Болалик олами
  • 16 Август 2017

Болалик олами

Унда китоблар, ўйинчоқлар, спорт жиҳозлари, бежирим кийим-кечаклар муҳим ўрин тутади.

Фарзанд таълим-тарбиясида унинг маънавий ва жисмоний камолотига эътибор муҳим ўрин тутади. Кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида бошланган учта —  “Китоб олами — 2017” I халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси, “Болалик дунёси — 2017” болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган маҳсулот ва хизматлар II халқаро кўргазмаси ҳамда “Спорт олами — 2017” VI  ихтисослаштирилган кўргазмаси келажагимиз эгаларини ҳеч кимдан кам қилмай вояга етказишга қаратилган зарур маслаҳат ва тавсияларни мужассам этгани билан алоҳида ажралиб туради. Қолаверса, мазкур тадбирларда олтмишга яқин маҳаллий ва хорижий корхона ҳамда ташкилотлар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулот ва хизматлари билан иштирок этаётгани уларга янада кенг кўлам бахш этаяпти.

Энди китобларни тинглаш ҳам мумкин

Илк бор ташкил этилган “Китоб олами” кўргазмаси турли янгиликларга бойлиги билан барчани қизиқтириши, шубҳасиз. Масалан, китоб ўқишга иштиёқманд, аммо маълум сабабларга кўра мутолаага вақт ажратолмайдиганлар учун “Uzbook” номли инновацион лойиҳа тақдим қилинмоқда. Унинг афзаллиги шундаки, китобхонлар ўз мобиль қурилмалари орқали “Uzbook” дастурини юклаб оладилар ва севимли асарларини тинглашлари мумкин. Лойиҳа координаторларидан бири Игорь Хеннинг айтишича, мазкур дастурда юртимиз адибларидан Абдулла Қодирий, Пиримқул Қодиров, Шукур Холмирзаев, Одил Ёқубов, Худойберди Тўхтабоев, Тоҳир Малик каби ёзувчиларимизнинг кўплаб асарлари аудио шаклда жамланган. У мунтазам равишда ўзбек ва жаҳон адибларининг ижод намуналари билан бойитиб борилади.

— Миллий адабиётимизни равнақ топтириш, буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлаш, китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилаётган доимий эътибор халқимиз тафаккурини янада бойитиш, ёшларни билимли, соғлом фикрли, маънавиятли инсонлар этиб вояга етказишда муҳим омил бўлаётир, — дейди “Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи маркетинг бўлими бошлиғи ўайрат Бозоров. — Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда дастуриламал бўлмоқда. Чунончи, биз айни пайтда ёшлар билимини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган китоб ва китоб маҳсулотларини нашр этаяпмиз. Ҳозир мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун мўлжалланган “Салом, математика”, “Салом, инглиз тили”, “Салом, рус тили” каби тўпламларимиз барчага манзур бўлаяпти.

“Фарзандимга ўзимизнинг ўйинчоқлардан олиб бердим”

“Болалик дунёси” кўргазмасини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад иштирокчиларни болалар ва оналарга кўрсатилаётган хизматлар билан таништириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда хорижий ишбилармонлар билан алоқаларни янада ривожлантиришдан иборатдир. Бу ерда чақалоқлар ва кичкинтойлар учун мўлжалланган турли либослар, пойабзаллар, китоблар, шунингдек, бошқа маҳсулотлар намойиш қилинаяпти.

— Ўғлим Жасурбек яқинда уч ёшга тўлди, — дейди кўргазмага ташриф буюрган Наргиза Латипова. — Унга турли ўйинчоқлар олиб беришда жуда эҳтиёткорман. Чунки четдан кириб келаётган маҳсулотлар бола онги, соғлиғига салбий таъсир ўтказиши мумкин. Шу сабабли бу ердан “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остидаги ўйинчоқларни харид қилдим. 

Халқаро кўргазма доирасида ўғил-қизлар учун турли анжуманлар, модалар намойиши уюштирилиб, китоблар, таълим муассасалари, даврий нашрлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилаяпти.

Барчаси — соғлом турмуш тарзи учун

Ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, болаларда жисмоний маданиятни юксалтириш, спорт-соғломлаштириш масканлари, объектлар ва мажмуаларнинг моддий-техника базасини такомиллаштириш каби эзгу мақсадларга қаратилган “Спорт олами — 2017” VI ихтисослаштирилган кўргазма-ярмаркасида ушбу соҳага оид янги маҳсулотлар, технологиялар ва инновацион ечимлар намойиш қилинмоқда.

Унда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида тайёрланган тренажёрлар, футбол, баскетбол, волейбол, гандбол, теннис, стол тенниси, бадминтон, гимнастика, бокс, кураш, енгил атлетика, армрестлинг, ядро улоқтириш, велоспорт ва шахмат сингари спорт турлари учун инвентарь ҳамда жиҳозлар, турли аксессуарлар, шунингдек, спорт либослари ва озиқ-овқатлар тақдим этилмоқда. 

Кўргазмада “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналар, “Стеклопластик” масъулияти чекланган жамияти, “Мини-текс”, “Asia Sport-S” сингари бизнес субъектлари томонидан намойиш этилаётган маҳсулотлар юқори сифати, экологик тоза хом ашёлардан тайёрлангани билан иштирокчиларда қизиқиш уйғотмоқда.

— Мамлакатимизда тадбиркорлар кенг қўллаб-қувватланаётгани бизни янги марралар сари руҳлантирмоқда, — дейди “Стеклопластик” масъулияти чекланган жамияти вакили Ўктам Саидмуродов. — Ўтган йиллар давомида спорт қайиқлари, гимнастика ва баскетбол инвентарлари ҳамда жиҳозлари каби маҳсулотларни маҳаллийлаштиришга эришгандик. Яқинда ватерпол учун дарвозалар тайёрлашни ўзлаштирдик. Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олган ушбу спорт тури юртимизда ҳам кенг оммалашаётгани бизни мазкур лойиҳани амалга оширишга ундади. 

Ишлаб чиқарувчиларнинг таъкидлашича, асосан, маҳаллий хом ашёлардан фойдаланилаётгани боис маҳсулотлар таннархи турдошларига нисбатан анча арзон. Сифат жиҳатидан эса хорижникидан қолишмайди. 

“Turnik.uz” миллий бренди остида таклиф этилаётган спорт инвентарь ва жиҳозларига маҳаллий бозорда талаб ортиб бораётир. 

— Фаолиятимизни 2015 йилда бошлаганмиз, — дейди мазкур субъект асосчиси Сардор Раҳимов. — Корхонамиз Жанубий Корея, Россия давлатлари технологиялари билан жиҳозланган. Ҳозирги кунда 200 турдан ортиқ халқаро сифат меъёрларига тўла жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқараяпмиз. Кўргазмада намойиш этилаётган инновацион ечимлар асосида яратилган турниклар, болаларни жисмоний чиниқтириш мажмуалари ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. 

Кўргазма-ярмарканинг фаол иштирокчиларидан яна бири “Мини-текс” корхонасининг бокс, футбол, волейбол, баскетбол, мини-футбол, гандбол каби спорт турларига мўлжалланган инвентарь ва жиҳозлари аллақачон ички бозорда ўз ўрнини топган. Корхона мутахассислари истеъмолчилар талаб ва истакларидан келиб чиқиб, спортнинг регби тури учун тўплар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйди. 

17 августга қадар давом этадиган кўргазма-ярмаркада Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолиб ҳамда совриндорларининг чиқишлари, спорт федерациялари ва мактаблари тақдимотлари ўтказилиши ҳам режалаштирилган. 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

Фазлиддин АБИЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn