Эзгу ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашнинг таъсирчан механизми
  • 11 Август 2017

Эзгу ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашнинг таъсирчан механизми

Мамлакатимизда сўнгги бир йил ичида ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар суръати жадаллашиб, жамият ҳаётида бутунлай янги муносабатлар жорий этилмоқда. Жумладан, давлат органларининг қонунда белгиланган тартибда фаолият юритишлари ва ўзларига юклатилган вазифаларни виждонан бажариши ҳамда давлат бошқарувида фуқароларнинг бевосита ҳамда билвосита иштирок этиши учун ҳуқуқий-ташкилий механизмлар яратилаётир. 

Бунда, айниқса, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини таъминлаш мақсадида ижро ва вакиллик органларининг биргаликда ягона бир механизм сифатида фаолият олиб боришини ташкил этиш борасида салмоқли ишлар ҳамда ислоҳотлар амалга оширилаётгани диққатга сазовордир.

Айни пайтда Президентимиз алоҳида қайд этганидек, ижро этувчи ва вакиллик ҳокимияти марказий органлари ҳудудларни ривожлантириш, мавжуд муаммо ҳамда камчиликларни аниқлаш, уларнинг ечимига доир амалий ишларни ташкил этиш ёки таклифлар тайёрлаш, ечимини кутаётган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги фаолиятида уйғунликни, ташаббускорликни, функционал вазифаларни бажаришдан чалғимаслик, танқидий таҳлилга асосланган ва пухта ўйланган дастурларни ишлаб чиқиш, аҳолининг ҳаёт сифатига таъсир этаётган ижобий ўзгаришларни муносиб баҳолаш бугунги кунда долзарб саналади.

Афсуски, марказий ва маҳаллий вакиллик ҳамда ижро органлари мансабдор шахсларида ташаббускорликнинг етишмаслиги ҳам бор гап. Бошқарувнинг қотиб қолган усулларига таяниш ҳисобига самарасиз йиғилишлар ва уларнинг якуни бўйича чуқур ўйланмаган қарорларнинг қабул қилиниши ҳам кўзга ташланаяпти. Бу ҳар бир мансабдор шахснинг сергак тортишини, ўз фаолиятини танқидий баҳолашини талаб этади.

Шу каби муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш, қолаверса, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни сўзсиз амалга ошириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилингани долзарб аҳамиятга эга. Ушбу ҳужжатни норма ижодкорлиги соҳасида мутлақо янги ҳужжат, деб аташ мумкин. Чунки шу кунгача, яъни миллий давлатчилигимиз тарихида ижро ва вакиллик органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, айниқса, қуйидан юқорига қадар бўлган ижро ва вакиллик органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахсларининг функционал вазифаларини тартибга солишга қаратилган бундай кенг қамровли ҳамда концептуал ҳуқуқий ҳужжат бўлган эмас.

Маълумки, Президентимиз ҳар бир чиқишида ижро ва вакиллик органларининг мансабдор ваколатли шахслари олдига такрор ва такрор халқ ичига кириб бориш вазифасини қўймоқда. Халқ ичига кириб бориш деганда, барча ишлар рисоладагидек кетаётган жойларга шунчаки бориб келиш назарда тутилмаяпти. Балки чекка ҳамда ижтимоий аҳволи давлат органлари ва мансабдор шахслар назаридан четда қолган ҳудудларга, у ерда яшаётган аҳоли билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиб, жойида ҳал қилишга асосий урғу берилаётир. Агар муаммолар вилоят ёки республика даражасида ҳал қилинадиган бўлса, таклиф ва режали дастурларни тайёрлаш ҳамда масъул мансабдор шахслар тасдиғига киритиш вазифалари қўйилаяпти. Шу ишларнинг ижроси устидан аслида парламент назоратини амалга ошириш имкониятлари жуда кенг бўлса-да, бироқ бу борада самарали механизм йўқ эди.

Эндиликда ушбу қарорнинг қабул қилиниши натижасида юртимизда, авваламбор, ижро ҳокимияти ҳамда вакиллик органларининг жойларда ишларни ташкил қилиши борасида мутлақо янги амалиёт йўлга қўйилади. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларга бўлишни назарда тутадиган мутлақо янги тизим жорий этилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан парламент назоратининг самарали механизмлари амалиётга татбиқ қилинади.

Қарор билан давлат ва жамият бошқаруви янгича, яъни “маҳалла — туман (шаҳар) — вилоят — республика” тамойилига кўра изчил ва узлуксиз бўлган механизм асосида амалга оширилади. Натижада аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш кўлами кенгаяди, қабул қилинаётган қарорлар пухта-пишиқлиги, ҳаётийлиги таъминланади.

Мазкур ҳужжат асосида эндиликда маҳаллий ва марказий ижро ҳамда вакиллик органлари раҳбарлари шахсий жавобгарлиги масаласидаги ноаниқликларга чек қўйилади. Бу эса, ўз-ўзидан, уларнинг вазифаларига масъуллигини оширишга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг ушбу қарорида белгиланган вазифа ва топшириқларни ўқиб-уқиб, ўрганиб чиқиш жараёнида ҳар бир мансабдор шахс, шу жумладан, халқ вакиллари эндиликда нафақат ўзларига берилган ваколатлар доирасининг янада кенгайганини, халқимиз олдида мажбуриятлари янада ошганини теран ҳис қилиши лозим.

Толибжон МАДУМАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари,

юқори палатанинг маҳаллий ҳокимият вакиллик

органлари фаолиятини кучайтиришга

кўмаклашувчи комиссияси раиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn