Бу галги ҳашар аввалгиларидан фарқ қилади
  • 17 Август 2017

Бу галги ҳашар аввалгиларидан фарқ қилади

Энг улуғ ва энг азиз байрам — мустақиллигимизнинг 26 йиллиги муносабати билан шу йилнинг август ойи мамлакатимизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ҳамда 19-20 август — умумхалқ хайрия ҳашари кунлари, деб эълон қилинди.

Табиийки, озодлик неъматини туҳфа этган, ўзлигимизни теран англашимиз учун шароит яратиб берган Истиқлол том маънода улкан байрам ва катта тўй. Ана шундай улуғ айёмни янги марралар билан обод ва ораста манзилларда кутиб олсак, нур устига нур. Шундан келиб чиқиб, айни кунларда республикамизнинг барча ҳудудида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, жойларда кўплаб замонавий маҳаллалар гузарлари, қулай ва шинам болалар майдончалари, ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчалари ишга туширилаяпти. Умумхалқ хайрия ҳашари кунларида эса бу борадаги саъй-ҳаракатлар янада кенг қулоч ёзади.
— Халқимизда тўй-тантаналар обод ва покиза, одамлари аҳил ва ҳамжиҳат юртга ярашади, деган гап бор, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари Дилшод Усмонов. — Шу маънода, умумхалқ хайрия ҳашари эълон қилингани айни муддао бўлди. Зеро, унда миллий қадриятларимизга хос бўлган ўзаро меҳр-оқибат ва саховат муҳити янада кучайтирилади, ижтимоий ҳамкорлик, беғараз ёрдам ва мурувват каби эзгу фазилатлар амалда намойиш этилиб, маҳаллалар ҳудудлари, аҳоли тураржойлари ободонлаштирилади, санитария ҳолати яхшиланади. Буларнинг барчаси пировардида энг улуғ байрамимизни юқори даражада кутиб олишимиз учун замин яратади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ахборот хизмати маълумотига кўра, бу галги ҳашар “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида кўзда тутилган тадбирларни кенг қамраб олгани ва хайр-саховат ишларининг янада кўпроқ режалаштирилаётгани билан аввалгиларидан фарқ қилади. Унда фаол иштирок этиш орқали шу азиз ва муқаддас Ватанга бўлган чексиз муҳаббатимизни амалда исботлайлик!

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn