XS.UZ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Қозоғистон Республикаси мудофаа вазирини қабул қилди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалини ташкил этиш тўғрисида Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида Одамлар ички ишлар органининг ҳар бир ходимида ўз ҳимоячисини кўриши керак Мудофаа вазирлигида учрашув «Кейинги бекат»да ҳаёт манзаралари Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон Инновация имкониятлари кенгаяди Ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарур Ички туризм истиқболлари Экспортчи корхоналар сони кўпаяди Бу галги ҳашар аввалгиларидан фарқ қилади Ноёб ва сара навлар Мирзачўл қовунлари довруғини дунёга ёймоқда Ёш оилалар ва қизлар билан ишлашда янгича ёндашув Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида Президент таълим тизимидаги ислоҳотларнинг бориши бўйича мажлис ўтказди Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди Ижод аҳлига юксак эътибор Мусиқий таълимда ўзибўларчиликка йўл қўйиб бўлмайди Болалик олами Биринчи Президентимизнинг эл-юртимиз равнақи йўлидаги буюк тарихий хизматлари ҳеч қачон унутилмайди Бағрикенглик — тинчлик ва тараққиёт асоси Судьяларга холис баҳо берилади Қаҳрамонлар — орамизда «Ўз билимим билан ўқишга кирдим» Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини
  • 08 Август 2017

Барча эзгу ишлар кўнгил ободлигидан бошланади

Донишманд халқимизда шундай гап бор: “Уйи борнинг ўйи бўлмайди”. Бу  рўзғор бутлиги, кўнгил хотиржамлиги ва фарзандлар камоли учун шахсий тураржойнинг ўрни жуда муҳим эканига нозик ишорадир.

Дарвоқе, халқаро  экспертларнинг хулосаси ҳам бунга ҳамоҳанглик касб этади. Уларга кўра, одамларнинг уй-жой билан таъминланганлик даражасидан қониқиш ҳисси оилавий бахт-саодатга элтувчи асосий омил саналади.
Бугун юртимизда фуқароларнинг уй-жой шароити тубдан яхшиланаётгани, барча шаҳару қишлоқларимизда тураржой қуриш суръати ва кўлами жадаллик билан ортаётгани, аҳоли сони кўпайиб бораётганига қарамасдан, жон бошига тўғри келадиган уй-жой майдони ошаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Мазкур йўналишдаги ислоҳотлар инсонларнинг ҳаётдан розилигини ҳамда эртанги кунига ишончини мустаҳкамлашга сезиларли таъсир кўрсатаяпти.
Бироқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, жойлардаги Халқ қабулхоналари ҳамда сайёр қабулларга тақдим қилинаётган мурожаатларни ўрганиш асносида ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар, жумладан, аёллар, меҳнатга лаёқати чекланган инсонларни қўллаб-қувватлашга доир амалий ишларни янада кучайтириш зарурлиги кўринмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши бу борада яна қатор салмоқли ўзгаришларга замин яратиши, шубҳасиз.
Одамларнинг дарду ташвишини аритиш, уй-жойга эҳтиёжманд ва имконияти чекланган ҳамюртларимизга ёрдам қўлини чўзишдек савобли ишлар шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёзмоқда.
Навоий вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан бошланғич бадал тўлови амалга оширилган 20 та янгиланган намунавий лойиҳадаги уй-жойга, шунингдек, маҳаллий ҳокимлик ташаббуси билан 4 хонадонга эгалик ҳуқуқини берувчи сертификатларнинг топширилиши 24 нафар фуқаронинг узоқ йиллик орзу-истакларини рўёбга чиқарди.
— Бир ҳовлида беш оила истиқомат қилардик, — дейди Навбаҳор туманидаги Қизилтепа маҳалласида яшовчи Рустам Мирзаев. — Ўзим ҳам, турмуш ўртоғим ҳам I гуруҳ ногиронимиз. Ўз уйимиз бўлишини ният қилардиг-у, лекин бу ҳеч қачон ушалмасдек туюларди. Бугун ўша мўъжиза рўй берди... Бундан қанчалик хурсандлигимизни таърифлашга сўз тополмайман.
Тақдир синовларига бардош бериб келаётганлардан яна бири — Сарсенбоевлар оиласи олис Учқудуқ туманининг Шалқар маҳалласида истиқомат қилади. Аниқроғи, шу ҳудуддаги эски савдо дўконидан вақтинчалик бошпана сифатида фойдаланиб, фарзанди билан яшар эдилар. Мазкур оилага ҳам давлатимиз раҳбари номидан уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи сертификат топширилди.
Кармана туманидаги Акмал Ҳамроев болаликдан  ногирон. У II гуруҳ ногирони  Гулмира Ҳамроева билан оила қуриб, 2 фарзандни тарбияламоқда. Албатта, уларнинг ҳам ёруғ истак ва орзулари бир олам. Уларга  намунавий лойиҳадаги уй-жой берилиши ана шу орзулар рўёбининг бир инъикоси бўлди.
— Бу қувончли хабарни эшитиб, кўзимдан ёш қуйилиб келди, тушимми-ўнгимми, дейман, — дейди А. Ҳамроевнинг онаси Меҳринисо ая. — Мен каби кўнгли ярим инсоннинг фарзандлари ва набираларига ғамхўрлик қилаётган давлатимиздан айланай... Айтгандай, келиним Гулмирага “Навоийдонмаҳсулотлари” корхонаси томонидан  тикув машинаси берилиб, касаначи сифатида ишга қабул қилингани айни муддао бўлди.
Сурхондарё вилоятида 32 нафар уй-жойга муҳтож, имконияти чекланган фуқарога Президентимиз  совғаси — янги уй-жойлар тантанали равишда топширилди. Шу муносабат билан ўтган тадбирлар уй тўйларига уланиб, бутун воҳа аҳлига зўр кўтаринкилик бахш этаётир, десак, янглишмаймиз.
— Ўз уйим бўлишини қанчалар кутганимни билсангиз эди, — дейди шерободлик II гуруҳ ногирони Норменгли Жўраев. — Отамнинг кичкина хонадонида 5 оила тиқилиб яшардик. Туман ҳокимлиги томонидан яшаш шароитимиз ўрганилиб, бизга 2 сотихдан иборат 3 хонали уйнинг топширилиши билан армонларим ушалди. Тўнғич ўғлим ҳадемай ўқишни тамомлайди. Насиб қилса, мана шу уйда тўйлар қиламиз. Ишонаманки, давлатимизнинг бизга кўрсатган чексиз ғамхўрлигига жавобан фарзандларим эл-юрт хизматига камарбаста бўладилар.       
Шеробод туманидаги “Узунсой” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи I гуруҳ ногирони Олмахон Абдулалиева турмуш ўртоғи Умарали Бўриев билан фойдаланилмаётган касалхона биносининг икки ҳужрасини бошпана қилиб туришган эди. Унга Президентимиз номидан Тароқли массивидаги 2 сотихдан иборат уч хонали уйнинг калити топшириларкан, Олмахон ҳаяжонини яширолмади:
— Ҳаёт экан, 18 ёшимда касалликка чалиниб, ногирон бўлиб қолдим. Очиғи, умидимни йўқотмай, яхши кунларни кутдим, лекин бундай туҳфани хаёлимга ҳам келтирмагандим. Энди менинг ҳам ўз уйим, Ватан ичра ватаним бор! Икки фарзандим билан уйсиз-жойсиз қолиб, чеккан изтиробларим унут бўладиган кунларга етганим учун шукрона айтаман. Инсонни эъзозлаш, улуғлаш бундан ортиқ бўлмаса керак?! Мана кўринг, бизга берилган уйда бир оила учун нимаики зарур бўлса, ҳаммаси бор. Қизим ва ўғлимнинг бахтиёрлигини айтмайсизми... Менга замонавий тикув машинаси ҳам берилди. Энди ҳам уйли, ҳам касаначилик асосида ишлаб, даромад оладиган бўлдим.
Жарқўрғон туманидаги Янгиобод маҳалласида II гуруҳ ногирони Зокир Тиллаев отасига қарашли икки хонали квартирада турмуш ўртоғи, қизлари, ўғли, келини ва набираси билан яшаб келаётган эди.
— Уй-жой қилиш учун кўп уринганман, аммо имкониятим чеклангани учун ҳаракатим зое кетди, — дейди З. Тиллаев. — Халқ қабулхонасига қилган мурожаатим инобатга олиниб, уй-жойли бўлганимиздан бошимиз осмонга етди. Бугун чинакам бахт қандайлигини юракдан ҳис қилаяпман! Саховатли, бағрикенг инсонлардан бутун оиламиз миннатдор!
Дарҳақиқат, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан янгиланган лойиҳадаги намунавий тураржойларнинг барпо этилаётгани, жумладан, эҳтиёжманд оилалар фаровонлигини, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш имконини бераётир. Бу уйларнинг имтиёзли ипотека кредити асосида узоқ муддатга берилаётгани  алоҳида диққатга молик.
Ўзгалар меҳру мурувватига муҳтож инсонларга унутилмас қувонч улашаётган бундай тадбирлар Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигини муносиб кутиб олиш тараддуди қизғин бораётган шу кунларда бир-бирига уланиб кетмоқда. Ногиронларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани улар ҳаётига янгича мазмун, қалбларига шоду хуррамлик бағишлаяпти. Пировардида оилалардаги қувончдан кўнгиллар обод бўлмоқда. Кўнгил ободлиги, бу — юрт ободлиги.

Темур ЭШБОЕВ,
Илҳом РАҲМАТОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+