Ички туризм истиқболлари
  • 18 Август 2017

Ички туризм истиқболлари

Шаҳрисабзда “Ўзбекистон Республикасида ички туризмни ривожлантириш истиқболлари ва унда ёшларнинг ўрни” мавзуида республика форуми бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда туризм соҳаси бўйича ихтисослашган илмий ходимлар ва малакали ўқитувчилар, маданий мерос ҳамда музей соҳасидаги тажрибали мутахассислар, туроператорлар, гидлар ва ёшлар қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси — Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев бошқарган анжуманда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, хусусан, тарихий шаҳарлар, улар ҳудудидаги меъморий обидаларни таъмирлаш ва  реконструкция қилиш, буюк аждодларимиз мангу қўним топган муқаддас қадамжоларни ободонлаштириш, зиёратгоҳларга айлантириш бўйича қилинган ишлар ҳақида сўз юритилди. Бироқ республикамизнинг айрим шаҳарларида сайёҳлик соҳасига етарлича эътибор қаратилмаётгани ҳам қайд этилди.

— Вилоятимизда 700 дан ортиқ тарихий ва меъморий обидалар, зиёратгоҳ ҳамда муқаддас қадамжолар бўлиб, шулардан 15 га яқинида қайта тиклаш ишлари жадал олиб борилмоқда, — дейди форум қатнашчиси, Бухоро вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Меҳриддин Абдуллаев. — Хусусан, энг қадимий маданий ёдгорликлардан бири — Етти пир меъморий обидасида Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони -талабларидан келиб чиққан ҳолда, тубдан таъмирлаш юмушлари амалга оширилмоқда. Биз юртимизда туризмни янада ривожлантирмоқчи бўлсак, аввало, ўзимиздаги мана шундай обидаларни асраб-авайлаб, келажак авлодга етказишнинг аҳамиятини ёшларга кўпроқ тушунтиришимиз лозим. Сабаби, бундай ёдгорликлар доимо дунё сайёҳларини қизиқтириб келган. 

Анжуманда туризмнинг истиқболли турлари — маданий-тарихий, экологик, экстремал, спорт каби йўналишларининг саёҳат дастурлари бўйича мунозара секциялари ташкил этилди. Мулоқотларда Ўзбекистонда ёшлар туризмини ривожлантириш, туман ва шаҳарларнинг туристик салоҳияти, жойлардаги тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни тарғиб қилиш, навқирон авлодни мамлакатимизнинг тарихий жойларига, азиз-авлиёлар ва буюк аждодларимизнинг муқаддас зиёратгоҳларига ташрифларини уюштириш ҳамда уларда миллий анъана ва қадриятларга ҳурмат руҳини кучайтириш масалаларига алоҳида урғу берилди.

Қизғин савол-жавоблар тарзида ўтган тадбирлар доирасида “Шаҳрисабз — тарих ва келажак чорраҳаси” китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. 

— Қашқадарёнинг бу соҳадаги улкан салоҳияти туризмни ривожлантириш учун кенг имкониятлар эшигини очади, — дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё минтақавий бўлими бошлиғи Отабек Олимжонов. — Биргина Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари ўрта асрлар илм-фани ва  маданиятидан дарак берувчи кўплаб ёдгорликлар, маданий мерос дурдоналари, археологик объектларга бой ҳудуд ҳисобланади. Хусусан, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси объектлари рўйхатига киритилган Шаҳрисабздаги Оқсарой, Дорут-тиловат, Дорус-саодат, Қарши шаҳридаги Қашқадарё кўприги, Одина, Кўк Гумбаз, Ерқўрғон мажмуалари ва шу каби бошқа кўплаб ёдгорликлар жаҳон тарихчи олимлари, -тадқиқотчилар ҳамда сайёҳларни ўзига жалб этмоқда. Айни пайтда вилоятда туризмни ривожлантириш, табиий ва тарихий-маданий манзиллар бўйича диққатга сазовор янги сайёҳлик йўналишларини очиб, уларга ёшларни кўпроқ жалб қилиш, -туристик хизматлар сифатини янада ошириш бўйича бир қатор лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда.

Анжуман иштирокчилари Амир Темур хиёбони, Шаҳрисабзнинг тарихий манзиллари, темурийлар даврига оид ёдгорликлар ва меъморий обидалар билан танишдилар. Тадбир якунида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ва -Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ўртасида Республикамизда ички туризмни ривожлантириш бўйича меморандум имзоланди.

Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими З. Рўзиев иштирок этди.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn