Биринчи Президентимизнинг эл-юртимиз равнақи йўлидаги буюк тарихий хизматлари ҳеч қачон унутилмайди
  • 16 Август 2017

Биринчи Президентимизнинг эл-юртимиз равнақи йўлидаги буюк тарихий хизматлари ҳеч қачон унутилмайди

Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти ҳаёти ва фаолиятига бағишланган фотокўргазма ҳамда унинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Ислом Каримов портретини яратиш бўйича ижодий танлов натижаларига бағишланган бадиий кўргазма очилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. 2016 йил 2 декабрда Президентимизнинг “Буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танловни ташкил этиш тўғрисида”ги, 2017 йил 25 январда “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди. 

Ўзбекистон Бадиий академияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ички ишлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорлигида уюштирилган мазкур кўргазманинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирганини, улуғ Юртбошимиз нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган шахс ҳамда арбоб эканлигини таъкидлашди.

Тадбирда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг сермазмун ҳаёти ва фаолиятини акс эттирган 39 та сараланган фотосурат намойиш қилинмоқда. Шунингдек, у кишининг сўнмас хотираси ва сиймосини абадийлаштириш мақсадида жорий йилнинг 31 июлига қадар ўтказилган ижодий танловда профессионал ҳамда ҳаваскор рассомлардан 51 ижодий иш қабул қилинди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан мазкур бадиий кўргазмада намойиш этишга сазовор, буюк шахснинг бетакрор қиёфаси юксак маҳорат билан яратилган 17 асар танлаб олинди. 

Танлов натижаларига кўра, Ўзбекистон халқ рассоми Баҳодир Жалолов биринчи, Зебинисо Шарипова иккинчи, Мақсуд Қосимов учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди. 

— Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг номини абадийлаштиришга оид ташаббусларига биноан жуда кўп хайрли ва савобли ишларга қўл урилмоқда, — дейди Ўзбекистон халқ рассоми Баҳодир Жалолов. — Ушбу кўргазма ҳам ана шундай эзгуликлар натижасида ўтказилмоқда. Мустақиллигимиз асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбобининг портретини яратишга бўлган камтарона хизматларим бугун юксак баҳоланганидан хурсандман.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Биринчи Президентимиз хотирасини абадийлаштиришга оид эзгу саъй-ҳаракатларидан ҳар қанча ибрат олсак арзийди. Бугун ҳар бир юртдошимиз Ўзбекистонни юксак тараққиёт йўлига олиб чиққан буюк давлат арбобининг хотираси эъзозланаётганидан фахру ифтихор туяди. Зеро, Ислом Каримов даҳоси барчамизни юртни севишга, Ватан равнақи учун муносиб ҳисса қўшишга ундайди. 

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn