. Пайариқ тумани марказидаги Гўзал маҳалласида қаровсиз қолган бинода тикувчилик цехини очиб, кийим-кечаклар, чойшаблар тикишни йўлга қўйди. Саккиз кишини ишли қилди. Мана шу интилувчан, иродали аёлнинг бир муаммоси бор эди. У ота-онаси, ногирон укаси ва унинг оиласи билан бир ҳовлида яшарди.

Дилшодага  туманнинг Бошқўрғон маҳалласида янги қурилган, 3 хонали уйнинг калити берилди. 

Ургут туманилик Ойбаҳор Жўрақулова эса ўғли билан қариндошларининг уйини вақтинчалик бошпана тутишган эди. Унга ҳам 2 сотихли, 3 хонадан иборат уйга эгалик ҳуқуқини берувчи сертификат топширилди. Бу шодиёна ўғли Сардорбекнинг суннат тўйига уланиб кетди.

— Қалбимдаги миннатдорликни, шукроналикни сўз билан ифодалай олмайман, — дейди Ойбаҳор. — Замонавий, янги мебель ва маиший техникалар билан жиҳозланган бундай уйнинг эгаси бўлишдек бахтдан бошим осмонда...

Дарвоқе, Ойбаҳор Жўрақулованинг турмуш шароити яқиндан ўрганилиб, у мутасаддилар томонидан  туман ободонлаштириш бўлимига ишга жойлаштирилди. Бўш вақтида касаначилик билан шуғулланиши учун тикув машинаси ҳам совға қилинди. Кўринадики, энди Ойбаҳорнинг доимий иш жойи, доимий даромади бор. 

Иштихонлик Хайринисо Хўжаеванинг турмуш ўртоғи оғир касалликдан вафот этгач, икки фарзанди билан дастлаб ота-онасининг уйида яшаган, сўнг ижарама-ижара кўчиб юришга мажбур бўлаётган эди. Бугун уйлилар қаторидан жой олган бу муштипар аёлнинг юз-кўзидаги ҳаяжонни, шодликни илғаш қийин эмас. 

Нарпай туманидаги Нарпай массивида қурилган янгиланган намунавий лойиҳадаги уйлардан бири туманнинг Ислом шоир номидаги маҳалласида гоҳ ота уйида, гоҳ акалариникида, гоҳ бошқа қариндошлариникида яшаб юрган Умида Эргашевага ҳам насиб этди.

Бир неча йил аввал автоҳалокат туфайли турмуш ўртоғидан айрилган Умида икки фарзанди билан бева қолди. Тайинли бошпанаси бўлмагани боис кўп хўрликларни бошдан кечирган Умиданинг умидлари армонга айланмади. Унинг наздида қўл етиб бўлмасдек туюлган орзуси ушалди — уйли-жойли бўлди.

Бундай эзгулик, хайру саховат тантанасининг шукуҳи Андижон вилояти шаҳар ва туманларини ҳам қамраб олмоқда. 

Маълумки, Андижон вилояти мамлакатимизнинг аҳоли энг зич жойлашган ҳудуди ҳисобланади. Бу эса, табиийки, уй-жойга  эҳтиёжнинг ҳамиша юқори бўлишига олиб келувчи омиллардандир. Вазият шу қадар мураккаб бўлишига қарамай, давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ҳаётбахш ижтимоий ислоҳотлардан андижонликлар ҳам мамнун. 

Жумладан, ногирон ва меҳнатга лаёқати чекланган ўн нафар фуқарога янгиланган намунавий лойиҳада бунёд этилган уйларнинг калити топширилгани андижонликлар учун яна бир унутилмас воқеа бўлди.

— Ногиронлигим боис мактабга қатнай олмаганман, лекин мустақил сабоқ олганман, — дейди Қўрғонтепа туманининг Эшонқишлоқ маҳалласида истиқомат қилувчи Наргиза Қурбонова. — Тикувчиликнинг сирларини ўргандим. Мана, ҳозир менинг севимли оилам, яхши кўрган машғулотим бор. Лекин ҳаётимизда бир кемтиклик бор эди. Уйсиз эдик. Бугун Президентимиз раҳнамолигида кўрсатилган беминнат кўмак туфайли бу кемтикликнинг ўрни тўлди. 

Маҳалла-кўй, яқин ва узоқ қариндошлар жамланган, катта ҳовли тўйига  айланиб кетган тадбирлардан бирига Жалақудуқ туманида ҳам гувоҳ бўлдик. Шу туманда яшовчи II гуруҳ ногирони Умид Деҳқонов ўз оиласи билан янги қурилган уйга кўчиб кирди.

— Охирги саккиз йилда 7 та уйда ижарада яшадик, — дейди У. Деҳқонов. — Уч қизим бор. Улар вояга етгач, совчиларни ижара уйда кутиб оламанми, бегона уйда тўй қиламанми, деган саволлар юрагимни эзарди.  Насиб этса, бугунги ҳовли тўйимиз яхши кунларимизнинг дебочаси бўлади. 

Булоқбоши туманининг Сарбон маҳалласида яшовчи Ирода Ҳамдамова эса икки фарзанди билан ота-онасиникида яшаб ке-лаётган эди. Мўъжазгина ҳовлида тўрт хўжаликнинг истиқомат қилиши — гапиришга осон. Аслида ҳар бир оиланинг ўзига -яраша паст-баланди, муаммолари бор. 

— Бизга берилган хонадонни кўриб, ундаги шароитлар кутганимиздан ҳам ортиқ эканига гувоҳ бўлдик, — дейди Ирода. — Бундай эътиборга, ғамхўрликка жавобан имконим борича меҳнат қиламан, болаларимни эл хизматига камарбаста инсонлар қилиб тарбиялайман. 

— Ҳудудимизда ўта ночор оила сони тўртта, — дейди “Сарбон” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Роҳила Ўрмонова. — Бугун Ироданинг ҳовли тўйига келганлар, у ва фарзандларининг қувончини кўрганлар юртимизда инсон қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун эканига яна бир карра амин бўлдилар. Ногирон, эҳтиёжманд инсонларга тақдим этилаётган бундай тураржойларнинг бошланғич тўлови шахсан Юртбошимиз ташаббуси билан ҳукуматимиз томонидан тўлаб бери-лаётгани эса эътирофга молик яна бир жиҳатдир.

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани, Учтепа даҳасида имконияти чекланган беш нафар ҳамюртимизга имтиёзли кредит асосида уй-жойли бўлиши учун бошланғич бадал тўлови ҳукуматимиз томонидан амалга оширилган, янгиланган лойиҳалар асосида қурилган уйларнинг калити тантанали вазиятда топширилди. 

— Бир ҳовлида тўрт оила ўта ноқулай шароитда кун кечирардик, — дейди шу туманда яшовчи I гуруҳ ногирони Жасур -Рашидов. — Мана шу муаммонинг ҳал қилинишида ёрдам сўраб, Президентнинг виртуал қабулхонасига хат йўллагандим. Бу мурожаатим инобатга олиниб, оиламга намунавий лойиҳадаги арзон уй-жойнинг берилиши Мустақиллик байрами арафасида кутилмаган ва бебаҳо совға бўлди. Турмуш ўртоғимга касаначилик асосида ишлаши учун тикув машинаси ҳам ҳадя қилинди. Бундай тантилик, саховатпешалик учун чексиз миннатдорман.

Айтиш жоизки, вилоятда кўнгли ярим, эҳтиёжманд инсонларни қўллаб-қувватлаш шу билан чекланиб қолмади. Жиззах шаҳридаги муҳташам “Баҳора” тантаналар мажмуасида ўтказилган мурувват тадбирида яна 28 нафар имконияти чекланган фуқарога уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи сертификат, ўнлаб инсонларга ногиронлик аравачалари, қўлтиқтаёқ ва эшитиш мосламалари туҳфа қилинди.

Мустақиллигимизнинг йигирма олти йиллигини муносиб кутиб олиш тадориги қизғин паллага кирган шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудида янгиланган лойиҳада барпо этилган арзон уй-жойлар бирин-кетин ўз эгаларига топширилмоқда. Бу уйлардаги бахт ва шодлик сурури эса қалбларга кўчаяпти.

 

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

Саминжон ҲУСАНОВ,

Толибжон ЭРГАШЕВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган