Бунёдкор халқ ҳеч қачон кам бўлмайди
  • 11 Август 2017

Бунёдкор халқ ҳеч қачон кам бўлмайди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 августдаги “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига биноан, август ойининг иккинчи якшанбаси юртимизда “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни” сифатида белгиланди.

Истиқлол йилларида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари нафақат шаҳару қишлоқларимиз қиёфасига кўркамлик бахш этаяпти, балки ҳаётимизга ўзгача маъно-мазмун киритмоқда. Сабаби, жойларда барпо этилаётган муҳташам иншоотлар, санъат ва маданият кошоналари, спорт мажмуалари, турли ижтимоий соҳа объектлари, кўпригу йўллар, тураржойлар одамларга катта қулайлик яратиб, муносиб турмуш кечиришига хизмат қилаётир.  

Дарҳақиқат, биз — бунёдкор халқмиз. Бу хислат қон-қонимизга сингиб кетган. Юртдошларимизнинг яратувчанлик қобилиятлари, айниқса, мустақиллик йилларида яққол юзага чиқиб, соҳада қўлга киритилаётган ютуқлар салмоғи тобора ортмоқда. Айниқса, бугунги кунда мамлакатимиз том маънода улкан қурилиш-бунёдкорлик майдонига айланган. Ҳудудлар меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, уларни замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида ривожлантириш, аҳолининг уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитини яхшилашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалиётга татбиқ этилаётир. Бундай юмушларни пишиқ-пухта амалга оширишда 

23,8 мингта пудрат ташкилоти, 31 бош лойиҳа институти ҳамда мингга яқин лойиҳа ташкилотлари фаол иштирок этаяпти. Соҳани малакали кадрлар билан таъминлашда эса 3 та архитектура ва қурилиш институти, 12 та олий таълим муассасаси ва 390 та касб-ҳунар коллежининг алоҳида ўрни бор. 

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган жойда жорий йил фойдаланишга топширилган йирик йўлўтказгични мисол сифатида олиб кўрайлик. Айтиш жоизки, мазкур объект шаҳар аҳли ва меҳмонларига қурувчиларимиз томонидан Наврўз байрамига муносиб туҳфа бўлди. Чунки шу пайтгача мазкур кўчалар кесишган чорраҳада тирбандлик юзага келиб, ҳайдовчи ва йўловчиларга қатор ноқулайликлар туғдираётган эди. Узунлиги 900, баландлиги 

6, кенглиги 24 метр бўлган 6 қаторли ушбу йўлўтказгич фойдаланишга топширилгач, бу каби масалалар ўзининг ижобий ечимини топди. 

Кўприкнинг икки томонидан пиёдалар учун умумий узунлиги 131,6 метрлик ер усти ўтиш йўлаклари ҳам бунёд этилди. Улар ёғингарчиликдан ҳимояланиш мақсадида махсус мослама билан жиҳозланганини айтмайсизми?! 

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017 — 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан рўёбга чиқарилаётган ишлар ҳам таҳсинга лойиқдир. Бинобарин, унга кўра, уч йил давомида юртимизда 945 та шинам ва барча шароитга эга кўп қаватли уйлар барпо этилиши режалаштирилган. 

Умуман, бу йил республикамиз бўйича барча манба ҳисобидан жами 37,5 триллион сўмлик ҳажмда қурилиш ишлари бажарилиб, 120,5 фоиз ўсишга эришилиши кутилаяпти. Пировардида жорий йилда жами 15 мингта арзон намунавий тураржой, 191 арзон кўп қаватли уй ва 2,5 мингта ижтимоий соҳа объекти фойдаланишга топширилади. Англаш мумкинки, одамларнинг турмуш фаровонлигига қаратилган ишлар кўлами тобора кен-гайиб бормоқда. 

Бундай фикрлар кеча пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида қурилиш соҳаси ходимларининг касб байрами шарафига ўтказилган тантанали маросимда ҳам алоҳида таъкидланди. Унда соҳа мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари, санъат ва маданият ходимлари, журналистлар иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз қурилиш соҳаси ходимларига йўллаган байрам табригини Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов ўқиб эшиттирди.

Тадбирда қурилиш соҳасини жадал ривожлантириш, тармоқда янги технологиялар ва энергия тежамкор материалларни қўллаш, қурилиш-пудрат ҳамда лойиҳа ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, улар учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини кучайтириш борасидаги ишлар соҳа ривожида янги даврни бошлаб бергани алоҳида қайд этилди.

Президентимиз Фармони билан тақдирланган бир гуруҳ қурувчиларга давлат мукофотлари топширилди.

— Бунёдкорликнинг ҳам ўзига хос завқи бор, — дейди “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, “Дизайн тараққиёт” хусусий корхонаси раҳбари Баҳодир Саматов. — Зеро, қурган иморатларингиздан кимдир фойдаланаётганини, уларда одамлар бахтли ҳаёт кечираётганини кўриб, ҳис этиб, катта ифтихор туйғуларини туясан киши. Биз ҳам жамоамиз билан кўплаб ижтимоий объектлар, уй-жойлар қурилишида иштирок этаяпмиз. Уларни ўз вақтида сифатли қилиб топширишимизда яратилаётган имконият ва шарт-шароитлар аҳамияти жуда юқори. 

Бугун мен учун унутилмас кун бўлди. Камтарона меҳнатларим инобатга олиниб, Президентимиз томонидан тақдирландим. Соҳа вакилларига қаратилаётган эътибор боис бу йил илк маротаба касб байрамимизни нишонлаётганимиз эса кучимизга куч қўшаяпти.  

Қурилиш соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар унинг тараққиётини сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтармоқда. Бунинг самараси эса юртимиз бўйлаб кечаётган бунёдкорлик ишларида яққол намоён бўлаётир. Зеро, бунёдкор халқ ҳеч қачон кам бўлмайди! 

Тантанали тадбир концерт дастури билан ниҳоясига етди.

Дилшод УЛУFМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn