Одамларни ҳаётдан рози қилиш —  ислоҳотларнинг асосий мезони
XS.UZ
Даъвогарлар минг нафар, совринлар эса чекланган Январь — октябрь ойларида 141 минг 682 нафар қишлоқ жойларда яшовчи фуқаро иш билан таъминланди Шўрчида йилига 3 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилади Марказий Осиёдаги энг қадимий ёзув Қорақалпоғистондан топилган Австрия банки ўзбекистонлик ёш тадбиркорларга имтиёзли кредитлар тақдим этади Ўзбекистон чемпионати: олтин, кумуш ва бронза медаллари эгалари маълум Ўзбекистон ва Япония терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашувлари ўтказилади “Амалиёт эътирофи — 2017” ёш журналист кадрлар рағбатлантирилди Тошкентга АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Трент Келли бошчилигидаги делегация келади  Тошкентда Марказий Осиё давлатларининг сув бўйича ҳамкорлигига бағишланган халқаро конференция ўтказилади Ўзбекистонда корейс миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилаётганининг 80 йиллигига бағишланган тантанали маросим иштирокчиларига Одамларнинг бунёдкорона меҳнатини қадрлаб, уларга муносиб турмуш шароити яратиш — энг муҳим вазифамиздир Ўзбекистон — Корея Республикаси: Икки томонлама муносабатлар тараққиётида янги босқич Асосий Қонунимиз тарихига бағишланган кўргазма Жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда Истиқлолимиз ва истиқболимиз тимсоли «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак» www.mudofaa.uz сайти ишга тушди Президент қарори: Ўзбек миллий мақом санъати маркази ташкил этилади Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида Шавкат Мирзиёев Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан 22-25 ноябрь кунлари давлат ташрифи билан Корея Республикасида бўлади Бош прокуратура қошида Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази ташкил этилади Ўзбeкистон ва Грузия сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказди Шавкат Мирзиёев навбатга ёзилиш учун электрон тизим жорий қилинган оилавий поликлиникага борди Шавкат Мирзиёев: ҳар бир маҳалладаги профилактика инспектори ўрнига уч нафар энг профессионал ходим саралаб олиб бириктирилади Энди электр таъминоти корхонаси вакилини онлайн чақириш мумкин Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида 10 тадан сузиш ҳавзаси қурилиши мумкин Президент Сергели туманидаги 55-сонли мактаб фаолияти билан танишди Президентга Хусусий уй-жойларга хизмат кўрсатувчи профессионал бошқарув компанияси фаолияти ҳақида маълумот берилди ЖССТ экспертлари силга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон тажрибасини юқори баҳолашди
  • 15 Август 2017

Одамларни ҳаётдан рози қилиш —  ислоҳотларнинг асосий мезони

Бир инсоннинг ҳаётдан мамнун яшаши учун нима керак? Тинчлик, хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, дерсиз?! Тўғри, булар — бирламчи омиллар. Бироқ одамлар билан мулоқот қилиш, дарду қувончига шерик бўлиш, оғирини енгил қилишда ҳикмат кўп. Буларсиз юртдошларимиз қалбида шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғуларини мустаҳкамлаш бир қадар мушкул.

Айни кунларда олмалиқликларнинг кайфияти жуда баланд. Мавзу битта: Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шаҳарга ташрифи. Кимдир мамлакат раҳбари билан шахсан учрашиш имкониятига эга бўлганидан қувончини яширолмаса, бошқаси Олмалиқ яқин келажакда улкан ўзгаришларга, янгиланишларга юз тутиши ҳақида сўз очади. Аҳоли руҳиятидаги бундай кўтаринкилик, албатта, бежиз эмас. Чунки шаҳарнинг яқин истиқболда меъморий қиёфаси, ижтимоий инфратузилмасини тубдан янгилаш бўйича аниқ режалар, лойиҳалар ишлаб чиқилди, уларни амалга оширишга тегишли мутасаддиларга масъулиятли вазифалар топширилди. Айниқса, узоқ йиллар давомида эътибордан четда қолиб келган ҳудудни аҳоли яшаши учун қулай кентга айлантириш вазифаси қатъий қилиб қўйилдики, бу ҳам, одамлар дилидаги гап бўлди. 

Аслида, Олмалиқ — мамлакатимизнинг саноати ривожланган шаҳарларидан бири. Бу ердаги йирик ишлаб чиқариш субъектлари нафақат Тошкент вилояти, балки республикамиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Хўш, бундай улкан имкониятлар ҳудуд аҳли турмушида қандай акс этмоқда? Бугун олмалиқликлар ўз ҳаётидан мамнунми?

Олмалиқни, таъбир жоиз бўлса, юртимизга Яратган инъом этган бебаҳо хазиналардан бири, дейиш мумкин. Негаки, унинг қаърида яшириниб ётган бойликлар ер устига ёйилса, олам лол қолади. Демак, тупроғи “дуру гавҳар”ли шаҳар аҳолиси кўнгли тўқ, орзулари улкан, чор-атрофи гўзал, турмуш учун жуда қулай муҳитда яшаши керак. Бинобарин, мустақиллигимиз билан тенгдош ёшлар бу шаҳарда жуда кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг салоҳияти, ақлу дониши ҳеч кимдан кам эмас. Аксинча, ёшларимиз эндиликда юксак интеллектуал билим, маҳорат ва тажриба талаб этадиган юмушда ҳеч -кимдан ёрдам сўрамай, мағрур, ўз кучига инонган ҳолда “Олмалиқ кон-металлургия комбинати ривожланишининг иккинчи босқичи” лойиҳасини барпо этишга тайёрлар.

“Ўз кучимиз билан бунёд этамиз!”

Чунончи, давлатимиз раҳбарининг ташрифи ҳам айнан йирик лойиҳа — “Олмалиқ кон-металлургия комбинати ривожланишининг иккинчи босқичи” лойиҳаси бўйича ишлар бошланишига бағишланган тантанали маросимдан бошланди.

Юртимиз ер ости хазиналарига бой, лекин биз ундан унумли фойдалана олмаяпмиз. Геология соҳасини ривожлантиришга етарлича эътибор қаратмадик. Энди мазкур йўналишдаги ишларни тубдан яхшилаймиз ва соҳани такомиллаштирамиз, деди Президентимиз.

Лойиҳа рўёбига қарийб 1,7 миллиард доллар йўналтирилади. Шуниси қувонарлики, Ўзбекистон илк маротаба бундай йирик саноат тузилмасини ўз кучи, имкониятига таянган ҳолда барпо этаяпти. Ваҳолонки, дунёда бунга қодир мамлакатлар саноқли. Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг иқтисодиёт ва молия масалалари бўйича директори Ўктам Каримовнинг маълум қилишича, лойиҳа ишга тушгач, йилига 500 миллион долларлик юқори ликвидли маҳсулот тайёрлаш ва унинг 50 фоизини экспорт қилиш имконияти юзага келади.

— Бундай йирик лойиҳани рўёбга чиқариш мамлакатнинг қудратидан, унинг жадал ривожланаётганидан далолат беради, — деди олмалиқлик отахон Абдумажид Шодиев. — Бу — келгусидаги беқиёс ишларимизнинг дебочаси. Эрта-индин бундан-да улкан лойиҳаларга қўл урамиз. Ўзбекистоннинг кучини, билимини, ғайрат-шижоатини, буюк аждодларга муносиб халқ эканлигини дунёга кўрсатамиз.

Эндиликда “Ёшлик” кони деб юритилаётган “Олмалиқ кон-металлургия комбинати ривожланишининг иккинчи босқичи” лойиҳаси тўлиқ қувват билан фаолият бошлагач, ўн минглаб кишилар иш билан таъминланади. Бу, ўз-ўзидан, кадрлар масаласини ҳозирдан ҳал этиш зарурлигини талаб қилади. Мамлакат раҳбари ташаббуси билан Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиали ташкил қилингани, Москва пўлат ва қотишма институти филиалини очиш режалаштирилаётганининг сабаби шунда.

— Давлатимиз раҳбари комбинат ходимлари билан учрашув чоғида ёшлар ҳақида фикр билдириб, янги конни “Ёшлик” деб номлагани барчамизни тўлқинлантириб юборди, — дейди Олмалиқ кон-металлургия комбинати Ёшлар иттифоқи раҳбари Беҳзод Салимов. — Бу Ўзбекистон ёшларига бўлган яна бир юксак ишонч, эътиборнинг ёрқин -ифодасидир. Комбинатимиз ходимларининг 11 минг нафардан ортиғи ёшлардир. Улар комбинатимиз келажаги, ҳаётга татбиқ этилаётган янги лойиҳалар эгаларидир. Биз зиммамиздаги улкан масъулиятни чуқур ҳис қилиб, бор истеъдод ва имкониятимизни сафарбар этамиз.   

— Металлурглар оиласиданман. Онам, акам ва мен шу соҳада ишлаймиз, — дейди комбинатнинг мис бойитиш цехи мутахассиси Розия Пўлатова. — Болаликдан ўз касбим бўйича олий маълумотли бўлишни истардим. Президентимиз ниятимни эшитиб, шаҳримизда очилган Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиалининг биринчи талабаси бўлдингиз, дея мени табриклаб, қўллаб-қувватладилар. Оталарча билдирилган ушбу меҳрдан кўзларимга севинч ёшлари келди. Жудаям бахтиёрман. Бундан буён ҳам бор куч-ғайратимни юртимиз равнақига ҳисса қўшиш йўлида сарфлайман.

“Олмалиқ кон-металлургия комбинати ривожланишининг иккинчи босқичи” -лойиҳаси 2028 йилда тўлиқ қувватга эришади. Шунинг баробарида, ёш мутахассислар учун 2017 — 2021 йилларда 400 оилага мўлжалланган 9 та кўп қаватли уй, мактабгача таълим муассасаси ва 240 ўринли 2 ётоқхона барпо этилади. Лекин буям ҳали ҳаммаси эмас.

Шаҳар ҳавас қиладиган даражада янгиланади

Ҳозирги кунда Олмалиқда қарийб 130 минг киши истиқомат қилади. Бу — 34 мингдан ортиқ хонадон дегани. Уларнинг салкам 25 минги 658 та кўп қаватли уйда яшайди. Аммо бу тураржойлар қурилганига анча бўлган, кўпи таъмирталаб аҳволда. Шаҳардаги ижтимоий объектларнинг мутлақ катта қисми мустақилликкача бўлган даврда барпо этилган. Икки-учта иншоотни айтмаса, Олмалиқ 30-40 йил аввал қандай кўринишда бўлса, минг афсуски, бугун ҳам шундай... 

Шаҳарда 39 мингдан зиёд оила мавжуд. Баъзи хонадонларда уч-тўрттагача рўзғор қўним топган. Ижарама-ижара сарсон юрган, эҳтиёжмандлар ҳам талайгина. Нега? Чунки Олмалиқда тураржойлар қурилиши сусайиб кетган. Президентимизнинг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017 — 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳудуд аҳли ҳаётида янги саҳифа очди. Ибн Сино кўчасида етти қаватли ўнта уй бунёд этилмоқда. Ҳар бири 42 хонадонга мўлжалланган. Уларнинг дастлабки иккитаси, ҳадемай, фойдаланишга топширилади. 

— Икки нафар фарзандим бор, — дейди Хуршида Намозова. — Улар ҳали жуда ёш. Тақдир экан, рўзғорни ўзим тебратаяпман. Аммо ўз уйим бўлмагани учун ижарама-ижара юриб, кўп сарсонгарчиликларни бошдан ўтказганман. Ҳар гал янги хонадонга кўчганимизда, болаларимнинг катталардек ўйга толишини кўриб юрак-бағрим эзиларди. Уй эгасининг инжиқликларини айтмасам ҳам бўлади. Очиғи, охири кўринмайдиган “кўч-кўч”лардан хуноб бўлгандим. Президентимизнинг ғамхўрлиги туфайли ҳаётимга рўшнолик кирмоқда. Комиссия қарори билан Ибн Сино кўчасида қурилаётган етти қаватли уйдан менга ҳам квартира ажратиладиган бўлди. Ишонасизми,  хушхабардан бошим кўкка етди. Тўловнинг бошланғич бадалларини шакллантирдим. Бу уй туфайли ҳаётим бутунлай ўзгаришига ишонаман. Жумладан, ўғлим Озодбекнинг ҳам! Айтгандек, у 1 сентябрда таваллуд топган. Янги уйда фарзандларимни юртимизга хизмат қиладиган, одамлар корига ярайдиган инсон қилиб вояга етказаман. Лойиҳага кўра, тураржойимиз атрофида гипермаркет, боғча, маданият ва истироҳат боғи ҳам қурилар экан...

Шак-шубҳасиз, бу бир умр ўз турар макони — хотиржамлик ошёни бўлишни орзу қилган она учун жуда катта бахт.

Дарҳақиқат, бугун Х. Намозова сингари юртдошларимиз оғирини енгил қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамойил изчил амалга оширилаётганининг яққол тасдиғи, десак, айни ҳақиқат. Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олиб, шаҳарда тўққиз қаватли уйлар барпо этишни таклиф қилди. Янги тураржойлар бир йил ичида қуриб битказилади. Бу шаҳар аҳлига муносиб туҳфа бўлишига ишончимиз комил.

Дарвоқе, 2035 йилгача мўлжалланган бош режага кўра, Олмалиқнинг маъмурий ҳудуди 2,6 минг гектардан 3,5 минг гектарга етказилади. Саноат ҳудуди шаҳар марказидан олиб чиқилиб, замонавий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолига қулай уй-жойлар барпо этиш кўзда тутилган.

Айниқса, Жанубий Корея тажрибаси асосида Сеул боғи барпо этилиши яқин йилларда Олмалиқ шаҳри қиёфасини буткул ўзгартириб юборади. Тўғри, шаҳарда “Болажон” боғи ва аквапарк мавжуд.  Яқин келажакда табиий иқлим шароити ҳисобга олинган ҳолда, шарқона усул ва халқимизнинг миллий ҳаёт тарзи, замонавий муҳандислик коммуникациялари билан уйғун равишда барпо этиладиган Сеул боғида ҳордиқ чиқариш учун кўнгилдагидек имкониятлар яратилади.

— Ҳудудимизда саноат ривожланган бўлса-да, очиғи, аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши ҳақида оғиз очолмаймиз, — дейди тадбиркор Комила Муратова. — Китоб ва газета дўконлари деярли йўқ. Бугун юртимизда китобхонлик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир пайтда, Олмалиқда бундай ҳолат бўлиши нафақат мутасадди идоралар, балки биз, тадбиркорларнинг ҳам лоқайдлигимиз туфайли юз берган, десак, ўринли бўлади. Мен шаҳримизда бунёд этиладиган истироҳат боғи ёнида китоб дўкони очишни ният қилдим. 

 “Яшил ҳудуд”лар кенгаяди   

Олмалиқ тоғолди ҳудудда жойлашганига қарамай, шаҳарда “яшил ҳудуд”лар таассуфки, кўзга ташланмайди. Чунки бу ерда техник сув муаммосига узоқ йиллар давомида эътибор берилмаган. Шу боис шаҳарни ободонлаштириш, кўча-кўйни кўкаламзорлаштириш мушкул юмуш. Одамлар дарахтлар, гулларни ичимлик суви билан суғоришга мажбур.

— Ободлик, озодалик — халқимизга хос хислат, — дейди Ҳамза номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдурасул Абдураҳмонов. — Кимдир кўп қаватли уйда яшаса-да, кўчат ўтқазгиси, гулзор қилгиси келади. Кўчаларимизни ободонлаштириш учун ҳам техник сувга жуда муҳтож эдик. Иложсизликдан ичимлик сувини шу мақсадда сарфлаяпмиз. Натижада яна бир муаммо пайдо бўлди. Энди ичимлик суви таъминотида ҳам турли узилишлар юзага келаяпти. Тўғриси, Президентимиз ушбу муаммони кўтарганида, хижолат тортдик. Ахир мазкур муаммони кенг жамоатчилик билан бирга, раҳбарларни ҳоли-жонига қўймай, керак бўлса, ҳомийларни жалб этиш орқали ҳал қилиш мумкин эди-ку! Қолаверса, мамлакат раҳбари ташаббуси билан оқова сувларни тозалаш иншоотини реконструкция қилиш, техник сув таъминоти бўйича янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш мўлжалланаётгани олмалиқликларни хушнуд қилди. Ишонамизки, яқин истиқболда шаҳримиз эрта баҳордан кеч кузгача  ям-яшил ҳудудга айланади.

Барака бозордан бошланади

Бозор — халқнинг турмуш даражасини, ҳаёт сифатини кўрсатадиган ўзига хос барометр. Шу боис бундай манзиллар саранжом-саришта, қулай ва шинам бўлиши лозим. Олмалиқ шаҳридаги “Ойдин” деҳқон бозори ҳамда буюм бозорининг бугунги ҳолати, хизмат кўрсатиш даражаси юқоридаги талабларга жавоб бермай қолган.

— Эсимни таниганимдан буён бозорлар шу аҳволда эди, — дейди  шаҳардаги “Олтин” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Карима Абдуқодирова. — Расталар пала-партиш жойлашган, озодагарчилик ҳолати ҳам ҳаминқадар. Айниқса, қишли-қировли кунларда бу ердан ноз-неъматларни харид қилиш қийинлашиб қолади. Автотураргоҳ масаласи ҳисобга олинмаган.  Президентимиз бу ҳолатни кўриб, уларни мукаммал реконструкция қилиш, қўшимча бино ва савдо нуқталари барпо этиш бўйича топшириқлар берди. Деҳқон бозоридаги турғун савдо нуқталари тартибга келтирилиб, буюм бозори учун 450 ўринли павильонлар, замонавий автотураргоҳ барпо этиш режалаштирилганини эшитиб, кўнглимиз тоғдек кўтарилди.

Олмалиқликлар замонавий бозорлар, озиқ-овқат маҳсулотлари нарх-навоси масаласи ҳокимлик, айниқса, сектор раҳбарлари эътиборида туриши кераклигини исташмоқда. “Бугуннинг талаби шу, ахир!” дейишаяпти улар.

Тиббиёт муассасалари замонавий шифо масканларига айланади

Инсон, аввало, ўзи ва оиласи учун юқори малакали тиббий хизмат, сифатли таълим ва мазмунли ҳордиқ чиқариш имконияти мавжуд жойга интилади. Бу — олмалиқликларнинг ҳам мақсад-муддаоси. Шаҳардаги тиббиёт муассасаларидаги ҳолат кишини анча ташвишга солади. Эскирган бинолар, бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермайдиган тиббий асбоб-ускуналар... Натижада аҳоли ўз дардига шифо излаб пойтахтга қатнашга мажбур бўлаяпти. Масалан, ҳудудда бирорта ҳам МРТ ускунаси йўқ. Бундай ҳолатда аниқ ташхис қўйиш имконсиз-ку! Хўш, зарур ускуналарсиз шифокорлар -хаста инсонлар дардига қандай қилиб даво топиши мумкин?! 

Президент ташаббуси билан ишлаб чиқилган Олмалиқ шаҳрининг 2035 йилгача мўлжалланган бош режасига кўра, ҳудуддаги болалар шифохонаси, юқумли касалликлар шифохонаси, марказий шифохона, кўплаб оилавий поликлиникалар қайтадан қурилади. Мисол учун, Олмалиқ шаҳар болалар шифохонаси аллақачон таъмирга муҳтож бўлиб қолган. Чунки 1989 йилда қурилган мазкур касалхона бирор марта мукаммал таъмирга -тушмаган. Қанча мурожаату эътирозлар бўлмасин, бу масалага ҳеч ким эътибор қилмаган.

Мамлакат раҳбари ташрифидан сўнг шифохонада реконструкция ишлари бошлаб юборилди. Қарийб 5 гектар жойни эгаллаган муассаса биносида кўп тармоқли марказий поликлиника, тез тиббий ёрдам, юқумли касалликлар, қон қуйиш бўлимлари, бошқа бўлинмалар ўрин олади. Албатта, бу аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилайди. Даволаш-профилактика муассасалари марказлашиши натижасида бўшаган биноларда янги оилавий поликлиникалар ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

— Президентимиз ғамхўрлиги туфайли орзуимиз рўёбга чиқадиган бўлди, — дейди мазкур тиббиёт маскани бош шифокори Сайёра Дадабаева. — Ахир муассасани реконструкция қилиш бўйича кирмаган эшигимиз, мурожаат қилмаган идорамиз қолмаганди. Бизни тинглайдиганлар топилмади. Кутишдан бошқа чорамиз йўқ эди. Давлатимиз раҳбари шифохонани, умуман, шаҳардаги тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун катта миқдорда валюта маблағлари ажратиб берганидан жудаям хурсанд бўлдик. Энди бизда ҳам МРТ сингари замонавий тиббий ускуналар бўлади. Йил охирига бориб, шифохонанинг янги биноси ишга тушса, аҳолимизни шу ернинг ўзида даволаш имкониятлари яратилади.

Тўйларимизда меҳр-оқибат устувор бўлсин

Замонавий типдаги ФҲДЁ бўлимининг янги биноси лойиҳаси тақдимоти жамоатчиликнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди. Бобур номидаги маҳалла ҳудудида барпо этиладиган ушбу масканда ФҲДЁ бўлими, нотариал идора ва “ягона дарча” маркази фаолият кўрсатади. Яъни бундай хизматлар кўрсатадиган идоралар бир манзилда жойлашади. Никоҳни қайд этиш билан бирга, тўй-маросимларни ҳам шу масканларда ўтказиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилаяпти. Бундан буён ФҲДЁ бўлими мудираси илгаригидек фақатгина никоҳни расмийлаштириш билан шуғулланмайди. У ҳам тўйларнинг тартибли ўтишига жавобгар бўлади. 

Шунингдек, ФҲДЁ биносининг ўзида 200 кишилик тўй ўтказадиган жой қурилади. Тўйда қатнашадиган санъаткорлар, дастурхонга тортиладиган ноз-неъмат — барчаси ҳисоб-китобли бўлади. Қолаверса, тўйларда миллий мусиқамиз ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. 

— Тўйларни тартибга солиш масаласи халқимиз учун айни муддао бўлди, — дейди Ибн Сино номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Манзура Сабриева. — Негаки, бундай маросимларда ҳаддан зиёд дабдабабозликка берилиб, “хурмача” қилиқлар авж олгани айни ҳақиқат. Қимматбаҳо машиналар карвони, сон-саноғи йўқ сеплардан одамларимиз тинка-мадори қуриган. Бу, айниқса, “бировдан кам бўлиб қолмай”, “одамлар нима дейди?” каби истиҳола билан қарз-ҳавола эвазига тўй ўтказишга мажбур бўлаётган кишиларни мушкул аҳволга солиб қўяётган эди. Энди бундай салбий ҳолатларга барҳам берилади. Тўйларни тартибга солиш бўйича ҳужжат қабул қилинишини кутиб, қўл қовуштириб ўтириш ярамайди. Ҳозирданоқ кўзда тутилган мақсад ва вазифаларга қатъий киришишимиз шарт. Маҳаллада ким тўй қилаётган бўлса, жамоатчилик билан маслаҳатлашайлик. Барчага ўрнак бўлиб, энг аввало, қариндошларимиз тўйларини тартибли ўтказишга ҳаракат қилайлик. Янги ФҲДЁ биноси негизида Олмалиқ тажрибаси ҳаётга татбиқ этилиши биз, маҳалла фаолларини бу борада янада жиддий ишлашга ундайди.

— Тўйлардаги дабдабабозликлар оилаларни иқтисодий, маънавий жиҳатдан қийнаб қўймоқда, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Олмалиқ шаҳар кенгаши раиси Эргаш Абдурайимов. — Биз ҳам бундай иллатларга қарши фаол ҳаракатларни бошлаб юбордик. Шаҳримиздаги истироҳат боғида турмуш қурмоқчи бўлган йигит-қизларни тўплаб, очиқ мулоқот ўтказмоқчимиз. Бежиз айнан ушбу боғни танламадик. Чунки Олмалиқда келин-куёвларнинг “кортежи” айнан шу ерга келиб, фотосессиясини ўтказади. Ўйлаймизки, тарғибот тадбирларимиз ўзининг амалий самарасини беради.

* * *

Президентимизнинг ўтган ҳафтада Олмалиқ шаҳрига ташрифи ушбу ҳудуд аҳолиси кайфиятини кўтарди, эртанги кунга бўлган ишончини оширди. Бугун ким билан суҳбатлашманг, давлат раҳбарининг шахсан ўзи келиб, дардига қулоқ тутганидан, мавжуд муаммоларининг ечими йўлида улкан ишлар амалга оширилишини, бунинг учун қанча куч ва маблағ зарур бўлса, сарфланишини маълум қилганидан ниҳоятда бахтиёр эканликларини билдиришади.

Ташрифдан сўнг, ҳудуд раҳбарияти, мутасаддилар янгича тизим асосида, секторларга бўлиниб ишлаши кераклигини англаб етган ҳолда, ҳар бир хонадонга кириши, одамлар дарду ташвишларини ўз муаммосидек чуқур ўрганиши ҳаётий заруратга айланди. Зотан, қаерда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилса, хатоликлар камаяди, ҳудуд ривожланади. Бу эса ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётдан мамнун бўлиб умргузаронлик қилишини таъминлайди. Хуллас, ҳаёт давом этади. Олмалиқдаги ўзгариш ва янгиланишлар бошқа шаҳарларга ҳам кўчиши муқаррар. Чунки ҳар қандай эзгуликда энг муҳим бир хусусият мавжуд. У ҳам бўлса, одамларни рози қилиш ва яна одамларни рози қилиш.

Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР